Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:37

Махсус хизматлар ўзбекистонликларни қай йўсинда таъқиб қиладилар?


Америкалик эксперт Питер Боргелаис Ўзбекистон махсус хизматлари мамлакатдаги телефон ва Интернетдан фойдаланувчилар фаолиятини асосан Россия технологиялари ёрдамида назорат қилаётганини урғулайди.


Интернет эркинлиги учун глобал ҳаракат бўлмиш Access эксперти Боргелаиснинг ёзишича, Ўзбекистон махсус хизматлари Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар махсус хизматлари каби фуқароларни таъқиб қилиш учун Россияда ишлаб чиқарилган СОРМ (Система Оперативно-Розыскных Мероприятий ёки Тезкор-қидирув тадбирлари тизими) ускуналаридан фойдаланади.

Даставвал КГБ (Давлат хавфсизлик хизмати) томонидан ишлаб чиқилган бу ускуналардан телефон сўзлашувларини тинглаш учун фойдаланилган, бироқ тизимнинг янги версиялари махсус хизматлар таъқиб қилаётган шахсларнинг интернетдаги фаолияти ва телефон орқали амалга ошираётган ишларини назорат қилишда кенг қўлланилади.

Хусусан, Питер Боргелаисга кўра, СОРМ 1 мобил тармоқлар дохил телефон трафигини тутишга ёрдам беради. СОРМ 2 (ёки СОРМович) воситасида эса махсус хизматлар интернет трафигини назорат қиладилар. Шу ўринда Боргелаис СОРМ 2 Марказий Осиё мамлакатларига Россия Ички ишлар вазирлиги дастури орқали тақдим этилганини қайд этади.

Америкалик экспертга кўра, ҳозир устида ишланаётган СОРМ 3 барча алоқа воситаларидан ахборот йиғиш ва узоқроқ сақлаш (3 йилгача) имкониятига эга.

«Марказий Осиёдаги мустабид тузумларга Россия ширкатларидан ташқари Швециянинг TeliaSonera телекоммуникацион компанияси каби ширкатлар ҳам ёрдам бермоқда» деб ёзган Боргелаиснинг қайд этишича, махсус хизматларга хизмат кўрсатиш TeliaSonera ширкатининг бу мамлакатларда фаолият юритишига рухсат берилиши учун асосий шартлардан бири бўлган.

TeliaSonera ширкатининг Питер Боргелаис келтирган ҳисоботларида маҳаллий махсус хизматлар ҳар бир телекоммуникацион ширкат бош биносида ўз офисига эга экани ва шу ердан туриб телефон сўзлашувларини ёзиб олиши айтилади.

Агар ғарб ширкатларига босим ўтказиш, қонун ва мажбуриятларни рўкач қилиш орқали уларни фош қилиш мумкин бўлса, «Россия ширкатлари билан бу усуллар иш бермайди», деб ёзади Боргелаис.

Америкалик экспертга кўра, Ўзбекистонга СОРМ ускуналари ва дастур таъминоти етказиб берувчи ширкатлардан бири Москва ва Нижний Новгородда идораларига эга бўлган МФИ-Софт ширкати бўлиб ҳисобланади.

Бу ширкат СОРМнинг юқорида тилга олинган барча версияларини ишлаб чиқаради. Маълумотларга кўра, МФИ-Софт СОРМович ускуналарини ALOE Systems ширкати орқали Ўзбектелеком миллий операторига етказиб берган.

Боргелаиснинг ёзишича, Россия ширкатлари томонидан тақдим қилинаётган маҳсулотлар электрон маълумотларни тутиб қолиш ва таҳлил қилиш билангина чекланмайди.

Оксиджен Форенсикс ширкати томонидан сотилаётган мобил криминалистика учун жиҳоз ва дастурлар пакети ҳуқуқ-тартибот идораларига мусодара қилинган мобил телефонлардан деярли барча маълумотни олиш имкониятини беради.

Бу ширкатнинг савдо ҳамкорларидан бири бўлган Softline Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ўз ваколатхоналарига эга.

Санкт-Петербургда жойлашган ва нутқ фонограммалари экспертизасига ихтисослашган ЦРТ (Центр речевых технологий ёки Нутқий технологиялар маркази) ширкати ҳам, Access ҳисоботида ёзилишича, Ўзбекистонда фаолият олиб борган.

Юқорида зикр этилган тизимлар (ускуна ва дастурлар) ёрдамида, Питер Боргелаиснинг қайд этишича, Ўзбекистон махсус хизматлари станционар (уй) телефонлар орқали амалга оширилган сўзлашувларни тутиш, интернет трафикни кузатиш, SMS, MMS ва форумдаги ёзувлар каби маълумотларни назорат қилиш ҳамда овоз ва шахсларни автоматик тарзда аниқлаш ишини амалга оширишлари мумкин.

«Уларда мобил алоқани назорат қилиш бўйича ҳам айрим имкониятлар бор», деб ёзади Питер Боргелаис.
XS
SM
MD
LG