Линклар

Турк полицияси мамлакатнинг бир неча йирик шаҳарларида рейд ўтказди ва ўнлаб одамни ҳисбга олди.

TRT давлат агентлиги берган хабарга кўра, давлатга қарши намойишларга алоқадор кўрилган камида 25 киши Анқара, 13 киши Эскисеҳр ва яна кўплаб одам Истанбулда ҳибсга олинган.

NTV турк телевидениеси берган маълумотга кўра, Эрдўғон ҳукумати Тақсимдаги тартибсизликка дўнган намойишларга масъул билган сўлчи сиёсий гуруҳларга алоқадор шахслар қўлга олинган.

Душанба куни Туркия Бош вазири ўринбосари Булент Аринж тарқалишни истамаётган намойишчиларга қарши ҳарбий куч қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бу қарийб уч ҳафтадан бери давом этаётган намойишларга нисбатан ҳабий куч қўллаш эҳтимоли ҳақидаги илк баёнотдир.

Душанба куни Туркиянинг йирик касаба уюшмалари Истанбулнинг Тақсим майдонида намойишчилар полиция томонидан бостирилишга норозилик ўлароқ, бир кунлик умуммиллий иш ташлаш эълон қилган эди.

Мамлакатнинг Ички ишлар вазири ушбу иш ташлашни ноқонуний эканини айтиб, норозилар унинг "ҳуқуқий оқибатларига жавоб бериши"ни таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG