Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:00

Жонли ижро боис машҳур бўлган "Қурбон ўлам”


Uzbekistan - uzbek singer Olmas Olloberganov
Uzbekistan - uzbek singer Olmas Olloberganov
Шу кунларда ўзбек машшоқлари орасида жонли ижро мавзуси мунозара марказига чиқди. Ўзбек қўшиқчилигида овози компютер дастурида парваришланиб, дискка кўчирилган ҳофизларнинг кўпайганидан ташвиш билдирилмоқда.

Тўй ва концертларда бу қўшиқчиларнинг фақат оғзини очиб-юмиб туриши чипта сотиб олган мухлислар норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда ўз қўшиқларини фақат жонли ижро қиладиган ҳофизлар ҳам йўқ эмас.

Шулардан бири 42 яшарлик ҳофиз Ўлмас Оллабергановдир.

Ўлмас Оллаберганов Фузулийнинг “Қурбон ўлам” ғазалини ўзи дутор чалиб жонли ижро қилганидан кейин машҳур бўлди.

Бундан 20-30 йиллар аввал Бухоро яҳудийлари орасидан етишиб чиққан Изро Малахов¸ Абрам Тоймасовлар маромига етказиб куйлаган бу эски қўшиққа Ўлмас Оллаберганов янги тароват бағишлагани эътироф қилинди.

Туркийнинг ўғуз лаҳжасида ғазал ëзган Фузулийга оид бу ғазални жонли ижрода Ўлмас Оллаберганов тилидан эшитган таниқли ашулачи Насиба Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда бу ижро борасидаги ҳайратини яшириб ўтирмади:

-Жонли ижрони жуда соғинибман шекилли. Ўлмас Оллаберганов ижросидан жуда таъсирландим. Менимча санъатни ривожлантирадиган омил бу жонли ижродир¸деди Насиба Абдуллаева.

Ўлмас Оллабергановнинг “Қурбон ўлам” ашуласини ижро қилган илк видеотасвирларни орадан ўн саккиз йил ўтиб қайта томоша қилдим.

1995 йил суратга туширилган концертда "Қурбон ўлам" ашуласи ижро қилиняпти.

Экранда сочлари жингалак ҳушрўй йигит силкиниб*силкиниб қўшиқ айтяпти. Ҳудди қўшиқ сўзлари вулқон ичига қамалган лавадай отилиб-отилиб чиқмоқда.

Кел келей моҳилиқо ҳуснингга қурбон ўлам
Ҳалқаи зулфи паришонинга қурбон ўлам..

дастлаб, секин бошланган ашула мисрама-мисра авжига миниб бораверади.

Оллоҳ севгиси йўлида қурбон бўлиш истаги акс этган қўшиқ обиднинг ориф бўлиш йўлидаги муножоти каби янграйди.

Озодлик билан суҳбатда ҳофиз Ўлмас Оллаберганов бу қўшиқ ўзининг ташриф қоғозига айланганини айтди.

-Ҳар сафар тўйларда ўша қўшиқни сўрашади. Мантиқан фалсафий бу қўшиқни ëшлар ҳам жон қулоғи билан эшитяпти, дейди суҳбатдош.

Ўлмас Оллаберганов Хоразм мумтоз қўшиқчилигини жонли ижро билан давом эттираëтган навқирон вакил ҳисобланади. Хоразм қўшиқчилигидаги асосий мусиқа асбоблари¸ танбур ва дутор чалиш борасида эътироф қилинган уста созанда ҳам ҳисобланади.

Ўлмас Оллаберганов Бухоронинг Когон туманида туғилиб ўсганини айтади:

-Менинг ота авлодим хоразмлик, отам Ҳазораспнинг Питнак туманидан. Она авлодим эса бухоролик. Онам Қоракўлдан. Мен Бухоро вилоятида таваллуд топганман. Ëшлигимдан Хоразм қўшиқлари таъсирида ўсиб улғайдим, дейди суҳбатдош.

Жонли ижро ҳақида сўраганимизда Ўлмас Оллаберганов кўчада кетаëтганига қарамасдан телефонда “Қурбон ўлам”дан бир парчани ижро қилиб берди.

Қадди бастингга тасаддуқ Фузулий қилажон¸
Сийнаю софи шифо бад шунга қурбон ўлам.


Ўлмас Оллоберганов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:05 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG