Линклар

Туркия полицияси Истанбул ва Анқара шаҳарларида махсус рейд ўтказиб, норозилик намойишларига масъул кўрилаётган сўлчи сиёсий гуруҳларнинг провокацияларига алоқадорликда гумон қилинган 90 га яқин одамни ҳибсга олди. Айни пайтда Истанбулда норозиларнинг сассиз намойишлари давом этмоқда.


18 июнга ўтар кечаси Туркия полицияси Истанбул ва Анқара шаҳарларида рейд ўтказди ва сўлчи сиёсий гуруҳларга алоқадор кўрилган шахсларни ҳибсга олди.

Bloomberg телевидениеси берган хабарга кўра, 90га яқин одам норозилик намойишлари чоғида полиция ходимларига нисбатан ҳужум қилганлик ва сўлчи сиёсий гуруҳларнинг провокацион ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинган.



Хориж матбуоти берган хабарларга кўра, полиция ходимлари сўлчиларга тарафдор кўрилган намойишчиларнинг уйи, иш жойи ва намойишчилар тўпланадиган масканларни кўздан кечирган.

Хориж матбуотида бу мазмунда берилаётган хабарлар ортидан баёнот берган Туркия Ички ишлар вазири Муаммар Гулер Истанбулда 62 киши, Анқарада эса 23 киши ҳибга олингани, уларга нисбатан куч қўлланмаганини айтди.

Айни пайтда 17 майдан бошлаб Истанбулдаги намойишлар бошқача тус ола бошлади.

Душанба куни Туркиянинг йирик касаба уюшмалари Истанбулнинг Тақсим майдонида намойишчилар полиция томонидан бостирилишга норозилик ўлароқ? бир кунлик умуммиллий иш ташлаш эълон қилди.

Мамлакат Ички ишлар вазири бу иш ташлаш акциясини ноқонуний эканини айтиб, норозилар унинг "ҳуқуқий оқибатларига жавоб бериши"ни таъкидлаган.

Бундан ташқари, майдонни тарк этмаётган намойишчилар сассиз ва ҳаракатсиз турган ҳолда норозилик билдириш йўлига ўтдилар.

Бу акцияни 17 май оқшомида истанбуллик рассом Эрдан Гундуз бошлаб берди.
У бир жойда 8 соат сассиз-садосиз туриш орқали ўз норозилигини ифода қилишнинг янги йўлини бошлаб берди.

Унинг акцияси полиция томонидан тўхтатилгунига қадар Гундузнинг ёнига яна 300 одам келиб қўшилди.

Полиция норозиларни тарқата бошлаган кезда бўйсунмаган 10 киши ҳибсга олингани хабар қилинди.

Тақсимдаги норозилик намойишларининг янги услуби ҳақидаги хабар эса ўша вақтнинг ўзидаёқ ижтимоий тармоқларда овоза бўлиб кетди.

Тақсимдаги вазиятнинг бу таҳлит тус олишидан сўнг Бош вазир Эрдўғон мамлакатдаги воқелик ҳақида баёнот берар экан, полициянинг Тақсимдаги ҳаракатини қонунга мувофиқ, деб оқлади.

- Биз ҳуқуқий давлатда қилиш мумкин бўлган ишни қилдик. Тақсим майдони ва Гези боғини босқинчилардан тозаладик. Биласизки, улар бу жойларни вайрон қилди. Биз бу ерда яна дарахтларни ўтқазяпмиз, гуллар экяпмиз, деди Туркия Бош вазири Эрдўғон.

Душанба куни Туркия Бош вазири ўринбосари Булент Аринж тарқалишни истамаётган намойишчиларга қарши ҳарбий куч қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бу қарийб уч ҳафтадан бери давом этаётган намойишларга нисбатан ҳабий куч қўллаш эҳтимоли ҳақидаги илк баёнотдир.

Айни пайтда Туркия Адлия вазирининг норозилик намойишлари бобида музокара ўтказиш нияти билан юзланган Европа парламенти ҳамда Европа комиссияси таклифини рад этгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Бунга жавобан ЕИ расмийлари ҳам Туркияга бориши кутилаётган делегациясини жўнатиш режасидан воз кечгани айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG