Линклар

logo-print
Шимолий Ирландияда бўлиб ўтган саммитда “Катта саккизлик” лидерлари Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган Женевадаги халқаро анжуманни имкон қадар тезроқ ўтказишга чақирдилар. Шунга қарамай, айрим манбалар “бу анжуманни август ойидан олдин ўтказиб бўлмаса керак”, дея тахмин қилмоқдалар.

Саммитнинг якуний коммюникесига кўра, Суриядаги ўтиш даври ҳукумати бўйича ҳам умумий қарорга келинган. Ҳужжатда айтилишича, мазкур ҳукумат зиддиятга дохил барча тарафларнинг ўзаро келишуви натижасида тузилиши лозим.

Россия президенти Владимир Путиннинг раъйига қараб, коммюникега Сурия президенти Башар Ассадга дохил ҳеч қандай жумла қўшилмаган.

Саммитдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Путин Россиянинг Ассад режими билан ҳарбий ҳамкорлиги мутлақо қонуний экани ва аҳлоқий меъёрларга зид эмаслигини, исёнчиларга қурол-аслаҳа етказиб бериш эса ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдирди.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон эса, ўз навбатида, Ассаднинг ўтиш даври ҳукуматида иштироки ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини, аммо унинг сафдошлари ва тарафдорлари янги ҳокимиятни шакллантиришда иштирок этиш ҳақида ўйлаб кўришлари мумкинлигини урғулади.

Саммитнинг якуний ҳужжатига кўра, “Катта саккизлик” лидерлари Сурия халқига 1,5 миллиард доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳақида ҳам ўзаро келишиб олганлар.
XS
SM
MD
LG