Линклар

logo-print

Самарадаги портлаш ва ёнғиндан жароҳатланган 11 киши касалхонага ётқизилди


Россиянинг Самара вилоятида жойлашган Чапаевск полигонидаги портлашлар натижасида юзага келмиш ёнғин давом этмоқда. Маҳаллий мутахассисларга кўра, ёнғин камида икки кун давом этиши мумкин.

Сешанба оқшомида қурол-аслаҳа омборида содир бўлган портлашлардан сўнг бу ерда 34 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 11 нафари касалхонага ётқизилган.

Снарядлар портлаётган жойга яқин аҳоли пунктларидан қарийб олти минг киши эвакуация қилинган. Ҳозирда полигон ўраб олингани ва у ерга элтувчи барча йўллар ёпилгани айтилмоқда. Воқеа жойида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар иш олиб бормоқда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Чапаевскдаги полигоннинг очиқ майдонида 122 миллиметрли олти мингга яқин снаряд бор. Бу снаряд портлаганда унинг бўлаклари бир километргача учиб бориши мумкин.

Аввалроқ сешанба куни полигонда снарядларни режа асосида йўқ қилиш чоғида техник носозлик туфайли назоратсиз портлашлар бошлангани, пировардида ёнғин келиб чиққани хабар қилинганди.

Содир бўлган воқеанинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG