Линклар

logo-print

АҚШ маҳкамасида иши кўрилаëтган Қурбоновга янги адвокат тайинланди


АҚШнинг Айдаҳо штатида террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбоновни янги адвокат ҳимоя қиладиган бўлди.


Федерал ҳакам тарафидан тайинланган янги адвокат Чарлз Петерсон гумонланувчи Фазлиддин Қурбонов иши билан танишишни бошлаган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига кўра, янги адвокат Чарлз Петерсон 2 июл куни бўладиган маҳкама мажлисида Қурбонов ҳимоясини таъминлайди.

Фазлиддин Қурбоновнинг олдинги адвокатлари маблағ етишмовчилиги туфайли ўз мижозлари ҳимоясини таъминлай олмасликлари тўғрисида ўтган ҳафта судга ариза киритган эди.

Собиқ адвокатлар бу ариза билан АҚШда давлат бюджети қисқариши боис адвокатлик ширкати маблағ етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар қаршисида қолганини билдиришган эди.

АҚШда чиқадиган Idahopress нашрига кўра, суд томонидан тайинланган адвокатлар Ричард Рубин ва Томас Монагханлар маблағлари чеклангани важидан жараёнда фаолиятларини давом эттира олмасликларини айтиб, маҳкамага мурожаат қилганлар.

Улар АҚШда секвестр, яъни давлат харажатларининг қисқариши оқибатида давлат маблағи эвазига ишлайдиган адвокатлик ширкатининг бюджети 10 фоизга камайгани, келаси йилда яна 14 фоизлик қисқариш кутилаётганидан шикоят қилишган.

Айдаҳо штатида адвокатлар ўрта ҳисобда соатига 125 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишлари айтилади.

Адвокат Ричард Рубиннинг айтишича, 17 май куни ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг иши узоқ давом этиши инобатга олинса, бу кўп маблағ талаб этади.

Терроризм айбловлари билан Бойсе шаҳридаги ўз квартирасида ҳибсга олинган 30 ёшли ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов 17 май куни илк бор маҳкамада ҳозир бўлган эди.

Айдаҳо штатида Қурбоновга террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш каби айбловлар қўйилган.

Юта штатида эса у портловчи модда ясашни ўргатишда айбланмоқда.

Фазлиддин Қурбонов дастлабки маҳкамада ўзига қўйилган айбларни бўйнига олмаган.

Ҳибсга олинишидан олдин ҳайдовчи бўлиб ишлаган Қурбонов 2009 йил августидан АҚШда яшаб келган.

Айдаҳо штати Қочқинлар идорасига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августида қочқин мақомини олганидан кейин Бойсе шаҳрида истиқомат қила бошлаган.

Расмий рақамларга кўра, Айдаҳода 650 чоғли ўзбек истиқомат қилади.

Сўнгги пайтда бир неча ўзбекистонлик Қўшма Штатларда террор ҳаракатларига оид айбловлар билан ҳибсга олинган.

2011 йил 22 ёшли Улуғбек Қодиров АҚШ президенти Обамани ўлдиришга қасд қилганлик айби билан қўлга олинган ва 2012 йил июлида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

2012 йил 21 январида эса жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айбловлар билан Чикаго аэропортида ҳибсга олинганди.
XS
SM
MD
LG