Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:13

Россияда ўзбекистонлик собиқ милиционер ушланди


Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида пора олганлик ва бангфурушликка оид жиноятни яширганликда айбланиб, Ўзбекистон расмийлари томонидан халқаро қидирувга собиқ милиционер ҳибсга олинди.


“Криминальная хроника” нашрининг Канава туман прокурори ёрдамчиси Никита Варламов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Нижний Новгородда полиция ходимлари аввал Самарқанд вилоятининг Ургут туман ички ишлар бўлимида нозир бўлиб ишлаган ва Ўзбекистон расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилган 29 ёшли ўзбекистонликни қўлга олганлар. Айни пайтда “Криминальная хроника” собиқ милиция ходими исмини келтирмаган.

Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган жиноят иши материаллари нусхаларига кўра қўлга олинган милиционер ўз ҳамкасблари билан 2011 йилнинг сентябр ойида Ургут туманининг Ўроқбойжар қишлоғидаги бир ҳовлидан 7 туп наша топган.

Бу иш бўйича уй эгасини жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига милиция ходимлари ундан 7 миллион сўм (расмий курс бўйича тақрибан 3345 АҚШ доллари) пора талаб қилишган.

Уй эгаси уларга 3 миллион сўм бериб, пулнинг қолганини яқин кунларда беришга ваъда қилган. Милиция ходимлари мусодара қилинган нашани машинага ортишиб, номаълум томонга кетганлар.

Кейинчалик бу воқеа сабаб милиция ходимларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг уч моддаси (пора олганлик, жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки яширганлик ҳамда наркотик ёки психотроп моддаларни пуллаш мақсадисиз сақлаганлик) бўйича жиноят иши очилган.

Шундан кейин самарқандлик милиционерлардан бири Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқибидан қочиб, Россиянинг Нижний Новгород шаҳрига келган ва ҳамюртлари орасида паноҳ топмоқчи бўлган.

Порахўрлик ва яна икки жиноятда гумонланаётган собиқ милиционер айни пайтда Нижний Новгороддаги тергов ҳибсхонасида сақланаётгани ҳамда ўзининг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши ва расмийларга топширилиши бўйича Россия Бош прокуратурасининг қарорини кутаётгани айтилмоқда.

“Криминальная хроника”га сўзлаган Канава туман прокурори ёрдамчиси Никита Варламов яқинда маҳаллий полициячилар халқаро қидирувда бўлган бошқа бир ўзбекистонликни ҳам ушлаганини айтиб берган.

Варламовга кўра, “Халқ банки” филиалларидан бирида бошқарувчи бўлиб ишлаган 30 ёшли бу йигит ўз мансабидан фойдаланган ва Ўзбекистон Марказий банки низомини бузган ҳолда фермер акасининг ҳисоб рақамидан 6 миллион 372 минг сўм ўғирлаган ва бу пулни бир танишининг кредитини тўлаш учун сарфлаган.

Прокурор ёрдамчисининг айтишича, мазкур жиноятни амалга оширганидан сўнг банк ходими Россияга кетган ва у ердаги қурилишлардан бирига оддий ишчи бўлиб ишга кириб олган.

Исми келтирилмаётган бу йигитнинг ҳам ҳозирда Нижний Новгороддаги тергов ҳибсхонасида сақланаётгани ва экстрадиция бўйича Бош прокуратуранинг қарорини кутаётгани айтилаяпти.
XS
SM
MD
LG