Линклар

logo-print

Президент Руҳонийга мухолифат раҳбарларини озод қилиш ваъдаси эслатилди


Ҳасан Руҳоний.

Ҳасан Руҳоний.


Эронда 14 июн куни бўлиб ўтган президент сайловларида қатнашган номзодлар олдига мўътадил сайловчилар томонидан қўйилган асосий сиëсий талаблардан бири ҳибсда қолаëтган мухолифат етакчиларини озод қилиш эди. Сайловолди жараëнида Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубий каби таниқли мухолифатчиларни озод қилишга ваъда берган Ҳасан Руҳоний президентликка сайланиши билан бу ваъдасини уддалаш мажбурияти остида қолди.


Эрон ҳибсхоналарида сиëсий қарашлари оятуллоҳлар ҳокимиятига хуш келмагани учун сақланаëтган маҳбуслар анча.

Аммо улар орасида исломий жумҳурият равнақи учун узоқ йиллар хизмат қилиб¸ сўнгра президент Маҳмуд Аҳмадийнажод билан зиддиятга киришгани учун жазоланган Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубийлар номи халқ орасида машҳур.

2009 йилги президент сайловларида Маҳмуд Аҳмадийнажодга рақиб сифатида рўйхатга олиниб¸ Аҳмадийнажод ғалабасини тан олмаган бу икки мўътадил сиëсатчи кейинги икки йил давомида уй қамоғида қолмоқда.

Шунингдек¸ халқни Миср ва Тунисдаги қўзғолонлардан илҳомланиб¸ ўз ҳақларини ҳимоя қилиш учун норозилик намойишига чиқишга даъват қилган Мусавийнинг рафиқаси Заҳро ҳам ўз эри ва Каррубий каби ҳибсда қолмоқда.

Эрондаги исломий сиëсатчилар орасида мамлакат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш заруратини тан олган ва халққа ислоҳотлар ваъда қилган Мусавий ва Каррубийни озод қилиш талаби 2013 йилги президент сайловлари арафасида янада кучайди.

Президентликка даъво қилган олти сиëсатчи орасида нисбатан мўътадил саналган Ҳасан Руҳоний¸ мамлакат хавфсизлик кучларининг жамият ҳаëтидаги роли ва босимини камайтиришни ваъда қила туриб¸ президентликка сайланса¸ бу иккала мухолифатчини озод қилиш ниятини билдирган эди.

Президентликка сайланиши билан ўтказган илк матбуот анжуманида Эрон журналистлари Руҳонийга бу ваъдасини дарҳол эслатиб қўйишди.
Теҳрондаги “Эътимод” газетасининг ўзини Муҳаммад Ҳусайн Меҳрзод деб таништирган мухбири¸ Руҳонийдан билвосита мухолифат етакчиларини қачон ҳибсдан озод этажагини сўради:
- Сиз сайловолди кампанияси давомида кўп маротаба мамлакатдаги полиция муҳитини нормал сиëсий муҳитга алмаштириш ўз мақсадингиз эканини айтдингиз. Мен бу полиция муҳитини кўрсатувчи жиддий бир мисол келтирмоқчиман: Сизнинг 1979 йилги инқилоб етакчилари сафида бўлган айрим сиëсий арбобларимизга нисбатан жорий этилган чекловларни барҳам этишга доир дастурингиз борми? деб сўради Меҳрзод.



Журналистнинг бу саволига жилмайиш билан жавоб қайтарган Руҳоний:

- Муҳитни халқ ўзгартиради. Келишилганига кўра¸ ҳукумат дўстона ва маданий муҳит яратишга масъул. Оллоҳга шукурларким¸ бугунга келиб умумий иқлимни халқ ўзгартирди¸ дея туриб Руҳоний¸ Эрон сиëсий муҳитини ислоҳ қилиш учун вақт лозимлигини таъкидлади:

- Кўп муаммолар фақат президент ва ижроия ҳокимияти хоҳиши билан ўзгармайди. Давлатнинг учала ҳокимияти биргаликда ишлаши керак. Умид қиламанки¸ муҳит ўзгаради ва халқнинг кўплаб талабларини бажаришга имкон берувчи заминга асос соламиз¸ деди Эрон президентлигига сайланган Ҳасан Руҳоний.

Бундай умумий жавобдан қониқмаган мухбир¸ Руҳонийдан: “Сиз халқ талабини амалга ошириш ҳақида ваъда берган эдингиз”¸ дея луқма ташлади.

Бунга кулиб туриб муносабат билдирган Руҳоний: “Мен айтган гаплар нима эди?” дея ҳазиломуз жавоб қайтарди.

Ҳозирча Ҳасан Руҳонийнинг президентликка келгунга қадар берган ваъдалари¸ хусусан сиëсий мухолифат етакчиларини озодликка чиқариш ваъдасини қанчалик амалга ошириши номаълум. Зотан¸ мухолифат лидерлари Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Ҳоманаий буйруғи билан уй қамоғига ташланган ва унинг буйруқни бекор қилишга ҳатто президентнинг ҳам қудрати етмаслиги мумкин.

Айни пайтда¸ Руҳонийга овоз берган эронликларнинг кўпчилиги айнан мухолифат тарафдорлари ва уларга берилган ваъдаларни оқламасликнинг ҳам сиëсий оқибатлари бўлиши муқаррар.
XS
SM
MD
LG