Линклар

logo-print

Президентнинг Жиззах сафарига "обод маҳаллалар" барпо этилди

  • Садриддин Ашур

Президент Каримов хуш кўрадиган намунавий уйлар.

Президент Каримов хуш кўрадиган намунавий уйлар.

Ислом Каримов 19 июн куни Жиззахга, сўнгра Сирдарёга борди. Каримов илк бор вилоятларга вертолётда сафар қилди. Мазкур ташриф арафасида Жиззахда бошланган намунавий уйлар қурилишини амаллаб тугатишга атроф вилоятлардан минглаб қурувчи жалб қилинди ва тонгга қадар ишлатилди¸ деб хабар берди Озодлик манбалари.

Президент келдию кетди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 19 июн куни эрталаб Жиззахга борди. Жиззах вилоят ҳокимияти биноси яқинида яшайдиган жиззахлик Расулжоннинг айтишича, президент бу сафар вертолётда келди:

- Эрталаб вертолёт тўғри ҳокимият биносига келиб қўнди ва икки соатлардан кейин яна учиб кетди. Президент келиб-кетди дейишди, деди Расулжон.



Жиззах вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам Озодлик билан суҳбатда президент қисқа муддатда шаҳарда бўлганини тасдиқлади:

- Президент Жиззахда бунёд этилаётган эркин иқтисодий зона бўйича лойиҳалар билан танишдилар, намунавий уйлар қурилишини бориб кўрдилар. Кейин тезда яна учиб кетдилар, деди ҳокимият мулозими.

Қурувчилар туни билан ишлади

Президент бориб кўрган намунавий уйлар шаҳарнинг Учтепа даҳасида қурилмоқда. Президент келишидан олдин бу уйлар қурилишига жуда катта куч ташланди, дейди жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Мамиржон Азимов:

- Ўтган йилда Учтепа даҳасида 100 та намунавий уй қурилганди. Бу йил яна 50 та қурилаяпти. Президент келгунча битириб кўрсатиш учунми, бу қурилишга жуда катта ёрдам келган. Тошкентдан 250 та махсус қурилиш машиналари келди, чор атрофдаги қурилиш идоралари ишчи ва техникалар билан келган, дейди Мамиржон Азимов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, президент келадиган кун кечаси билан бу қурилишларда иш тўхтамаган:

- Мен кечаси соат 11ларда ўша намунавий уйлар қурилаётган кўчадан ўтдим. Иш қайнаяпти. Камида ўн минг одам ишлаяптиёв. Бир томонда йўлни асфалт қилишаяпти, бир томонда спорт майдончалари қуришаяпти, бир гуруҳи бетон қорияпти, бир гуруҳи чим босаяпти, арча экиб ётишибди, ҳозир шу иссиқда арча кўкарадими? Қурувчилар атроф вилоятлардан экан. 25 тонналик машиналарда асфалт келаяпти. Сўрасам, Тошкент ва Самарқанддан олиб келишаётган экан. Эрта тонгда яна бориб кўрдим. Қурувчилар шунчалик чарчаганки, баъзилари ўтирган жойида ухлаб қолибди, дейди Мамиржон Азимов.

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, президент билан бирга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам келган. Бироқ, бош вазир намунавий уйларнинг қурилишидан норози бўлганини гапирган, деди Ўктам Пардаев:

- Намунавий уйлар қурилишида иштирок этаётган қурувчилардан эшитишимча, Мирзиёев "бу уйлар жуда ҳам сифатсиз қурилган, буларни бузиб қайтадан қурасан" деб, қаттиқ гапириб кетибди, деди Ўктам Пардаев.

Ҳуқуқ фаоли Мамиржон Азимов икки-уч кунда шунча иш бажарилганидан хурсанд бўлганини айтар экан, бироқ шошма-шошарлик билан қилинган ишда сифат бўлмаслигини таъкидлайди:

- Гапнинг очиғи биз, жиззахликлар, бундан хурсанд бўлдик. Президент тез-тез келиб турса яхши бўлар экан, дейишaяпти одамлар. Икки -уч кунда анча обод бўлиб қолди. Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Бу ишлар шунчалик сифатсиз қилиняптики, бир йилдан кейин аҳволни кўрасиз. Битта бетонамешалка мошинни кўрдим, қаердан бу бетон деб сўрасам, Фориш туманидан олиб келаяпман деди. Кузатиб турсам, шундай тупроқнинг устига бетон тўкишаяпти. Ҳа бўл, ҳа бўл, бўлаяптида, деди Мамиржон Азимов.

Озодликнинг Гулистон шаҳрида истиқомат қиладиган манбасидан олинган хабарга кўра, президент Ислом Каримов Жиззахдан сўнг, Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманига келган. Тошкент-Самарқанд автомагистралининг Оқ олтин тумани орқали ўтадиган қисми ёпилгани ва автомобилларнинг Янгиер шаҳри орқали қатнаётгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG