Линклар

logo-print
OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистон олийгоҳларидаги ҳуқуқшунослик факултетлари билан боғлиқ янгиликларни ўрганамиз.

Самарқандлик Нодир исмли муштарий Skype орқали мурожаат қилиб, Самарқанд Давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факултетига ҳужжат топширишни режалаштиргани, бироқ бу режаси амалга ошмаслиги ҳақида гапирди.

“Мен бу йил коллежни битказиб, СамДУнинг “Ҳуқуқшунослик” факултетига ҳужжат топширмоқчи эдим. Лекин бориб суриштирсак, “Бу йил ҳужжат олмаймиз”, дейишди. Умуман “Ҳуқуқшунослик” факултетига талаба олишмас экан. Ўзбекистон бўйича барча “Ҳуқуқшунослик” факултетлари ёпилди, дейишди. Илтимос бу ҳақда маълумот беринг”, дея сўради самарқандлик Нодир.

Самарқанд Давлат университетининг ходими жорий йилда “Ҳуқуқшунослик” факултетига талабалар қабул қилинмаслигини тасдиқлади.

“Бу йил ҳужжат қабул қилмаяпмиз. Кейинги йил ҳам номаълум. Бутун Ўзбекистон бўйича барча “Ҳуқуқшунослик” факултетлари ёпилди. Сабабини билмаймиз. Бизга тепадан шундай буйруқ келди”, деди СамДУнинг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистон Миллий университетида 1997 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Ҳуқуқшунослик” факултетига ҳам бу йил ҳужжатлар қабул қилинмайди.

Бу ҳақда Озодликка университетнинг “Ҳуқуқшунослик” факултети ходимларидан бири маълум қилди.

“Бўлди, энди Ўзбекистон бўйича ҳеч қайси университетда “Ҳуқуқшунослик” факултети бўлмайди. Бизни ҳам ёпишди. СамДУни ҳам ёпишди. Фақат Юридик институт қолди”, деди Миллий университетнинг ўзини таништирмаган ходими.

Ўтган ўқув йилида Наманган Давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факултети ҳам ёпилган эди.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, бу йил мамлакат бўйича фақат учта олийгоҳда ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича ҳужжатлар қабул қилинади.

“Тошкент Давлат юридик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Қорақалпоқ Давлат университетига ҳуқуқшунослик бўйича ҳужжат топшириш мумкин”, деди Олий таълим вазирлигининг ходими.

Бироқ мутасадди нима учун мамлакатнинг бошқа олийгоҳларидаги “Ҳуқуқшунослик” факултетлари ёпилаётганини изоҳламади.

Унинг айтишича, мамлакатнинг барча олийгоҳларидаги “Ҳуқуқшунослик” факултетларида ўқиётган талабалар ўз ўқишларини давом эттириб, ушбу йўналиш бўйича ҳужжат олиш ҳуқуқига эга. Шундан кейин ушбу факултетлар бутунлай тугатилиши режаланган.

Ўзбекистон президентининг 2013-2014 ўқув йили учун олий ўқув юртларига абитуриентларни қабул қилиш борасидаги қарорига кўра, бу йил Тошкент Давлат юритик институтига 450 та, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факултетига 90 та, Қорақалпоқ Давлат университетига юриспруденция йўналиши бўйича 20 нафар талаба қабул қилинади.

Президент қарорига кўра, янги ўқув йилида бакалавр йўналиши бўйича 56607 талаба қабул қилинади. Бундан 19120 нафари давлат гранти асосида, 37787 нафари контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Магистратурага эса 6300 талаба, шундан 1548 нафари давлат гранти, 4752 нафари контракт асосида қабул қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG