Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:09

Ўзбек чегарачиси қирғизистонликни отиб ўлдирди


Фарғона водийсининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари кесишадиган ҳудудларида бу каби кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади.
Фарғона водийсининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари кесишадиган ҳудудларида бу каби кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида рўй берган навбатдаги кўнгилсиз ҳодисада 37 ёшли қирғизистонлик нобуд бўлди. Пайшанбага ўтар кечаси Ҳайдаркон чегара пости яқинида Ўзбекистон чегарачиси Қирғизистон фуқаросини отиб ўлдирган ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум қолмоқда. Қирғизистон ҳукумати ҳодиса юзасидан Ўзбекистонга норозилик нотаси юборди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида бу каби кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади.



Пайшанбага ўтар кечаси Қирғизистоннинг Гулпиён қишлоғида, Ҳайдаркон чегара отрядининг “Марказ” заставасида рўй берган ҳодисада Ўзбекистон чегарачиси 37 ёшли Бақит Тағаевни отиб ўлдирди. Ҳалок бўлган қирғизистонлик беш фарзанднинг отаси бўлган.

Воқеа жойига борган Озодлик мухбирларига кўра, ҳодиса чегара чизиғидан 300 метр ичкарида Қирғизистон ҳудудида содир бўлган. Озодлик мухбири Санжарбек Эралиев ҳодиса тафсилотлари ҳақида буларни гапириб берди.

- Марҳум 37 ëшда бўлган. Қадамжой туманининг Гулпиён деган қишлоғида яшовчи Бақит Тағаев. Унинг ортидан бешта фарзанди қолди. Энг кенжаси 1 ëшда. Конфликтнинг асосий сабаблари ҳозирча тўлиқ маълум бўлгани йўқ. Озодлик радиоси қирғиз хизматининг мухбири Бақит Тоғаев жонини таслим қилган жойга шахсан бориб келди. Қирғизистон ҳудудида ўқ отилганини, чегарадан 300 метрча ичкарида эканлигини айтаяпти у ҳам. Марҳумга ўқ тегиб қон оқиб ëтган жойга шахсан бориб келди, дейди мухбиримиз.

Қирғизистон чегара хизмати вакилларига кўра, отиб ўлдирилган 37 ёшли қирғизистонлик Қадамжой тумани турғуни бўлган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатди.

20 июн куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдулдаев Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчиси Комил Рашидовни чақиртириб, унга норозилик нотаси топширди.

- Ўзбек чегарачиси Қирғизистон фуқаросини отиб ташлагани учун Қирғизистон куч тизимлари томонидан жиноий иш қўзғатди. Жиноий иш инсон умрига ваҳшийларча зомин бўлиш деган модда бўйича қўзғатилибди. Қирғиз ҳукумати бугун Қадамжойдаги воқеа бўйича Ўзбекистонга норозилик нотасини ҳам жўнатди. Нотани Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидовга шахсан топширди. Нотани топшириш пайтида вазир элчига ўзбек аскари Қирғизистон ҳудудига кириб, одам ўлдиргани номақбул эканини билдирган,- дея хабар қилди Озодлик мухбири.

Пайшанба куннинг биринчи ярмида ҳалок бўлган Бақит Тағаевнинг 200га қариндоши ва танишлари Ўш-Боткен йўлини тўсиб қўйиб, қирғиз расмийларидан ҳодисани синчковлик билан тергов қилиш ва Ўзбекистон билан чегара чизиғини аниқлаб олишни талаб қилди.

Боткен вилояти ҳокими Жениш Раззақов билан учрашувда норозилар ҳодисага алоқадор ўзбек чегарачисини жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилишди.

- Ўзбекистон аскарининг ҳаракатига норози бўлган қадамжойликлар бугун бир ярим соатча Қадамжойда норозилик акциясига чиқишди. Улар Ўзбекистонга нисбатан қандайдир ҳаракат қўлланиши керак деган талабни қўйишди. Маҳаллий ҳокимият одамлар билан гаплашгандан кейин тарқаб кетишди,- деб хабар қилди Озодлик мухбири Санжар Эралиев.

Боткен раҳбари бу ҳодисани тергов қилиш бўйича махсус комиссия тузилганини маълум қилиб, қадамжойликларни босиқ бўлишга ҳам чақирди.

Ўзбекистон томони ҳодисани изоҳлаганича йўқ. Озодлик Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан воқеа юзасидан тушунтириш ололмади.

Бугун, 20 июн куни ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари вакилларининг учрашиши кутилаётган эди, лекин ҳозирча учрашув ўтказилгани ҳақида хабар келгани йўқ.

Фарғона водийсининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари кесишадиган ҳудудларида бу каби кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади.

Бу каби воқеа охирги марта 10 июн куни рўй берган эди. Ўшанда Қирғизистоннинг Паски-ариқ ва Тожикистоннинг Сурх қишлоқлари аҳолилари ўртасида ер устида жанжал чиққан эди.

Шу йилнинг январ ойида ҳам Ўзбекистоннинг Сўх эксклави аҳолиси билан Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан жанжалда бир неча ўзбекистонлик ўқ отар қуролдан жароҳатланган эди.

Январ ойидаги воқеа натижасида икки мамлакат ўртасидаги чегара бир ой давомида ёпиқ қолди.
XS
SM
MD
LG