Линклар

Қатарда очилган Толибон идораси АҚШ билан сўзлашувга ҳозир


Толибон ҳаракати воизи Муҳаммад Наим (ўнгда) 18 июн куни Қатарда ҳаракат расмий идораси очилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Толибон ҳаракати воизи Муҳаммад Наим (ўнгда) 18 июн куни Қатарда ҳаракат расмий идораси очилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Айни кунларда афғон толибларининг Қатар пойтахти Доҳада ўз расмий ваколатхонасини очгани халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлмоқда.Озодлик мухбири билан суҳбатда Толибон ҳаракати воизи Муҳаммад Наим¸ бу идоранинг очилиши Афғонистонда 30 йилдан бери давом этаëтган урушга чек қўйишга қаратилган сиëсий жараëннинг бир қисми эканини айтади.

Толибон расмийси билан мулоқот муқаддимасида Озодлик мухбири АҚШ билан музокаралар боши берк кўчада қолаëтган бир пайтда толибларнинг қандай қилиб Қатарда ўз расмий ваколатхонасини очишга муваффақ бўлгани билан қизиқди:

Муҳаммад Наим: Доҳадаги ваколатхонанинг очилиши Исломий амирлик (афғон толибларининг расмий номи – таҳр.) ва Қатар ўртасидаги англашинув асосида амалга ошди. 2011 йилда биз Қатар ҳукуматига мурожаат қилиб¸ мамлакатда Исломий амирлик сиëсий идорасини очишга рухсат сўраган эдик. 2013 йилга келиб Қатар раҳбарияти бу сўровга розилик берди.

Озодлик: Яқинда сиз тез орада Вашингтон билан сўзлашувлар бошланиши ҳақида гапирдингиз. Бу музокараларда нималар муҳокама қилинади?

Наим: Бу Исломий амирлик ва АҚШ ўртасидаги илк расмий сўзлашув бўлади. Шу боис бу сўзлашувларда аниқ бир масала юзасидан гаплашиш ўрнига биз ўз қарашларимиз билан ўртоқлашамиз. Агар музокаралар давом этса¸ уларнинг иккинчи ва учинчи давралари учун аниқ кун тартиби ишлаб чиқилади¸ деб ўйлайман.

Озодлик: Ўтмишда сиз Гуантанамода сақланаëтган Толибон етакчилари озодликка чиқарилмагунча¸ АҚШ билан ҳеч қандай сўзлашув бўлмаслигини таъкидлаб келдингиз. Сиз озод этилишини талаб қилиб келган толиблар ҳозир қўйиб юборилдими?

Наим: Биз бу масалада сўзлашамиз. Ўтмишда Толибоннинг аниқ манзили ва ўтириб гаплашадиган бир идораси бўлмагани учун бу каби масалалар муҳокама қилинмай келди. Аммо энди бу масала сўзлашувларда кўтарилади.

Озодлик: Сиз толиблар исëни ортидаги асосий сабаб Афғонистоннинг хорижийлар томонидан истило қилиниши эканини таъкидлаб келдингиз. Ҳозирда хориж ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш сўнгги босқичга кирди ва мамлакатдаги хавфсизлик учун масъулият афғон ҳукумати қўшинларига ўтмоқда. Сиз курашиб келган муаммо ўз ечимини топдими энди?

Наим: Бутун дунë¸ биринчи галда эса¸ афғонистонликлар хориж ҳарбийларининг ҳали ҳам Афғонистонда қолаëтганини кўриб¸ билиб турибди. Хавфсизлик учун назорат афғон кучларига топширилди¸ дейилаëтганига қарамай хориж ҳарбийлари мамлакатда ҳамон ўз билганларича жанговар амалиëтлар ўтказиб келмоқда. Хориж кучлари мамлакатда қолар экан¸ истило тугади¸ дея олмаймиз.

Озодлик: Қатарда очилган идорангизда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай вакиллари билан билан ҳам сўзлашасизми?

Наим: Ҳа, Қатарда идора очишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам афғонлар билан сўзлашишдир. Исталган афғон биз билан Қатар идорамиз орқали боғланиб¸ гаплашиши мумкин.

Озодлик: Ўтмишда сиз Карзай маъмуриятини “қўғирчоқ режим” деб атаб келдингиз. Бугун сиз Карзай расмийлари билан гаплашишга тайëрмисиз?

Наим: Бизнинг сиëсатимиз аниқ. Бизнингча¸ Афғонистон муаммосининг икки муҳим жиҳати бор. Биринчи ва энг муҳими¸ Афғонистоннинг хориж ҳарбий кучлари томонидан истило қилинганидир. Бу муаммо ҳал этилмас экан¸ биз ички муаммоларни муҳокама қилишдан фойда чиқишига ишонмаймиз. Афғонистон ички ишларини хорижийлар билан муаммоларимизни ҳал қилиб бўлгач гаплашмоқчимиз.

Озодлик: Аксар афғонлар¸ мамлакатда зўравонликлар давом этар экан¸ тинчлик сўзлашувларидан бирор натижа чиқмайди¸ деган ишончда. Сиз бунга нима дейсиз?

Наим: Афғон сифатида¸ халқнинг азобда қолгани бизни ҳам қийнайди. Биз Қатардаги идорани ўз мухолифларимиз муаммони сиëсий жараëн орқали ҳал қилиш истагида эканини таъкидлаганидан сўнг очдик. Бу бизнинг уларга йўллаган таклифимиздир.

Озодлик: Аммо яқиндагина қилган баëнотингизда сиз сўзлашув бошланса ҳам¸ уруш давом этажагини билдирдингиз. Нима учун сиз ўт очишни тўхтатмайсиз?

Наим: Қачонки икки томон музокара столи атрофига ўтирар экан¸ бу масалани муҳокама қилиш мумкин. Ўт очишни тўхтатиш осон иш эмас ва уни бир кечада қилиб бўлмайди. Биз мухолифларимиз билан гаплашиб¸ уларнинг бу борадаги режасини эшитиб¸ сўнгра бу масалани атрофлича кўриб чиқамиз.

Озодлик: Толибон ҳаракати Афғонистонда исломий қонунларни жорий қилишни ўз асосий мақсади деб эълон қилган. Аммо Афғонистоннинг амалдаги конституцияси аллақачон шариат устиворлигини таъминлаб бўлди. Сиз бу борада нималарни ўзгартирмоқчисиз?

Наим: Бу ерда энг муҳим жиҳат суверенитет масаласидир. Кобулда ўтирган жорий маъмурият суверен эмас. Шундай экан¸ улар қандай қилиб исломий қонунларни амалга оширади ва қандай қилиб уларни замона талабига мувофиқлаштира олади? Кейинги 12 йил давомида бу маъмурият халқаро ҳамжамият берган улкан маблағ ва сиëсий ҳамда ҳарбий қўлловга қарамай¸ афғон халқи манфаатларига хизмат қилгани йўқ.

Озодлик: Сиз келажакда Афғонистонда қандай сиëсий тузум ўрнатилишини истайсиз? Сиз Толибон 90-йилларда ўрнатган сиëсий тузумни қайта тикламоқчимисиз ëхуд бу масалада бошқа афғонлар хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашиш¸ улар билан музокара қилишга тайëрмисиз?

Наим: Ўзининг маъруза ва баëнотларида етакчимиз Мулла Муҳаммад Умар барча афғонларни ўз ичига олувчи ҳукумат тарафдори эканини айтиб келмоқда. Бу халқнинг барча намояндалари иштирок этувчи бир ҳукумат бўлмоғи лозим. Бундай ҳукумат афғонларга ўзининг барчага бирдек ҳукумат бўлиши ҳақида умид берувчи ва Афғонистоннинг ана шу халққа бирдек қарашли эканига ишонтира олувчи ҳукумат бўлиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG