Линклар

Ўзбекистонлик аёл Америкада асоссиз ҳибсда ушлаб турилди. Тошкентда катта маблағ ўмарган уй-жой ширкати раҳбари қўлга олинди. Сурхондарёдаги шаршара “эшитади” ва “куйлайди”. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Самарқанд вилояти ҳокимлиги электрон мурожаатга эътиборcиз”

Самарқанд вилояти ҳокимлигига www.samarqand.uz расмий сайти орқали “Адолат” газетаси томонидан ёзилган мурожаат 1,5 ой давомида эътиборсиз қолдирилган. Сиёсий нашр Ургутдаги Ипакли қишлоқ врачлик пунктига тегишли ҳудуднинг бир қисми туман ҳокимлиги олиб қўйгани юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган. Гарчи сайт орқали “Кўриб чиқилган ва жавоб берилган” деган умумий қолипдаги жавоб берилган бўлса-да, аслида, электрон мурожаатдан натижа бўлмаган. Газета ёзма ёки оғзаки мурожаат каби электрон мурожаатга ҳам мутасадди ташкилотлар зудлик билан жавоб бериши зарурлигини эслатади. “Давлат бошқаруви ташкилотларининг очиқлиги, шаффофлиги ҳақида кўп бора тўхталинаётган бир пайтда вилоят ҳокимлиги сайтида “жавоб бердикми, бердик” қабилида иш тутилгани, масала юзасидан бирон бир таҳлилий-тадрижий маълумот берилмагани фуқароларимизда таажжуб уйғотмайдими?” мутасаддиларни саволга тутади нашр.

“Ўзбекистон фуқароси Америкадан ноқонуний депортация қилинди”

Америкага борган Ўзбекистон фуқароси Шоҳиста Шомансурова ноқонуний равишда депортация қилинди (“Даракчи”, 20 июн). “B1/B2” шаклидаги визага эга бўлган Шомансурова жорий йил 21 апрелда Нью-Йоркка учиб борган. Газетага кўра, Америка чегара хизмати нозирлари Шомансуровани асоссиз равишда ушлаб туришади, аёлни ошкора камситишади. Шоҳистани адвокат ва таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уни Нью-Жерси штати турмасига, эртаси куни эса ноқонуний мигрантлар лагерига юборишади. Бир ҳафтадан зиёд ушлаб тургач, уни Ўзбекистонга қайтариб юборишади. “Ҳар ойда Америка ҳукумати томонидан ноқонуний муҳожирларни депортация муддатига қадар тутиб туриш учун маълум муддатга пул ажратилади. Аниқки, миграция хизмати ходимлари ўз чўнтакларини қаппайтириш мақсадида тутқунларни атайин узоқ муддат тутиб туришга ҳаракат қилишади... Америка қамоқхоналарида эса ҳеч қандай сабабсиз ва асоссиз тутиб турилган маҳбусларни истаганча учратиш мумкин” деб ёзади газета.

“Наманганда падаркуш узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди”

Наманганлик Бозорбой Маҳамадаминов отасининг жонига қасд қилди (“Диёнат”, 20 июн). Қотилликка маълум маънода оиладаги иқтисодий танглик сабаб бўлган. Электрдан қарз кўплиги сабабли хонадон тармоқдан узиб кетилади ва уй эгалари бир ҳафта электрсиз қолади. Ваҳобжон ота “ишёқмас, ношуд ва нотавон” ўғлидан жиддийроқ ҳаракат қилиб, электрни улатишни талаб қилади. Ғазаб отига минган ўғил отасини чавақлаб ташлайди. Падаркуш ўғил узоқ йилга озодликдан маҳрум этилган. “Уйида эса… яқинда чақалоғини бағрига босишни, турмуш ўртоғига оталик бахтини тортиқ этишни орзулаб ўтирган тўққиз ойлик келинчак бўзлаб қолаверди. Ҳам эридан, ҳам фарзандидан айрилган онанинг изтиробларини ҳам таърифлашга сўз жоиз” деб ёзади Наманган тумани прокуратураси терговчиси Воҳиджон Нишонов.

“Депутатларга журналистларни тантанали кечаларга камроқ таклиф қилиш уқтирилди”

Айрим расмий ташкилотлар депутатларнинг расмий сўровларига лоқайд муносабатда бўлмоқда (“XXI аср”, 20 июн). Шу билан бирга, минг-минглаб сайловчи ишончини қозонган ва улар номидан иш кўраётган депутатлар ҳам фуқаро арзига масъуллар эътиборини қаратиш борасида қонуний имконият ва ваколатларидан етарли фойдаланмаётир.

Партия нашрига кўра, депутатлар фуқароларнинг талабига бефарқ, қонун талабини бузаётган мутасадди раҳбарларга муросасиз бўлмоғи лозим. “Айрим депутатларимиз матбуот вакилларини қандайдир тантанали хайрия кечаларига чақириш ўрнига, ана шундай қизғин баҳс-мунозара, электорат манфаати билан боғлиқ жараёнларга жалб этсалар, фойдалироқ бўларди, дегинг келади. Бундан, энг аввало, сайловчи, электорат вакилларига кўпроқ наф тегарди” деб ёзади “XXI аср” нашри.

“Уй-жой ширкати директори катта миқдордаги маблағни ўмарган”

Тошкентдаги “Cобир сервис коммунал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати директори У.Қосимов ширкат маблағларини ўзлаштириш айби билан қўлга олинди (“Истеъмолчи”, 20 июн). Бош прокуратура ҳузуридаги департамент катта тафтишчиси Элмурод Камоловга кўра, Қосимовга маблағларни ўзлаштиришда ширкат ҳисобчи С.Фомин ёрдам берган. “Бу ҳамтовоқлар ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан текин бойлик орттиришга беҳад ружу қўйишди. Шу мақсадда ширкатга қарашли уйларда яшовчи фуқаролардан ойлик коммунал тўловларни нақд пулда йиғиб олиб, ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишга одатланишди” дея вазиятни изоҳлайди департамент расмийси.

“Сирдарёда қизчаларнинг сирғаларини ўғирлаган аёл қўлга тушди”

Сирдарё вилояти Сардоба шаҳарчасида ўндан ошиқ мактаб ўқувчисининг қулоғидаги сирғасини тортиб олган Соҳибахон Шералиева қўлга тушди (“Адолат кўзгуси”, 20 июн). Ўқувчи қизларнинг тақинчоқларини ўмариб кетаётган жиноий гуруҳ ҳақидаги хабарлар шаҳарчада бир неча ой давомида шов-шувга сабаб бўлган. Тафсилотларга қараганда, Шералиева Сардоба шаҳар маданият уйи олдида ўндан ошиқ ўқувчи қизни алдаб, четга олиб чиққан ва пичоқ тираб тилла сирғаларини тортиб олган. Жиноят ишлари бўйича Оқолтин тумани суди босқинчилик, талончилик ва ўғриликда айбланган С.Шералиевани 5 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этган.

“Газ ўлчагичларни текшириш тартиби тушунтирилди”

Хонадонлардаги газ ўлчагичларни текшириш даври “Ўзстандарт” агентлиги томонидан белгиланади (“Ҳуррият”, 19 июн). Тошкент шаҳар газ таъминоти бошқармаси Яккасарой тумани филиали раҳбари Алишер Бекмуродовга кўра, туман газлаштириш идораси вакили хонадон эгасининг газ ҳисоблагичини акт ёзиб, уланган жойидан ечиб беради. Фуқаро шу акт билан “Ўзстандарт” агентлигига мурожаат қилади. Агентлик ҳисоблагични етти кун ичида текширувдан ўтказиб, тўрт йилга сертификат бериши лозим. Ушбу сертификат асосида туман газ идораси вакили ҳисоблагични қайта ўрнатади.

“Ўзбекистондаги ягона шаршара “қўшиқ айтади”

Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Сангардак шаршараси Ўзбекистонда ягона шаршара ҳисобланади (“Экоолам пресс”, 21 июн). 100 метрдан зиёд кесма тоғнинг тик қоясидаги ёриқдан отилиб тушадиган шаршара ёнида авлиё зотнинг рамзий қабри бор. Газетанинг ёзишича, Сангардак шаршарасининг суви гапиради, эшитади ва кўради. Шунинг учун ҳам шаршара муқаддаслаштирилган, табаррук авлиё номи билан боғланган. Шаршара ёнбағрида нодир туғдона дарахти ўсади. “Туғдона – байроқ дарахти баргидан тортиб шохларигача зуваласи тошда қорилгани учун мустаҳкам темир дарахт. Уни тоғликлар азал-азалдан муқаддас дарахт деб билади” деб ёзади газета.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG