Линклар


Ўзбекистонда мамлакат аҳолисини халқаро андазалар асосида ҳозирланаëтган биометрик паспорт билан таъминлаш жараëни давом этар экан¸ фуқароларнинг кирилл алифбосидан лотинга ўтказилганда жиддий хатолар билан ëзилган исм ва фамилиялари айнан кўчирилаëтгани кузатилмоқда.

"Жамият ва қонун"га тайёргарлик кўрар эканмиз, аввало, ўрганмоқчи бўлганимиз мавзуда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз нималар ёзганига қизиқдик.

Ҳамкасбимиз умиди

Бундан 3 йил муқаддам Тошкент молия институтининг “Молиячи” газетасида ёритилган бир мақола муаллифи мана бу саволни ўртага ташлаган эди:

“Яқин йилларда мамлакатимизда паспорт тизимининг янги шакли – биопаспорт жорий қилиниши назарда тутилмоқда. Эҳтимол, биз юқорида санаб ўтган нуқсонлар шу жараёнда ҳал этилар ёки биопаспортга ҳам эски ҳаммом, эски тос қабилида ўзбекона маънодан йироқ исм-шарифларни мана кўрдингизми, дегандек ёзиб қўяверамизми?”

Бу савол устида ўйланган муаллиф Фармон Тошевнинг мақоласи ёритилган газета кичкина бўлгани билан, унда кўтарилган масала, аслида, Жуда Катта – миллат шаънини ўйлайдиган ҳар бир ўзбекни қийнаб келаётган масалалардан биридир.



Масаланинг моҳияти мақоланинг сарлавҳасиданоқ кўринади: “Мен “Алмазбек”, отам “Атаджон”, бобом “Батыр”.

Ўзбекча исм-фамилияларни ўзбек тили орфографияси қоидаларига мос ёзиш учун сиёсий шароит пайдо бўлганига қарамай Совет даврида шаклланган ғализликлардан миллат қутула олмаётганидан ташвишларини тўкиб солган муаллиф кутган вақт ҳам келди: Ўзбекистонда биометрик паспортлар берила бошлади.

“Янги ҳаммом”даги “эски тос”лар

Озодликка ўзбекистонликлардан келаётган хатларга қараганда, мақола муаллифи хурсанд бўладиган ҳолат юз бермади. Унинг ўзи ёзганидай “эски ҳаммом, эски тос қабилида ўзбекона маънодан йироқ исм-шарифларни мана кўрдингизми, дегандек” ёзиб қўявераяптилар.

Боз устига ёзув ўзгариши – кириллдан лотинга ўтиш жараёнида эски хатолар ёнига янги хатолар қўшилаётганга ўхшайди.

Масалан, Озодликка мурожаат қилганлардан бири ўз мактубида мана бундай ёзди:

“Кирилл ёзувидан лотин ёзувига (исмлар) ўгирилаётганда жуда қизиқ ҳолатга дуч келинмокда. Масалан, Райҳон, Жаҳонгир, Адҳам исмлари Rayhon, Jahongir, Adham ўрнига Raykhon, Jakhongir, Adkham тарзида, Каримбоев, Ризаев, Алиев каби фамилиялар эса инглиз ёзувида Karimboev, Rizaev, Aliev тарзида тўғри ёзилса-да, бироқ лотин ёзувида Karimboyev Rizayev, Aliyev тарзида ёзилмоқда. Мазкур ҳолат эса фамилияларни кириллчада Каримбойев, Ризайев, Алийев тарзида ёзилгани билан баробар. Бу эса жуда катта қўпол хато бўлиб, мамлакат обрўсининг топталишидир. Маълумки, фукаронинг паспорти ўша мамлакатнинг юзи ҳисобланади”.

Бошқа гапларга ўтиш олдидан шуни айтиб қўйишимиз керакки, бу ўзбекистонликнинг ўзи хато қилганга ўхшайди. uzlawyer.com сайтида эълон қилинган транслитерация қоидаларига биноан “Агар Е ҳарфи сўз бошида ёки сўз ўртасида унлидан кейин келса, лотин ёзувида YE ёзилади. Агар Е ҳарфи сўз ўртасида ундошдан кейин келса, лотин ёзувида Е ёзилади”.

Демак, бу хатда келтирган фамилиялар паспортнинг ўзбекча бетида Karimboyev Rizayev, Aliyev тарзида тўғри ёзилган бўлиб чиқади. Лекин бу дегани ҳужжат тўлдирувчи амалдорлар транслитерация қоидаларига ҳар доим амал қилаяпти, дегани змас. Ҳозиргина ҳамкасбларидан бири қизининг ҳужжатини кўрсатди. Унинг фамилияси “yeva” билан эмас, балки “eva”, билан ёзилган.

Мутахассис билан суҳбат

Кўпчиликни ташвишга солаётган масала юзасидан фуқаролар ҳужжатларини расмийлаштиришга масъул бўлган мамлакат миқёсидаги бир идоранинг мутахассисига бир қатор саволларимиз билан мурожаат қилдик (суҳбатдошимиз идора номини ва ўз исмини айтмаслигимизни сўради).

Озодлик: Исмларни янги паспортга ëзишга доир бирон-бир қўлланма борми? Чунки кўплаб ўзбекистонликлар “Янги паспортга ўтганда исмларимиз бузилиб қолаяпти”, деяпти.

Мутахассис: Қўлланма эмас, Президент фармони бор. 4262-чи фармон.
Шу фармон билан паспорт тизими тўғрисидаги йўриқномамиз тасдиқланган.

Озодлик: Фармонда исмларни кириллдан лотинга кўчириш қоидалари айтилганми?

Мутахассис: Йўқ, у фармонда кўрсатилмаган бу қоида. Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус стандарт қабул қилинган 2011 йилда. Ўша ҳужжатда кириллдан лотинга кўчириш тартиби белгиланган.

Озодлик: Муомаладаги ўзбекча исмларнинг ҳаммаси алоҳида-алоҳида тушунтирилганми ëки умумий қоидалар айтилганми?

Мутахассис: Йўқ. Ҳарфма-ҳарф тушунтирилган. Муаммо қайси исмда мисол учун?

Озодлик: Муаммо, айтишларича, юмшоқ ва қаттиқ “х”ларни кўчириш масаласида. Шунда чалкашликлар бўлаяпти, дейди.

Мутахассис: Йўқ, йўқ, қаранг. Мен ҳозир сизга тушунтираман. Юмшоқ “ҳ” билан қаттиқ “х”да муаммо бўлиши мумкин эмас. Сабаби юмшоқ “ҳ” учун ҳам, қаттиқ “х” учун ҳам лотинда алоҳида-алоҳида ҳарф кўрсатилган. Ҳ учун Hh, Х учун Хх.

Озодлик: Тўғри. Буни биламан. Лекин керакмас жойда “k” қўшиб қўяётганларидан ташвиш қилишаяпти.

Мутахассис: Паспортнинг инглизча бетида “k” қўшилади, тўғри. (Инглиз алифбосидаги “h” ҳарфи ифодалайдиган товуш ўта юмшоқ бўлгани учун ўзбекча “х” инглизчада “kh” бирикмаси билан ифодаланади – таҳр.) Бу бошқа масала. Паспортимизнинг иккинчи бети - расмли бети халқаро бет дейилади. Халқаро ИКАО (International Civil Aviation Organization-таҳр.) ташкилоти бор. 2010 йилдан бошлаб аслида биз ўтишимиз керак эди биометрикка. Сал кечикканмиз. Ўша ИКАО ташкилотига аъзо бўлганимиз учун иккинчи бетидаги стандарт дунë стандарти. Халқаро стандартда инглиз тилида ëзилади. Инглиз тилида транслитерацияси ИКАО стандарти бўйича қилинган. Бизнинг стандарт эмас. Фақатгина баъзида олдинги паспортларда “х” бўлиб ўша асосида чет элда виза олган бўлса, чет элга чиқаëтган бўлса, унда муаммо бўлиши мумкин бўлади. Шунинг учун олдинги паспортига мослаб тўғрилаб бериш мумкин.

Озодлик: Кирилл ëзувида ëзилган туғилганлик гувоҳномаси билан лотин ëзувида ëзилган паспортдаги исм орасида фарқ бўлиб қолса, кейин муаммо чиқмайдими?

Мутахассис: Йўқ, проблема бўлиши мумкин эмас. Фарқ бўлиши мумкин эмас, аниқроғи. Биз паспортга ëзувни метрика асосида киритамиз. Метрикадаги ëзувни киритамиз. Метрикада хато ëзилган бўлса ҳам метрикасига тўғрилаб нуқтасини нуқтасига қўйиб ëзамиз. Агар метрикада хато бўлса, унда метрикани ўзгартириш керак бўлади.

Озодлик: Совет даврида жуда кўп ўзбекча исмлар бузиб ëзилган. Бузилган исмларни тўғрилаб бўладими?

Мутахассис: Бўлади. Фақат, боя тушунтирдимку, фуқароларнинг маълумотларини ëзишимиз учун бизга асос - метрика. Махсус қонун чиқарилган. ЗАГС ходимларига бориб мурожаат қилса, ЗАГС ходимлари ариза олиб қоладида, мана шунақа ҳолатларни инобатга олиб, исми ўзгартирилган ҳолатда янги метрика беради.

Озодлик: Ҳар бир фуқаронинг ўзининг масъулиятида эканда демак-а бу масала?

Мутахассис: Ҳа, агар хоҳласа. Чунки хоҳишда бу. Иродасига боғлиқ. Балки ўша исм унга ëқади, балки ëқмайди. Давлат тили тўғрисидаги қонунда “Ўзбекистонда яшовчи ҳар қандай шахс ўзининг исмини, фамилиясини ўзининг анъаналарига мос равишда қўйиши мумкин”, дейилган. Шунинг учун ўша нарсани инобатга олиб, ЗАГСга мурожаат қилса, ЗАГС уларга метрика алмаштириб беради. Ўша янги метрика асосида янги тўғриланган исмли паспорт берамиз.

Мутахассис билан суҳбатни шу жойда узамиз.

Тинглаганларимиздан баъзи муҳим жиҳатлар аён бўлди:

а) фуқаролик ҳужжатларига исм-фамилияларни ёзиш тартиби давлатнинг махсус ҳужжатлари билан белгилаб қўйилганки, агар уларга қатъий риоя қилинса, хатога йўл қўйилмайди;

б) исм-фамилия имлосида йўл қўйилган хатони тузаттириб олишга фуқаро ҳақли;


Sex муаммоси

Маълумки, кирилл ёзувидаги “ц” ҳарфи лотин ёзувида “s” билан берилади ва натижада “цех”нинг “sex”га айланиб қолганидан кулмаган ўзбекни топиш қийин.

Биометрик паспортларнинг ўзбекча варағи лотинда ёзилар экан, ёзуви таркибида “ц” ҳарфи мавжуд исм-фамилиялилар норози бўлмоқда.

Масалан, куни кеча сайтлардан бири мисол тариқасида “Цуканов” деган фамилиянинг “Sukanov” (Суканов) бўлиб қолганидан (яъни “Цука” “Сука”га айланиб қолганидан) кулди.

Мутахассис билан суҳбатимизни шу масалада давом эттирдик.

Озодлик: Энди ўрисларга оид савол. Максим Николаевич Цуканов...

Мутахассис: Бу масалани тушундим. Давом эттирмасангиз ҳам бўлади. “Ц” ҳарфида муаммо тўғрими?

Озодлик: Ҳа.

Мутахассис: “Ц” ҳарфи билан боғлиқ муаммо бор. Бу масалада Фанлар академиясига, Олий таълим вазирлигига чиққанмиз. Ҳозирда давлат стандарти бўйича “S” ëзилади ўзбек тилида “Ц” ҳарфи бўлмагани учун. “S” дан олдин “T” ёзилса тўғри бўлади. Энди бу тартибни тасдиқлаш учун, Олий таълим вазирлигига, Фанлар академиясига юкланган экан бу вазифа олдин, шунинг учун бу иккаласига бу масалада чиққанмиз. Бу тартибни тасдиқлаш тасдиқламаслиги энди ҳозир вақт масаласи. Энди бу паспортнинг ўзбек томонида. Ўзбек тилида бўлгандан кейин фақат Ўзбекистон республикаси ҳудудида ишлайдида айнан “S” билан ëзилган томони. “S” бўлади ўзбекчасида, “Ts” бўлади инглизчасида.

Чингачгук, Брюс Ли деган ўзбек йигитлар

бор эканлигини билдим яқинда. Биз ёзгандай бўлса ҳам майлийди. “Чингалчук”, деб ёзибдилар бир йигитнинг паспортида.

Ота-онасининг оний ҳаёжони маҳсули бўлган бундай исмлардан сақланишнинг иложи йўқми?

Мутахассис билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Мавзуга тайëрланар эканман, бир-иккита мамлакатлар тажрибасини ўргандим. Баъзи давлатларда исмлар реестри бўларкан. Ўша реестрдан ташқари исм қўйиш мумкин эмас экан. Ўзбекистонда ҳам шунақа исмлар рўйхати борми?

Мутахассис: Бизда, ҳали қонунни айтдимку, адашмасам давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 14- ëки 15- моддаси, айнан кўрсатиб ўтилган. Ҳар ким миллати, дини, ўрис бўладими, ўзбек бўладими ўзининг миллати, анъанасига хос ҳолда ëзиш мумкин. Биз реестр тузиб қўйсак, унинг анъанасига тўғри келмаса, унинг ҳуқуқини чеклаб қўйган бўламиз.

Озодлик: Масалан, Чингачгук, Брюс Ли деган исмлар қўйган ўзбеклар бор экан. Агар отаси хоҳласа қўяверадими?

Мутахассис: Ҳа. Бу шахсий ишку. Фарзанд 16 ëшга тўлганда агар эътирози бўлса, унда худди ўша бояги тартиб. ЗАГСга мурожаат қилади. Ўзининг хоҳишига қараб ўзгартииши мумкин.

Фуқаролар ҳужжатларини расмийлаштиришга масъул бўлган мамлакат миқёсидаги бир идоранинг мутахасиси билан сҳбатлашдик.

Демак, Ўзбекистонда ким қандай хоҳласа, шундай исм танлаб олса бўлаверади. Чеклов йўқ. Ҳатто,

исмингизни бузиб, хато билан ёздириб олсангиз ҳам бўлади

Ҳар ҳолда Фарғона вилоятидаги ФҲДЁ бўлимларидан бирининг ходими билан суҳбатдан шундай хулосага келдик.

Озодлик: Сизлар туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ëзасизларку? Шунга исмни ким нима деб айтса, ëзиб қўяверасизларми ëки қандайдир бир қоидалар, китоблар, йўриқномалар борми?

ФҲДЁ ходими: Нимасини? Исми, фамилияси, отасининг исминими?

Озодлик: Ҳа.

ФҲДЁ ходими: Йўқ, ëзавермаймиз. Исмни сўраса, ëзишимиз мумкин.

Озодлик: Масалан, Музаффар деган исм. Шуни “МузаППар” деб ëзиб беринг деса, “МузаППар” деб ëзиб бераверасизларми?

ФҲДЁ ходими: Агар паспортида Музаппар бўлса, паспортда шунақа қилиб ëзинг деса, бизга туғилганлик гувоҳномасини олиб келадику, ўшанинг орқасига тушунтириш ëзиб беради “паспортим бўйича ëзиб беришингизни сўрайман” деб. Шунга асосан ëзиб беришимиз мумкин. лекин ўзимиздан ўзимиз унақа қилишга ҳаққимиз йўқ.

Озодлик: Чақалоқнинг исмичи? Янги исм.

ФҲДЁ ходими: Масалан?

Озодлик: Ҳозир сиз отанинг исмини айтдингизда-а?

ФҲДЁ ходими: Ҳа.

Озодлик: Мана, чақалоққа гувоҳнома бераяпсизлар. Музаппарнинг ўғли Мансур ëки Зокир. “Зокир” деб ëзилса, ўзбекча тўғри бўлади. Лекин “ЗАкир” деб ëзиб бер десачи?

ФҲДЁ ходими: Уни ҳам агар ота хоҳласа, шунақа қилиб тушунтириш ëзиб беради-да тиббий маълумотноманинг орқасига.

Озодлик: Сизларда исмларнинг ёзилишини тартибга солувчи йўриқнома йўқми?

ФҲДЁ ходими: Китоб бор. Масалан, Меҳрноз деган исм бор китобда. Кеча биттаси келиб “Меҳриноз” қилиб ëзасиз, деди. Ўзи “Меҳриноз” дегани йўқ экан. Ўша бола орқасига тушунтириш ëзиб берди “Меҳриноз” деб ëзиб беришингизни сўрайман деб. Айтгандай ëзиб бердик. Лекин биринчи тушунтирамиз қонунга кўра деб.

Демак, МузаФФарни МузаППар, ЗОкирни ЗАкир, Меҳрнозни МеҳрИноз, деб ёздириб олсангиз бўлаверар экан, Ўзбекистоннинг қонунлари шунга йўл қўяр экан!

Э, қонун ҳам ҳар нарса бўлсин-е, деворгингиз келади шундай пайтда!
Ҳар нарсада тартиб бўлишини истайдиган, тартибни ҳар нарсадан устун қўядиган Ўзбекистон ҳукуматининг шу масалада бирдан либерал бўлиб қолганини тушуниш қийин!

Ўрисча қўшимчали мустақиллик

МузаФФарни МузаППар, ЗОкирни ЗАкир, деб ёзишга кўнаверадиган қонун ўзбеклар фамилияларидаги русча ”ов”, ”ова”, ”ев”, ”ева” қўшимчаларидан воз кечишга рухсат бермасмиш. Ҳар ҳолда ФҲДЁ бўлими ходими шундай деди:

Озодлик: Айтайлик, мен Эшмат Тошматовман. Ўғлимга исм қўймоқчиман Музаффар деб. Музаффар Тошмат, деб ёздирсам бўладими? Фамилиясидан “ов”ни олиб ташламоқчиман. Бўладими шунақа қилсам метрика олаëтганимда ўғлимга?

(бу саволга суҳбатдошимиз мустақил жавоб беришга қийналди ва бошлиғи билан маслаҳатлашиб олди)

ФҲДЁ ходими: Мумкин эмас экан бунақа. Ҳали ҳеч ким бунақа қилгани ҳам йўқ-да.

Озодлик: “Вич”лардан воз кечилган-а?

ФҲДЁ ходими: “Ўғли”, деб ёздириш мумкин. “Ўғли” ни қайта “вич”га айлантириш мумкин.

Озодлик: Лекин “ов”дан воз кечилмаган?

ФҲДЁ ходими: Ҳали кечишгани йўқ.

Суҳбатдошимиз - Фарғона вилоятидаги ФҲДЁ бўлимларидан бирининг ходими ўзбеклар фамилияларини русча ”ов”, ”ова”, ”ев”, ”ева” қўшимчаларисиз ёзиш мумкин эмас, дер эканлар, юмшоқроқ айтганда, адашаяптилар.

Фикримизча, мумкин.

Биринчидан, биринчи суҳбатдошимизнинг “Давлат тили тўғрисидаги қонунда “Ўзбекистонда яшовчи ҳар қандай шахс ўзининг исмини, фамилиясини ўзининг анъаналарига мос равишда қўйиши мумкин”, дейилган”, деган гапини эсланг.
Қолаверса, шу масалага оид бошқа меъёрий ҳужжатларни эринмай ўрганиб чиқинг. Биронта ҳужжатда ҳам тополмайсиз “ўрисча қўшимчаларсиз фамилия ясаб бўлмайди”, деган гапни.

Иккинчидан, шу пайтгача биронта ҳам ўзбекистонлик армани, гуржи ёки латишнинг фамилияси ўрисчалаштрилгани ёки ўзбекчалаштрилганидан шикоят қилгани тўғрисида хабар пайдо бўлмаган. Акопян Арманистонда ҳам Акопян, Россияда ҳам Акопян, Ўзбекистонда ҳам Акопян.

Учинчидан, мустақиллик даврида фамилиясидан русча қўшимчани олдириб ташлаган ўзбекларни биламан. Боз устига ҳатто Совет даврида паспортига фамилияси “Абдулазиз” (Абдулазизов эмас), “Маъруфий” (Маъруфов), деб ёзилган дўстларим бор.

Қиссадан ҳисса:

Бир қарашда, Ўзбекистон ҳукумати фуқаролар исм-фамилияларини расмийлаштириш ишини ўзи бўларга ташлаб қўймагандай. Лекин бу соҳадаги сиёсатни қайта кўриб чиқиш зарурати борга ўхшайди. (Майли, ким хоҳласа ўғлини МузаППар деяверсин, лекин паспортда МузаФФар бўлуви шарт!)
Агар, эътибор берган бўлсангиз, фарғоналик опа “шу пайтгача бу масала билан (“ов”ни олиб ташлаш талаби билан) биров мурожаат қилган эмас”, деди.

Демак, одамларнинг ўзларида ҳам айб йўқ эмас. Кўпчилик лоқайдга ўхшайди.

Лоқайдлик сабаби эса...

Лоқайдлик сабаби эшиттиришимиз бошида тилга олганимиз Фармон Тошевнинг мақоласи қандайдир бир ўқув юртининг газетасида эмас, мамлакат миқёсидаги газеталарда ёритилмаётганида, бу масалалар мамлакат телевидениесида муҳокама қилинмаётганидадир, балки?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG