Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:09

Гулнора Каримованинг жазмани оффшор эгалари рўйхатида


Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримованинг узоқ йиллик жазмани экани айтиладиган "Дадо" поп-гуруҳининг собиқ солисти Рустам Мадумаров АҚШдаги Суриштирув журналистлари халқаро консорциуми эълон қилган оффшор эгалари рўйхатида пайдо бўлди.



АҚШдаги Суриштирув журналистлари халқаро консорциуми (International Consortium of Investigative Journalists) эълон қилган дунёдаги оффшор эгалари рўйхатида жами 30 нафар ўзбекистонликнинг исми келтирилган.

Рўйхатда келтирилган ўзбекистонликлар орасида фақат бир исм Ўзбекистонда кўпчиликка таниш.

У Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага энг яқин одам экани айтиладиган "Дадо" поп-гуруҳининг собиқ солисти Рустам Мадумаровдир.

Баъзи манбаларда Мадумаров Гулнора Каримованинг узоқ йиллик жазмани экани айтилади. Бошқа манбаларга кўра, Мадумаров президент қизининг фуқаровий эридир.

ISIJ маълумотлари базаси (Offshore Leaks Database)да Рустам Мадумаровнинг манзили Тошкентнинг Юнусобод мавзеси деб кўрсатилган ва у Stockbrigde Plus LTD оффшор ширкатининг эгаси экани қайд этилган.

Stockbrigde Plus LTD 2005 йилда Ҳонг-Конгда рўйхатга олинган.

Аввалроқ, Швеция ва Норвегиядаги уяли телефон ширкатлари Ўзбекистон бозорига кириш учун Гибралтарда рўйхатдан ўтган ва Гулнора Каримовага яқин одамларга тегишли Takilant, Swisdorn каби ширкатлар билан олди-берди қилишгани фош бўлган эди.

ISIJ эълон қилган маълумотларда Гибралтарда, Takilant жойлашган айни манзилда рўйхатга олинган Swisdorn Мадуамаровга оид экани айтилган.

Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистон президенти қизига энг яқин одам Рустам Мадумаровнинг оффшор эгалари рўхатида пайдо бўлиши тасодиф эмас.

- Ўзбекистонда кенг тарқалган маълумотларга кўра, Мадумаров Гулнора Каримованинг фуқаровий эри. Ўзбекистон сиёсий элитаси ҳам Мадумаровга бўлғуси ёки жорий куёв сифатида қарашади. Мадумаровнинг бу оффшор эгалари рўйхатида пайдо бўлиши эса янгилик эмас, айни пайтда бу Мадумаровнинг пулни яширишда унча устамон эмаслигини ҳам кўрсатади, - деди Раббимов.

Суриштирув журналистлари халқаро консорциумининг оффшор маълумотлари базаси (Offshore Leaks Database) 2¸5 миллион ҳужжатни ўз ичига олади.

Булар 58 мамлакатда 112 нафар журналист тарафидан олиб борилган суриштирувлар натижасидир.

Суриштирув журналистлари халқаро консорциуми вакилларига кўра, оффшор эгалари рўйхатида исмлари келтирилган бу шахсларнинг ҳаммасини ҳам қонунни бузган, деб бўлмайди. Дэвид Гросс ISIJ журналистларидан бири:

- Улар орасида даромадларини яшириш мақсадида маблағларини оффшорга ётқизганлар бўлиши мумкин. Буни тергов қилиш улар яшайдиган мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳавола, деди ISIJ журналистларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Илгари оффшорларнинг оммага ошкор этилиши Австрияда қатор мулозимларнинг истеъфоларига сабаб бўлди.

Исроилда солиқ тўлашдан бўйин товлаганларга нисбатан чоралар кучайтирилди.

Ўзбекистонлик оффшор эгалари ҳақидаги ахборотни ICIJ сайтига кириб, қидирувга Uzbekistan номини берган холда олиш мумкин.
XS
SM
MD
LG