Линклар

“Economist” нашрининг “International Wine & Spirit Research” тадқиқот маркази тайёрлаган ҳисоботга таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон ароқни энг кўп истеъмол қилувчи 10 давлат рўйхатидан жой олган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда 2012 йили ҳаммаси бўлиб 0,1 миллиард литр ароқ ичилган ва киши бошига 4,4 литр ичкилик тўғри келган.


Дунё бўйлаб эса, Ер юзи аҳолиси 4,44 миллиард литр ароқ ичган.

Ароқ истеъмоли ҳажми бўйича Россия дунёдаги биринчи ўринни эгаллаб тургани ҳисоботдан маълум бўлади. Бу мамлакатда 2012 йили қарийб 2 миллиард литр ароқ ичилган бўлиб, жон бошига 13,9 литрдан тўғри келган.

Россиядан кейинги ўринни АҚШ эгаллаган. Бу мамлакатда ўтган йили 0,6 миллиард литр ароқ ичилган.

Учинчи ўринда Украина. Украинлар бир йилда 0,4 млрд литр ароқ ичган ва жон бошига 7,7 литр ичкилик тўғри келган.

Белорусларнинг умумий истеъмоли украинларникидан озроқ – 0,1 млрд литр, бироқ жон бошига ҳисоблаганда кўпроқ: 11,3 литр.

Қозоғистонликлар ўзбекистонлик қўшниларига қараганда ароқни бироз кўп ичиши маълум бўлди. Бу мамлакатда ўтган йили ҳаммаси бўлиб 0,1 млрд литр ароқ ичилган ва жон бошига 5,9 литрдан тўғри келган.

“Ароқхўр мамлакатлар” ўнлиги рўйхатининг пастки поғоналаридан Буюк Британия (жон бошига 1,3 литр) ва Германия (0,9 л.) жой олган.

Шуни айтиш лозимки, ўқиганларингиз ҳисоботнинг фақат АРОҚқа оид қисмидир.
Бошқа ичкиликлар бўйича ҳам алоҳида ҳисоботлар борки, уларда Ўзбекистон рўйхатнинг юқорисидан жой олган эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳоли жон бошига йилига 2,1 дан 4,6 литргача алкоголли ичимлик истеъмол қилувчи давлатлар қаторидан жой олган.

Қиёслаш учун: Россия жон бошига 13,66 дан 21,5 литргача алкоголли ичимлик истеъмол қилувчилар рўйхатида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG