Линклар

Президент Илҳом Алиев: Озарбайжонда сиёсий маҳбус йўқ


Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо жума куни Брюсселда учрашди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо жума куни Брюсселда учрашди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини инкор қилди.

Жума куни Брюсселда қилган чиқишида президент Алиев Озарбайжонда сўз ва матбуот эркинлиги бўғилаётгани ёки ҳукуматнинг сиёсий мухолифлари қамоққа ташланаётганига оид хабарлар ёлғон, дея баён қилди.

Президент Алиев бу фикрларни Озодлик мухбирининг қамоққа ташланган мухолифатчи Илғор Мамадов ҳақидаги саволига жавобан билдирди. Мухолифат фаоли Мамадов оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарганликда айбланмоқда.

Алиев шунингдек жорий йил октябрида ўтказилажак президент сайлови эркин ва адолатли ўтиши учун барча шароитлар таъминланганини таъкидлади.

Алиев билан ёнма-ён турган Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо Озарбайжонда инсон ҳуқуқларига доир вазият Европа тамойилларига тўғри келмаса-да, собиқ иттифоқ парчаланганидан бери бу мамлакатда кузатилаётган ижобий ўзгаришларни қайд этиш муҳимлигини урғулади.

Алиев ва Баррозо билдирган фикрларнинг аксари Озарбайжон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан энергия хавфсизлигига доир бўлди.
XS
SM
MD
LG