Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

Facebook ўз фойдаланувчиларидан узр сўради


Facebook ширкати ўз фойдаланувчиларининг 6 миллионига оид шахсий маълумотлар “дастурдаги хато туфайли” ошкор бўлгани ҳақида билдирди.


Ширкат бу хатони “Шахсий маълумотларни юклаш” ("Download Your Information") бўлимидаги муаммо билан боғламоқда.

Facebook мазкур муаммо туфайли 6 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари, шу жумладан, телефон рақамлари ва электрон почта манзиллари ошкор бўлганини маълум қилди.

Ширкат вакиллари ижтимоий тармоқ хавфсизлик хизмати томонидан тармоқдаги муаммо бартараф қилингани, шахсий маълумотлари ошкор бўлган барча фойдаланувчилар электрон почталарига эса Facebook номидан мактуб юборилганини айтмоқдалар.

“Бу воқеадан таъбимиз хира бўлди ва биз ноқулай аҳволга тушиб қолдик. Бу каби воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун биз эндиликда икки карра кўпроқ ҳаракат қиламиз”, дейилади фэйсбукчилар "узрнома"сида.

2004 йили Марк Цукерберг ва унинг университетдош дўстлари томонидан асос солинган Facebook жаҳондаги энг йирик ижтимоий тармоқ бўлиб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бу тармоқда 1,1 миллиард фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Facebook тармоғи сўнгги йилларда ўзбекистонликлар ичида ҳам оммалашиб бормоқда. Ҳозирги кунда бу тармоқдан фойдаланувчи ўзбекистонликлар сони 150 мингдан ошгани айтилади.

Ўтган ҳафта Facebook маъмурияти АҚШнинг махсус идораларидан тармоқ фойдаланувчилари ҳақидаги шахсий маълумотлар сўралган минглаб сўровнома олганини очиқлаганди.

Facebook маъмуриятининг ҳуқуқий бўлими раҳбари Тед Улиотнинг билдиришича, 2012 йилнинг иккинчи ярмида АҚШдаги маҳаллий ва федерал даражадаги жосуслик хизматларидан 20 мингга яқин аккаунт ҳақида маълумот сўралмиш 9-10 мингта шундай сўровнома келиб тушган.
Facebook ширкатининг бу баёноти АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ва Марказий разведка бошқармасида ишлаганини иддао қилаётган 29 ёшли Эдвард Сноуден махфий хизматлар қўллайдиган кузатув усуллари ҳақида матбуотга маълумот сиздирганини тан олиши ортидан янграган.

Сноуден АҚШ махфий хизматлари Facebook, Google, Yahoo, Apple ва Microsoft каби йирик Интернет ширкатлар серверларига тўғридан-тўғри кириш ва фойдаланувчилар аккаунтлари ҳақида маълумот олиш салоҳиятига эгалигини иддао қилган эди.

Сноуденга кўра, АҚШ махфий хизматлари ҳар бир америкаликни кузатишга қаратилган жосуслик машинасини яратаётгани боис бу ишга қўл урган.

Куни кеча АҚШ федерал прокуратураси бир неча нашрга махфий маълумотларни сиздирган Эдвард Сноуденга қарши айблов эълон қилди ва унинг Ҳонконгдан Қўшма Штатларга экстрадиция қилиниши йўлида ҳаракат қилаяпти.
XS
SM
MD
LG