Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:33

Муҳаммадий қори Аминов


“Ўзбек имомлари” туркумининг навбатдаги қаҳрамони собиқ совет замонида омбор ва дўконларга айлантирилган тарихий масжидларни 1988-1991 йилларда умри битиб бораётган совет ҳукуматидан тортиб олган ҳамда яна масжидга айлантирган илк имомлардан бири — андижонлик Муҳаммадий қори Аминовдир.


Ширали қироат

1945 йилда Андижонда туғилган Муҳаммадий қори Аминов ўша йилларда бутун Ўзбекистонга танилиб улгурган ва ҳозир Ўзбекистон ҳукумати сафида ишлаётган диндор мулозимларнинг кўпчилигига устозлик қилган Муҳаммад Мубин қорининг икки ўғлидан биридир.

Ёшлигидан Қуръони каримдан сабоқ чиқарган ва шаҳардаги иқтидорли қорилардан бири бўлган Муҳаммадий қори ширали қироати билан тезда тилга тушган.

Унинг илк устозлари отаси Муҳаммад Мубин қори ва фарғоналик яна бир забардаст аҳли илм Абдуҳалким қори Восиевлар бўлган.

Муҳаммадий қорини яқиндан таниган ва айни дамда муҳожиратда бўлган мураттаб қори Абдулатиф мана буларни хотирлайди:

- Муҳаммадий қори ака диндор бўлган оилада вояга етган. У киши билан тўйларда кўришиб қолар эдик. Бўйлари ўрта бўйдан кўра юқорироқ. Юзида табассум билан турарди. Лекин, ўзига яраша сиёсати бор эди. Асосан, ёшлигидан одамларга Қуръондан сабоқ берар эди. Шу томондан халққа хизмат қилган. Бошқа томондан тўй-тўркин, таъзимларда бориб элга хизмат қилар эди, дейди Абулатиф қори.

Яъни, Муҳаммадий қори Аминов отаси Мубин қорининг изидан бориб, 35-40 ёшга қадар толиби илмларга сабоқ берган ва имомлик билан шуғулланган.


Қайта қуриш шамоли

1980 йилларнинг иккинчи ярмидан кейин собиқ совет замонини тубдан ўзгартириб юборган янги даврлар бошланди.

Ўша даврда Ўзбекистондаги саноқли имомлар сафида Муҳаммадий қори ҳам дин тақиқланган 70 йил давомида омбор, дўкон ва ҳоказо, халқ истеъмолидаги иншоотларга айлантириб юборилган масжидларнинг ҳукуматдан талаб қилиб олиниши жараёнига бош бўлган.

1989 йилнинг охирларида у киши етакчилигида Андижоннинг 400 йилик тарихга эга — Жоме масжиди тинч намойиш йўли билан совет ҳукуматидан олинган.

Бу ҳодисаларни яхши хотирлаган андижонлик қори Абдулатиф яна мана буларни сўзлайди:

- Эслайман, 1989 йиллар охири бўлиши керак. Қайта қуриш даврлари. У киши митинг қилиб одамларни олиб чиққан, деб эшитгандим. Яъни, бу киши тинч йўл билан одамларни ўз ҳақларини талаб қилишга даъват қилган, деб биламан. Лекин у кишининг ўша вақтдаги режимга қарши бўлгани аниқ. Яъни, ўша вақтдаги коммунистик режим – куфр режими эди. Шунинг учун бу киши у режимга қарши турган, деб хотирлайди Абдулатиф қори.


Такбир қудрати

Муҳаммадий қорининг Озодликка исми сир сақланиши шарти билан сўзлаган яна бир шогирди эса тинч намойиш йўли билан ароқ сақланадиган омбор ва бозорга айлантирилган Жоме масждининг ҳукуматдан олинишига оид бир воқеани сўзлаб берди.

"Масжид ҳовлисининг омбор қисми билан бозор қисми ўртасида девор бор эди. Ўша деворни Муҳаммадий қори ака бошчилигидаги мусулмонлар қўли билан бир итаришда йиқитишган. Биласизми, ҳаммаси қатор туриб қўлини деворга тираган. Кейин "Аллоҳу акбар", деб бирданига баробарига итаришган. Девор йиқилган. Ўзи эскириб қолган девор эди. Лекин бу манзара собиқ советнинг замонида кузатилмаган манзара эди. Ҳукуматни ҳуркитгани аниқ энди", дея ўз хотиралари билан ўртоқлашди андижонлик марҳум имом Аминовнинг шогирдларидан бири.


Ароқ сақланган масжидлар

Собиқ совет ҳукумати иқтидорининг илк йилларида Ўзбекистоннинг йирик аҳоли пунктларида 200-400 йиллик тарихга эга бўлган масжидлар давлат ҳисобига ўзлаштирилган ва уларнинг аксарияти омбор, дўкон ёки аҳолига турар-жой қилиб, бўлиб берилган эди.

Аксар масжидлар собиқ совет ҳукумати кўрсатмаси билан озиқ-овқат ва спиртли ичимлик сақланадиган омборларга айлантирилган эди.

1885-1991 йиллар оралиғида эса мамлакат бўйлаб шундай масжидларни ҳукуматдан қайтариб олиш жараёни бошланди.

- Аввалдан масжид бўлган, кейин совет ҳукумати томонидан одамларга яшаш учун ёки омбор қилиб бериб юборилган масжидларни талаб қилиб олиш ҳаракатлари ўша вақтда анча кенг тарқалган эди, дея хотирлайди яна Абдулатиф.

Ўша даврларда Муҳаммадий қори Аминов каби масжидлар сонини оширишга бел боғлаган имомлар аста-секин кўпая бошлаган эди.

Фарғонада Абдулаҳад Барноев, Тошкентда Обид қори Назаров ва шу каби элга танилган имомлар аста-секин ўзлари яшаб турган ҳудудлардаги қадимий масжид биноларини ҳукуматдан қайтариб ола бошлаганлар.


Оқ масжид имоми

Муҳаммадий қори Аминов етакчилигида қайта иш бошлаган 400 йиллик масжидга илк бор йиғилган андижонлик диндорлар масжидга ўша даврда вилоятда танилган Абдували қори Мирзаевни имом этиб сайланганлар.

- Муҳаммадий қори ака Жоме масжидни очгандан кейин озроқ вақт ўтиб, ўз маҳалласида омбор қилинган Оқ масжидни ҳам ҳукуматдан талаб қилиб олиб, кейин таъмир қилиб, жуда гўзал суратга келтирган, дея хотирлайди яна Абдулатиф.

Муҳаммадий қори Аминов кейинги йиллар давомида ҳам шу масжидда имомлик қилиш билан бирга толиби илмларга дарс бериш билан шуғулланган.

Шунингдек, жума маърузалари ва издиҳомларда йиғилганларга тоат-ибодат ҳамда бошқа энг зарурий бирламчи фарз амаллар ҳақида даъватлар қилиш билан машғул бўлган.


Намозга даъват

1980-90 йиллар оралиғида бўлган "Қайта қуриш" даврида бунга қадар иймонини, динини сақлаган оз сонли аҳли илмлар 70 йил давомида диндан узоқ яшаган ўзбекистонликларнинг диний саводини чиқаришга уринган.

Муҳаммадий қори уларнинг энг фаолларидан бири сифатида хотирланади.

Шогирдлари у киши маърузаларда, асосан, намоз ва бирламчи бошқа фарз амаллар ҳақида ҳикоя қилгани, айни пайтда унинг сиёсий илми ҳам кучли эканини хотирлайди.

- Бу кишида сиёсий фикр бўлган. Сиёсий фикрда ёзилган китобларни ўқиган. Лекин бу фикрлар қўпорувчилик суратидагимасди. Бу киши одамлар яхши кўрган олимлар китобларидан цитаталар келтириб ўтирар эди. У киши яхши кўрган олимлар унақа қўпорувчилик ҳаракатларига чақирган олимлар бўлганмас аслида, дея хотирлайди Абдулатиф.


"Урра" ҳайқириғи "Аллоҳу акбар"га алмашган замон

"Муҳаммадий қори ўша кезларда дунёвий давлат тарафдоримиди ёки диний давлат?" деган саволга у кишининг суҳбатлашганимиз икки замондоши ҳам бирдек жавоб берди.

"90 йилларда халқнинг диний саводини ошириш асосий масала эди. Диний давлат қуришни у вақтда тасаввур ҳам қилиб бўлмасди", дейди, жумладан, Муҳаммадий қорининг Озодликка исми сир қолиши шарти билан сўзлаган шогирди.

Лекин Муҳаммадий қори маърузаларининг каттагина қисми мусулмонларнинг фуқаро ўлароқ ҳақ-ҳуқуқларига қаратилгани ҳам айтилди.

- Бирор нарсани амалга оширишга ҳаракат қиладиган бўлса, ҳаттоинки одамларни олиб чиқиб туриб, митинглар уюштириш ва тинч намойиш билан ҳаққини талаб қилиш бўлган. Яъни, тинч йўл билан намойиш қилиш ҳаққидан фойдаланиш ҳақида. Энди ўша даврларда одамлар йиғилган пайтларда одамларнинг “Аллоҳу-акбар, аллоҳу-акбар, деб бақиришлари урф бўлиб кетган эди, дея хотирлайди Абдулатиф.

Унинг фикрича, бу ҳайқириқ совет пайтида одамлар ўрганиб қолган “урра”нинг ўрнига келган.

- Шундай, деб тушунсак ҳам бўлади. Энди бу инсонга маънавий қувват берадиган калима. “Аллоҳу-таолло буюк”, дегани аслида бу. Азонда ҳам айтилган сўз. Баъзи одамларнинг аъзонни ёқтирмаслиги сабаби у инсоннинг тўғри қалбига бориб тушадиган сўзда. Шунинг учун ёқтирмаганлар бу сўзларни айтганларни “қўпорувчилар”, деб ёмон кўришади. Аслида унақамас, дейди Абдулатиф.


Қамоқ ва қайта қамоқ

Таниган-билганларнинг хотираларига кўра, Муҳаммадий қори мустақиллик йилларида икки маротаба қамалган.

Биринчи бор 1995 йилда гиёҳванд модда ва ўқ-дори сақлади, деган айблов билан қамалган.

Иккинчи бор қамалиши сабаблари эса, ҳатто, оила-аъзоларига ҳам қоронғу қолган.

- Биринчи марта бу киши уйидан наркотик чиққан, деб қамалган. Кейин эса қамоқдан чиққанда тишлари ҳам тўкилиб кетган экан. У киши жуда бақувват эди, биз “юраги отнинг калласидек”, деб қўярдик. Ҳеч нарсадан қайтмас эди. Қамоқдан чиққандан кейин бу феъли яна ҳам кучайган эди. Гапирганда ҳам баъзи қамоқ сўзларни ишлатиб, мансабдорларга нисбатан ҳам кескин суратда шиддат билан гапириб ташларди, дейишади. Лекин ҳеч ортга чекинмаган экан. Фикрни маҳкам ушлаган, ортга қайтамаган экан, дейди Абдулатиф.

Қамоқдан чиққанидан сўнг ҳам Муҳаммадий қори Аминов мунтазам ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остида қолган.

- Биринчи марта қамоқдан чиққандан кейин вақти-вақти билан бориб, тергов бериб турарди. Шу бориб юрган пайтларидан бирида ушлаб қолинган, деб эшитганмиз. Шу яна наркотикми, ўқ-дорими, деган бир сабаб билан олиб қолишган экан, дейди Абдуллатиф.


Қамоқхона хотиралари

Муҳаммадий қори Аминов ҳақида эшиттириш тайёрлаш истагида Озодлик сайтида берилган эълонга жавобан мактублар келди.

Улардан бирида имомнинг қамоқхонадан чиққач, сўзлаб берган хотиралари ҳикоя қилинган.

Ушбу мактуб қандай ёзилган бўлса, шундайлигича қуйида келтирилади:

"Озодлик ходимлари, устоз Мухаммадий кори домла хакларида кичик бир вокеани сизларга маълум килмокчи эдим, 1997 йил июнь ойининг урталарида, устоз Мухаммадий кори акани камокдан чикканларини эшитиб у кишини зиёратига устозим билан борган эдик, эшикларини таккилатиб чакирдик... Хуллас эшикни узлари очдилар, ... хурсанд булиб, ичкарига таклиф килдилар. Анча вакт дардлашиб, сухбатлашдик... Сахих хадислар тупламидан бир нечта хадисни шархлаб бердилар. Кори ака уша сухбатда 1 ярим йилдан ошикрок вакт камокда булганлиги хакида гапириб бердилар.

Камокдаги огир вазият хакида хам гапириб бердилар. Уша вактда камокда Обидхон домла Аскаров (Зайниддин Аскаровни акаси) билан учрашганлиги, у кишидан хол ахвол сураганларида, у киши айтган эканлар, мусулмон яъни иймоним булмаганда, охиратдан умидим булмаганда, манга нисбатан килинган азоблар, тахкирлашлар учун узимни узим улдирворган булардим деган эканлар. Ундан кейин Устоз Абдувалий кори ака хакида сурадик бирор бир хабар борми, у киши хам камокдами экан деган маънода. Мухаммадий кори домла "Кори ака жуда машхур, эътиборли кузга куринган олим, у киши бирор бир камокда ёки зонада булганда у кишини хабари чикарди, ман у киши хакида бирор бир хабар эшитмадим" дегандилар.

Шу пайт шогирдларидан бири хозирги кундаги мусулмонларни кай ахволда деб савол берди. Хеч ёдимдан чикмайди у кишини берган жавоблари. Жавоб шундай булди. Ёз, айникса саратон ойида Кори акани оёкларида жунли арабий махси, калиш бор эди. Калишни ечиб, бор кучи билан ерга урдилар, кейин иккинчи калишни ечиб, уни хам ерга уриб, мусулмонлар бундан хам хор деган эдилар... Уша пайт ёш булганман, бошка шогирдлар хам ёш эди. Уша пайтдаги Кори акани берган жавобини бугун кунда тушуниб етдим. Аллох кори акани Уз рахмати билан жаннати наъйимда неъматлантирсин".


Ушбу мактуб муаллифи шахсига оид маълумотларнинг сир қолишини сўраган.


Қамоқхонадаги ўлим

Муҳаммадий қори Аминов иккинчи бор 1998 йил йил февралда қамалганидан сўнг қамоқхонада вафот этган.

"1999 йили қамалганидан росса бир йил ўтиб вафот топганлар. Биринчи қамалишидан олдин бақувват, қарийб 100 кило бўлган эканларда раҳматлик. Қамоқдан ўлигини олиб келишганида 25 килограм бўлиб қолган эканлар. Шу қариндош-уруғлари қийноқдан ўлган, деб ўйлашган" дея хотирлайди марҳум имомнинг шогирдларидан бири.

У кишининг вафоти сабаблари ҳақида қамоқхона маъмурлари тўлиқ ахборот беришдан бош тортгани айтилади.

Муҳаммадий қори Аминовнинг ҳозир Андижонда яшаётган яқинларини Озодлик мухбири топишга муваффақ бўлди. Аммо имомнинг яқинлари Озодлик мухбири билан мулоқотдан қатъиян бош тортдилар.


Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг!

Биз ўзбекистонлик мусулмонларга илм берган ва уларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган аҳли илмлар ҳақида имконимиз қадар хотирлашга ҳаракат қиляпмиз.

Шу вақтгача ҳикоя қилганимиз ўндан ортиқ ўзбек имомининг кўпчилиги ҳақидаги маълумотларни сиз азиз мушатрий кўмагида йиғдик ва бунинг учун сизлардан миннатдорлигимизни билдирамиз!

Муҳаммадий қори Аминов ҳақида тўплаганимиз маълумотларга қўшимча маълумотлар бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, марҳамат, бизга мурожаат қилинг!

Зеро, "Ўзбек имомлари" туркумидан олиб бораётганимиз лойиҳа бироз мушкуллиги, айрим маълумотлар нодирлигини инобатга олган ҳолда ҳар доим ёрдамингизга умид қиламиз.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG