Линклар

Конфедерациялар кубогида Бразилия-Италия учрашувини бошқарган ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўйинда хатога йўл қўйганини тан олди.

Бу ҳақда ФИФА матбуот котиби Пекка Одриосола 23 июн куни маълум қилди.

- У ҳеч кимдан кечирим сўрамоқчи эмас. Унинг хатога йўл қўйгани аниқ. Лекин у қандай вазиятда қарор қабул қилганини изоҳлаб берди. Барчаси жуда тез рўй берган. У пеналти тайинлаш учун ҳуштак чалмоқчи бўлиб турганда кўзининг бир чети билан гол урилиши мумкинлигини кўрган. Гол урилганидан сўнг эса уни ҳисобга олишга қарор қилган. Барчаси жуда тез юз берган. Бу албатта хатодир, - деди Пекка Одриосола матбуот йиғинида.

Айни дамда қатор спорт нашрлари ўйинда қўйган хатолари учун ҳакам Равшан Эрматов ва унинг қанот ассистентлари Конфедерациялар кубогидан четлатилгани ҳақида хабар бермоқда. ФИФА матбуот котиби буни на тасдиқлади, на-да инкор этди.

22 июн куни Бразилиянинг Салвадор шаҳрида ўтган Бразилия-Италия ўйини 4:2 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди.

Ўзбекистонлик ҳакам Эрматовнинг баҳсларга сабаб бўлаётган хатоси ўйиннинг 70-дақиқасида юз берган. Бразилия жарима майдончасида италиялик Марио Баллотеллига нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг ҳакам ҳуштак чалиб, Бразилия термаси дарвозасига пеналти белгиламоқчи бўлган. Аммо шу пайт италияликлар рақиб дарвозасини ишғол этишган ва Равшан Эрматов голни ҳисобга олган.

Эслатиб ўтамиз, 35 ёшли ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов Бразилияда ўтаётган Конфедерациялар кубогида қанот ҳакамлари Абдуҳамидулло Расулов (Ўзбекистон) ва Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон) билан бирга хизмат кўрсатмоқда.

Кузатувчилар Конфедерациялар кубоги Равшан Эрматов учун 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати олдидан катта синов эканини айтишмоқда.

Эрматов қатор йирик футбол беллашувлари, жумладан, 2010 йилда Жанубий Африкада ўтган Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарган.
XS
SM
MD
LG