Линклар

logo-print

Қирғиз фаоллари Ўзбекистон элчихонасини пикет қилди


Бу ҳодиса 21 июн куни Ўзбекистоннинг Сўх экслави орқали ўтадиган йўллар Қирғизистон томонидан ёпиб қўйилишига сабаб бўлди.

Бу ҳодиса 21 июн куни Ўзбекистоннинг Сўх экслави орқали ўтадиган йўллар Қирғизистон томонидан ёпиб қўйилишига сабаб бўлди.

Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида 24 июн куни ўтказилган пикет иштирокчилари ўтган ҳафта ўзбек-қирғиз чегарасида 37 ёшли Бақит Тағаевнинг отиб ўлдирилишига норозилик билдиришди. Қирғизистонликларнинг Ўзбекистонга муносабати рамзи ўлароқ қора соябон кўтариб чиққан ҳуқуқ ҳимоячилари беш боланинг отасини отиб ўлдирган ўзбек чегарачисини жавобгарликка тортишни талаб қилишди.


24 июн куни қирғизистонлик бир неча ҳуқуқ фаоли 20 июнга ўтар кечаси Боткен ва Фарғона ўртасидаги чегарада ўзбекистонлик чегарачи қирғизистонлик 37 ёшли Бақит Тағаевни отиб ўлдирганига норозилик билдирди.


Пикет иштирокчиларидан бири "7 апрел" ҳаракати етакчиси Ўндуруш Тўқтўнасиров ўзбек чегарачиси қўлидан ҳалок бўлган Қирғизистон фуқароси учун Ўзбекистон товон пули тўлашини талаб қилди.

- Ўзбекистон чегарачилари тарафидан отиб ўлдирилган бегуноҳ Бақит Тағаев учун Ўзбекистон товон пули тўлаб берсин. Ҳеч қандай судни баҳона қилиб ўтирмасдан, тўлаб қўйсин. Ундан кейин суд қандай бораётгани ҳақида кунма-кун бизга хабар бериб турсин, - деди ҳуқуқ фаоли.

Ўтган ҳафтадаги воқеа боис қирғизистонликларнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати рамзи ўлароқ, қора соябонларни кўтариб чиққан пикетчилар "босқинчи", "террорчи", деб хитоб қилишди. Норозилар Ўзбекистон элчиси Комил Рашидовнинг чиқишини ҳам талаб қилишди, лекин дипломат пикетчилар олдига чиқмади.

20 июнга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани ва Боткеннинг Қадамжой тумани ўртасидаги ҳодисада Ўзбекистон чегарачиси 37 ёшли Бақит Тағаевни отиб ўлдирган. Ҳалок бўлган қирғизистонлик беш фарзанднинг отаси бўлган.

Қирғизистон томони ўзбек чегарачиси Бақит Тағаевни қирғиз ҳудуди ичкарисига 200 метргача қувлаб кириб, отиб ўлдирганини иддао қилди.

Қадамжой туман ҳокими Акрам Мадумаровнинг Озодликнинг қирғиз хизматига билдиришича, Ўзбекистон чегарачиси Қирғизистон ҳудудига 500 метр ичкарига кириб, Тағаевни отиб ўлдирган.

Мадумаровнинг сўзларига кўра, ўзбек чегарачиси Бақит Тағаевни қочиб яширинган уйнинг ҳовлисида, хонадон эгасининг болаларининг кўз ўнгида бошидан отиб ўлдирган.

20 июн куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчиси Комил Рашидовни чақиртириб, унга норозилик нотаси топширди.

Қадамжой туман Ички ишлар бўлими терговчиси Оллаёр Имомназар ўғлига кўра, ушбу воқеа бўйича ўзбек чегарачиларига қарши жиноят иши қўзғатилган.

Лекин 21 июн куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси бу иддаоларни инкор қилди. Ўзбекистон томони берган версияга кўра, 19 июн куни кеч соат 11лар атрофида Қирғизистон томондан учта автомобил Ўзбекистон чегарасини бузиб, Гулпиён қишлоғи ҳудудига ўтган.

"Қоидабузарлар чегара нарядининг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмасдан Ўзбекистон ичкарисига қараб ҳаракатланишда давом этишган. Чегара наряди уларни тўхтатиш мақсадида осмонга огоҳлантирувчи ўқ узган. Огоҳлантирувга қарамасдан, қоидабузарлар ҳаракатланишда давом этган ва чегарачилардан яширинишга ҳаракат қилган. Шу пайтда давлат чегарасини бузувчиларни қўлга олиш мақсадида чегарачилар автомобилларга қарата ўт очишга мажбур бўлган”, дейилади расмий баёнотда.

Ушбу баёнотга кўра, ўзбек чегарачилари ўққа тутгач, Volkswagen русумидаги машиналардан бири тўхтаган, қолган икки автомобил эса Қирғизистон ҳудудига қочиб, яширинган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси берган қўшимча маълумотига кўра, иккита машина Қирғизистонга ўтгач, қўшни мамлакат томондан 30 нафар шахс келиб, ўзбек чегарачиларини тошбўрон қилган.

Чегара расмийсига кўра, тошбўрон натижасида бир нафар ўзбек чегарачиси оғир жароҳат олган.

"Фурсатдан фойдаланиб, ҳужум қилганлар жароҳатланган ўзбекистонлик чегарачини Қирғизистон ҳудудига олиб қочишга ҳаракат қилишган. Ўзбекистонлик чегарачиларга ёрдам кучи келгани боис қонунбузарлар Ўзбекистон ҳарбийсини гаровга олишга улгурмаган", дея маълум қилди Ўзбекистон чегара хизмати.

Баёнотда айтилишича, автомобилни ташлаб, қочиб кетган шахс ўқотар қуролдан яраланган бўлиб, у Қирғизистон ҳудудига ўтгач, олган жароҳати натижасида ҳалок бўлган.

Баёнотга кўра, қонунбузарлар автомобилларда Ўзбекистон ҳудудига контрабанда молларини олиб кирмоқчи бўлган. "Ўзбекистон ҳудудида қолган машинадан кир ювиш порошоги, совун, шампун топилган", дейилада баёнотда.

Бу ҳодиса 21 июн куни Ўзбекистоннинг Сўх экслави орқали ўтадиган йўллар Қирғизистон томонидан ёпиб қўйилишига сабаб бўлди.

Буни тасдиқлаган Боткен вилоят ҳокимлиги расмийларига кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Чечме” ва "Қадамжой” чегара пунктлари ёпилган. Аммо бугунги кунда бу чегара пунктлари очилгани ва одатдагидек тартибда ишлаётгани айтилмоқда.

Жорий йилнинг январ ойида ҳам Ўзбекистоннинг Сўх эксклави аҳолиси билан Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан жанжалдан сўнг Сўх чегаралари бир ой давомида ёпиқ қолган эди.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, ўзбек-қирғиз чегарасида кейинги уч йил мобайнида 102 та, қирғиз-тожик чегарасида эса 62 та қонунбузарлик рўйхатга олинган.

Жорий йилнинг 24 апрел куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари кундузи чегарани бузаётган фуқароларга нисбатан ўқотар қурол қўлламаслик ҳақида келишиб олгани хабар қилинган эди.

Бугун уч соат давомида Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида пикет уюштирган фаоллар уларнинг олдиларига элчи Комил Рашидов чиқмаганини айтишди ва ўз талаблари бажарилмагунигача элчихона олдида пикет ўтказишда давом этишларини билдиришди. Бишкеклик фаоллар эртага ҳам Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси олдида пикет ўтказмоқчилар.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG