Линклар

Ўзбекистон чегарадаги ҳодисани Қирғизистон билан тергов қилишни истамади


Қирғизистон ўзбек чегарачиси Бақит Тағаевни қирғиз ҳудуди ичкарисига қувлаб кириб, отиб ўлдирганини иддао қилди.

Қирғизистон ўзбек чегарачиси Бақит Тағаевни қирғиз ҳудуди ичкарисига қувлаб кириб, отиб ўлдирганини иддао қилди.

Ўзбекистон ўтган ҳафта ўзбек-қирғиз чегарасида қирғизистонликнинг отиб ўлдирилиши юзасидан Қирғизистон томони билан қўшма тергов олиб боришга рози бўлмади.

Бу ҳақда душанба куни қирғиз парламентининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитасида гапирган бош вазир ўринбосари Тўқон Мамитов маълум қилди.

K-news агентлигининг хабар қилишича, хавфсизлик, жамоат тартиби ва давлат чегаралари хавфсизлиги масалалари бўйича бош вазир ўринбосари парламентга 20 июн куни рўй берган ҳодиса борасида ҳисоб берган.

20 июнга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани ва Боткеннинг Қадамжой тумани ўртасидаги ҳодисада Ўзбекистон чегарачиси 37 ёшли Бақит Тағаевни отиб ўлдирган эди. Ҳалок бўлган қирғизистонлик беш фарзанднинг отаси бўлган.

Қирғизистон томони ўзбек чегарачиси Бақит Тағаевни қирғиз ҳудуди ичкарисига 200 метргача қувлаб кириб, отиб ўлдирганини иддао қилди.

Лекин 21 июн куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси бу иддаоларни инкор қилди.

Мамитовнинг айтишича, жиноят иши қўзғатилиб, тергов кетмоқда, лекин “Ўзбекистон томони биргаликда тергов олиб боришдан бош тортган”.

Хабарга кўра, қирғиз депутати Ирина Карамушкинанинг Ўзбекистон қирғизистонликларга нисбатан ҳаддан ортиқ чора кўраётганига оид эътирозига жавобан бош вазир ўринбосари “ўзбеклар ҳаммага шундай чора кўради”, дея жавоб берган.

K-news Тўқон Мамитовнинг “Улар чегарани бузгани учун ўз фуқароларини ўнталаб ўлдиришади”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
XS
SM
MD
LG