Линклар

Ўзбекистонлик таксичи полиция бўлимини "таран" қилди


Москва полицияси ўзбекистонликни депортация қилишдан аввал ундан янги дарвоза ва пачақланган машина ремонти ҳақини ундирмоқчи.

Москва полицияси ўзбекистонликни депортация қилишдан аввал ундан янги дарвоза ва пачақланган машина ремонти ҳақини ундирмоқчи.

Москвада Ўзбекистон фуқароси машинада маҳаллий полиция бўлими дарвозасини ёриб кирди. Полициячилар у ўта маст ҳолатда бўлганини айтишмоқда. Полиция Россияда маст ҳолатда машина бошқараётган муҳожирлар сони кўпаяётганидан хавотир билдирмоқда.


Ўзбек муҳожири полицияга машинада кириб келди

23 июнга ўтар кечаси соат 2:30лар атрофида Москванинг Кузминки тумани Ички ишлар бошқармаси темир панжара дарвозасига ВАЗ-2107 автомашинаси келиб ўрилди.

Машина зарбаси товушига югуриб чиққан полиция ходимлари машинада одатда улардан йироқроқ юришга ўрганиб қолган ўзбек муҳожирини аниқлашган.

Ёш Ленинчилар, 96-уй манзили бўйича жойлашган Кузминки туман полиция бошқармасида рўй берган ҳодиса юзасидан Озодликка қўшимча маълумот берган Москва бўйича ИИБ навбатчи офицери Александр Чистяков ўзбекистонлик “Шумахер” нафақат дарвоза, балки дарвоза ортида турган машинани ҳам пачақлаган, дейди.

- 1987 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ВАЗ-2107 русумидаги автомашинани бошқара олмасдан, Кузминки туман полиция бошқармаси дарвозасига келиб урилди. Ундан кейин у шу ерда тўхташ жойида турган полиция хизмат машинасини ҳам пачақлади. Кейинроқ у маст ҳолатда экани аниқланди,- дейди Москва полиция бошқармаси расмий вакили Александр Чистяков.

Кузминки туман полициясининг Озодликка берган маълумотига кўра, аслида машинада ўтирган ўзбекистонлик “меҳмон” оёғида тура олмайдиган ҳолатда ширакайф бўлган ва дарвозага келиб урилганда ҳатто тормозни ҳам босмаган.

Дарвоза ва машинага жиддий шикаст етказилганига қарамасдан, ҳайдовчининг бирор жойи лат емагани айтилмоқда. Олинган дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонлик 26 ёшли учқир извош Москва шаҳрида қайдда турмаган ва меҳнат фаолиятини тасдиқловчи расмий рухсатномага эга бўлмаган.

“Депортация бўлишдан олдин у аввалига бизга янги дарвоза қўяди, кейин пачақланган машина ремонтини тўлайди. Ана ундан кейин суд маст ҳолатда машина ҳайдагани учун ўз қарорини чиқаради”, деди Кузминки туман полициясининг навбатчи ходими.

Кузминки полицияси томонидан исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик Москвада айнан шу машинада таксичилик қилиб, кун кўриб юргани маълум бўлди.

Ҳозирда полиция камерасида ўзига келаётган ҳайдовчи йигитга нисбатан чора қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

“Ичкилик касофатга олиб келади”

“International Wine & Spirit Research” тадқиқот маркази тайёрлаган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ароқни энг кўп истеъмол қилувчи 10 давлат рўйхатидан жой олгани ва 2012 йилнинг ўзида мамлакатда ҳаммаси бўлиб 130 миллион литр ароқ ичилган ва киши бошига 4,4 литр ичкилик тўғри келгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Айтиш жойизки, бу ҳисоб-китобларга ўзбекистонлик муҳожирлар Россияда истеъмол қилаётган спиртли ичимликлари киритилмаган.

Ўзбек муҳожирларининг Россия йўлларида маст ҳолатда автоҳалокатга тушиши ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Ўтган йилнинг 11 май куни Россия пойтахтининг марказидаги Чистопрудний булвар, 13-уй яқинида, эрталабки соат 7:00 да юқорида зикр этилганга ўхшаш ҳодиса рўй берган эди.

1988 йилда туғилган ўзбекистонлик бу ҳайдовчи ҳам “таксичилар машинаси” ёки “рус мерседеси” номини олган ВАЗ-2107 русумидаги автомашинасида йўл ёқасида турган полиция ПАЗигига келиб урилган эди.

Воқеа жойига етиб келган йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари ўзбекистонлик ҳайдовчи ҳеч қаерда расман ишламаслиги ва ноқонуний тарзда таксичилик қилиб юришини аниқлаган. Полициячилар хизмат автобусига машинасида келиб урилган ўзбек муҳожири маст бўлганини тахмин қилишган эди.

Россияда кўп йиллардан буён катта юк машинасида ҳайдовчилик қилиб юрган андижонлик Абдулҳай ака айнан муҳожир йигитлар билан боғлиқ автомобил йўлларида ноҳуш ҳодисаларнинг кўпайиб бораётгани сабабларини бундай тушунтиради.

- Биринчидан, ёшларимиз ўзимиздаги қонун-қоидани билмайди, ўқимаган. Бу ерда ҳам правани пулга оляпти. Қонун-қоидани билмагандан кейин тўхтаб қолади. Масалан, маҳаллий руслар ҳам йўл уники – катта машинани кўриб тўхтаб қолади. “Ҳа, жуда кўп ўқиворган экансан!”, деб қўяман. Шунга ўхшаб, бизникилар ҳам шу аҳвол. Бу болалар нимага келганини тушуниб ололмаяпти! Озгина чўнтагига пул тушиб қолса ичкилик, қизларга кетиб қолиш, бемаъни йўлларга кириб кетяпти. Ана шунинг учун “Ўзбек ундай қилди, тожик мундай қилди”, гапларига қолиб кетяпти.
Темирнинг пири бўлади: шунинг учун биз ҳам мошинага чиқсак, Иншаллоҳ таҳорат билан чиқамиз. Бу бир дақиқада бўладиган нарса-да! Шунинг учун, бу ерларга келиб покиза юрмадики, касофатга йўлиқаверади -- бу аниқ нарса,- дейди кўп йиллик тажрибага эга шофёр Абдулҳай ака.

Россия Давлат автомобил инспекцияси сўнгги йилларда мамлакат кўчаларида йўл ҳаракати қоидалари кўпроқ муҳожирлар тарафидан бузилаётгани, уларнинг ўз мамлакатларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини қандай йўл билан олганликлари борасида саволларни юзага келтирганига эътибор қаратмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга яқинда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, ҳайдовчи бўлиб ишламоқчи бўлган меҳнат муҳожирлари бундан буён шу мамлакат ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари керак бўлади.

Россияда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган меҳнат муҳожирини ҳайдовчи сифатида ишга ёллаганлар эса 50 минг рубл миқдорида жаримага тортилишлари мумкин.

Бу қоида жорий йилнинг октябрида кучга кириши хабар қилинди.

Россиянинг ўзида алкогол ичимликлари йўл ҳаракати ҳодисаларининг асосий сабабларидандир: 2012 йилнинг биринчи ярмида Россияда маст ҳолатда бўлган ҳайдовчилар билан боғлиқ 4 мингга яқин автоҳалокат рўй берган, унда 522 киши нобуд бўлган, 6 мингга яқин одам жароҳат олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG