Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:07

Тошкентдаги "Drujba Burger" кафеларини “қора ниқобли”лар босди


20 июн куни ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли"лар махсус гуруҳи Тошкентдаги "Drujba Burger" тармоғининг ўнга яқин кафеларига бир пайтнинг ўзида рейд уюштирди. Ҳозирда ушбу кафеларнинг барчасига қулф осилган.


Фастфуд таомлари билан танилган "Drujba Burger" тармоқ кафеларини “қора ниқобли”лар гуруҳи босгани ҳақидаги хабар Озодликка WhatsApp тармоғи орқали етиб келди.

“Кеча (20 июн, 2013) Тошкентдаги энг таниқли фастфуд кафелардан бири "Drujba Burger"ни солиқчилар ва қора ниқоблилар босди. Текширув давом этяпти”, дея хабар қилинди 21 июн куни WhatsApp орқали.

Озодлик мухбири 24 июн куни "Drujba Burger" тармоғининг Юнусобод тумани Амир Темур проспекти, Яккасарой тумани Муқимий кўчаси ва Олмазор тумани “Кичик ҳалқа йўли” кўчасидаги кафелари билан боғланди.

Учала манзилдаги кафелардан бир хилдаги “Вақтинча ишламаяпмиз”, деган жавоб олинди.

Озодлик манбаси Юнусободдаги йирик бозор ёнида жойлашган "Drujba Burger" кафесиига бориб, вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди.

“Мен борсам эшигига қулф осилиб, “временно не работает”, деган ёзув ёпиштирилган. Суриштирсам, қачон очилишини ҳеч ким билмаяпти. "Drujba Burger"ни солиқчилар текшираяпти дейишаяпти. У бир пайтлар Тошкентнинг энг машҳур fast-food кафе тармоғи бўлган. Лекин кейинги пайтда унинг рақобатчилари кўпайган. "Big Burger", "King Burger", "Big Way” каби бир қанча кафелар очилган. "Drujba Burger"ни тошкентлик бир ёш тадбиркор йигит очган. Тармоқ оммалашиб кетгач, уни сотиб юборган. Ўзи бироз вақтдан сўнг мотоциклда аварияга учраб ҳалок бўлган””, деди манбамиз.

Вазиятдан хабардор бошқа бир манбамизга кўра, "Drujba Burger" кафеларига бир куннинг ўзида, бир хил вақтда рейд уюштирилган.

Озодлик ҳуқуқ-тартибот идораларидан ушбу борада бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистондаги йирик бозорлар ва фирмаларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли" махсус кучлари томонидан бир неча бор рейдлар уюштирилди.

Жорий йилнинг мартида Ўзбекистонда “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган тадбиркор Баҳодир Каримжоновга тегишли Тошкентнинг “Бўстон” маҳалласида жойлашган ҳашаматли уйни “қора ниқоблилар” босди. Тошкентдаги манбаларга кўра, тадбиркорнинг уйидаги мол-мулки хатланиб, Каримжоновнинг ота-онаси бошқа жойга кўчирилган.

2012 йилнинг январ ойида "қора ниқоблилар", Тошкентдаги Чинни бозорини босган эди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган эди.

2011 йилнинг 17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.

"Қора ниқоблилар" 2011 йилнинг 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.

2011 йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.
XS
SM
MD
LG