Линклар

АҚШ президенти Барак Обама Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденни қўлга олиш учун Вашингтон барча қонуний имкониятларни ишга солишини билдирди.

Обама ҳуқуқ устиворлиги принципига риоя қилинишига кафолат бериш йўлида АҚШ турли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.

Аввалроқ Оқ уй Эдвард Сноуденнинг Москвага учиб кетишига имкон бергани учун Ҳонг Конг расмийларидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирган ва Россия расмийларини жосусликда айбланаётган бу шахсни АҚШга топширишга чақирганди.

Душанба куни Эквадор ташқи ишлар вазири Рикардо Патино ўз ҳукумати Сноуденнинг унга сиёсий бошпана бериш ҳақидаги илтимосномасини кўриб чиқаётганини билдирганди.

Москвадаги Шереметьево аэропорти хавфсизлик хизмати вакили кеча Сноуден Ҳаванага учиб кетмаганини маълум қилган. Аввалроқ Сноуден Кубага учиб кетган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Вашингтон Эдвард Сноуденни жосусликда айбламоқда. Яқинда у АҚШ махсус хизматларининг телефон ва интернет алоқаси мониторингига оид махфий дастурлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилганди.
XS
SM
MD
LG