Линклар

Ўзбек расмийлари қирғизистонлик ҳуқуқ фаолини мамлакатга қўймади


“Бир дунё - Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбари Тўлеқан Исмаилова

“Бир дунё - Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбари Тўлеқан Исмаилова

24 июн куни Ўзбекистон пойтахтига учиб кетган қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова Тошкент аэропортидан чиқарилмади. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг қизи Лира Исмаилова маълум қилди.


Унинг айтишича, кеча оқшом франциялик ҳамкорлари ҳамроҳлигида Тошкентга учиб кетган Тўлеқан Исмаиловани ўзбек расмийлари шаҳарга киритмаганлар.

- Кеча кечқурун соат 11 ларда онамнинг шахсий почта қутисидан Тошкент аэропортига етиб келгандан кейин у тутиб қолингани ҳақида хабар олдим. Онам ўз хатида ўзининг тутиб турилиши сабаблари ҳақида унга ҳеч қандай изоҳ берилмаганини маълум қилган. Фақат ўша ердаги ходимлардан бири унинг “қора рўйхат”да эканини, шунинг учун уни тутиб турганларини айтган. Онамнинг телефонида роуминг бўлмагани ва шу сабабли қўнғироқ қилолмагани учун у ўзига почта орқали битта хабар жўнатишга изн беришни илтимос қилибди, - деди Лира Исмаилова.

Суҳбатдошимиз онаси билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаганини айтади.

- Биз аэропорт хизмати билан боғланишга уриниб кўрдик, аммо улар ҳеч қанақа маълумот бермадилар. Мен фақат эрта тонгда аэропортнинг паспорт назорати билан боғланишга муваффақ бўлдим. Улар Тўлеқан Исмаилова рўйхатларда йўқлигини ва онамни тутиб қолмаганларини маълум қилдилар, яъни онам улар олдигача етиб келмаган. Улар менга чегара хизматига қўнғироқ қилишни тавсия қилишиб, уларнинг телефон рақамларини бердилар. Мен Чегара хизматига қўнғироқ қила бошладим. Аввал-бошда улар менга: “Бошқа ерга тушиб қолдингиз” деб, ҳеч қанақа маълумот беришмади. Бу рақамни паспорт хизматидан олганимни айтганимдан кейин уларда бу борада ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтишди. Кейин бу рақамни бошқа ҳамкасбларга ҳам йўлладик. Улардан бири Ўзбекистон чегара хизмати билан сўзлашишга муваффақ бўлибди ва бу ҳамкасбимизга Тўлеқан Исмаилованинг қайтиши учун чипта жўнатиш лозимлигини айтишибди, - деди Лира Исмаилова.

Унинг айтишича, онаси ўз хатида аэропорт ходимларидан бири уни бир ҳафтадан кейин депортация қилишларини айтганини ёзган. “Ваҳоланки, онамнинг ёнида пайшанба куни қайтиш учун чипта бор эди”, дейди Лира Исмаилова.

Суҳбатдошимиз Тўлеқан Исмаилованинг Тошкент аэропортида тутиб қолгани ҳақида халқаро ташкилотларга хабар берганларини, улар эса Исмаилова учун яқин рейслардан бирига чипта олишни маслаҳат беришганини айтди.

Шундан сўнг Тўлеқан Исмаилованинг яқинлари 25 июн куни соат 12 да Олмаотага учадиган рейсга чипта олганлар ҳамда бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкент аэропорти ходимларига хабар берганлар.

Лирага кўра, Тошкент аэропорти масъуллари Тўлеқан Исмаиловага чиптани бериб қўя олмасликларини, бироқ бу ишни Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари амалга оширишлари мумкинлигини маълум қилганлар.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасидан Лирага чиптани Тўлеқан Исмаиловага топшириш учун масъул ходим аэропортга жўнаб кетганини айтганлар.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Қанатбек Шаршенбек бугун тушдан кейин ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова Тошкентдан Олмаотага учиб кетишга муваффақ бўлганини билдирди. Ҳуқуқ ҳимоячиси билан учрашишга муваффақ бўлган қирғизистонлик дипломатга кўра, Исмаилованинг соғлиғи жойида, аҳвол-руҳияси яхши.

“Бир дунё - Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбари Тўлеқан Исмаилова, уни яқиндан билган кишиларнинг гувоҳлик беришларича, чор-атрофда содир бўлаётган воқеаларга холис баҳо бера оладиган кам сонли ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаевга кўра, Тўлеқан Исмаилова 2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда содир бўлган қонли тўқнашувлар чоғида ҳам барча миллат вакилларига бир кўз билан қарай олган мард аёлдир.

- Ўш фожеаси кунлари Тўлеқан Асаналиевнанинг кўрсатган хизматларини Нобел премияси билан мукофотласа бўлади. 13 июн – қирғин авжидалик пайтида Ўшга Тўлеқан Асаналиевна, Омбудсмен Турсунбек Ақун, Азиза Абдурасулова (“Қилим шами” ташкилоти раҳбари, ҳуқуқ фаоли – таҳр.) келиб, Солижон ака Маҳмудов (ўшлик ҳуқуқ фаоли) ва мени уйдан олиб чиқиб кетди. Обладминстрацияга борсак, энди қўяверасиз – даҳшат ҳар томонлама... Ўшанда икки ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси – Солижон ака иккаламизни олиб, биринчи бўлиб ўзбек кварталларига борган мана шу Тўлеқан Асаналиевна бўлади. Черёмушкадаги "Отхона"га бориб, минглаган одамларнинг арз-додини эшитиб, ҳалигилар билан бирга қўшилиб йиғлаб, кейин бориб ҳукумат аъзоларининг бўйнидан олган мана шу Тўлеқан Асаналиевна бўлади. “Эртага икки халқнинг бирга яшаши бор, тўхтатасанми-йўқми?” деб, Исмаил Исақовга (ўша пайтдаги Қирғизистон Муваққат ҳукуматининг жануб бўйича махсус вакили, Мудофаа вазири) қаттиқ гапирганининг мен ўзим шахсан гувоҳиман. Бугунги кунда нима учун Тошкентдан бунақа қилди (депортация қилди демоқчи - таҳр.) – мен ҳайронман бунга, - деди Иззатилло Раҳматуллаев.

Айни пайтда ўшлик ҳуқуқ фаоли ўз ҳамкасби Тўлеқан Исмаилованинг ўзбек расмийлари қора рўйхатига тушишига 2005 йилдаги Андижон қирғинидан кейин Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтган ўзбек қочқинларига кўп ёрдам бергани ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмайди.

Тўлеқан Исмаилованинг шу кунларда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод қилиш йўлида тинмай ҳаракат қилаётгани ҳам кўпчиликка маълум.

Ўзбекистон расмийлари ўзи учун номақбул хорижлик журналист ва ҳуқуқ фаолларини мамлакатдан депортация қилиб келади. Масалан, ўтган йилнинг март ойида Тошкентга учиб борган Би-би-си журналисти Наталя Антелава, апрел ойида учиб борган “Новая газета” (Россия) фотомухбири Виктория Ивлева, сентябр ойида учиб борган BBC Monitoring гуруҳи ходимаси Багила Бухарбаева (Қозоғистон) мамлакат ичига қўйилмаганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG