Линклар

logo-print

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида қора ниқоблилар гуруҳи рейд ўтказмоқда. Ўртачирчиқнинг Тўйтепа шаҳарчасидаги ҳамда Туябўғиз сув омбори (Тошкент денгизи) ён атрфида жойлашган дам олиш масканлари, кафе ва ресторанларга икки кундан бери давлат назорат идоралари қора ниқоб таққан ва автоматлар билан қуролланган гуруҳ ёрдамида бостириб кирмоқда. Ўртачирчиқдаги Озодлик манбаларига кўра, бу ерга дам олгани келган фуқароларга нисбатан куч ишлатилган.


Қора ниқоблилар дам у ерда, дам бу ерда пайдо бўлмоқда


Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида душанба кунидан бери қора ниқобли гуруҳ ёрдамида ўтказилаётган текширувларда вилоят ҳокимияти, прокуратура, солиқ инспекцияси ходимлари иштирок этмоқда.

Ўртачирчиқнинг Туябўғиз сув омбори (Тошкент денгизи) ён-атрофидаги ҳамда Тўйтепа шаҳарчасидаги ресторан ва кафелар, дам олиш масканлари ёппасига ёпиб қўйилган, дея хабар қилди Озодлик манбаларидан бири.

Шахси сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган туябўғизликлардан бирининг айтишича, қора ниқобли гуруҳ автобусларда юриб, дам олиш масканларини кутилмаганда босишмоқда:

- Кеча мен ўзим кўрдим, битта автобус, битта УАЗ машинада келишган. Ўшалар ГАИнинг машинасида у ëқдан бу ëққа боришиб, дам у ерда пайдо бўлишади, дам бу ерда пайдо бўлишади. Мана шунақа қилиб хусусий машиналарга анча-мунча (тазйиқ қилишди), террорга ўхшаган нарса бўлдида қисқаси. Одамлар анча-мунча қийналиб қолди. Машиналар йўқ кўчада. Иссиқда қолиб кетишди одамлар. Ўзим кўрдим.

Суҳбатдошимизнинг яна айтишича, рейд ўтказаётган гуруҳ Тошкент денгизига дам олгани келган фуқароларга нисбатан ҳам қўпол муносабат қилмоқда:

- Қора кийимдагилар 24 июн куни Ўртачирчиқ туманига келишган. Хусусий машиналарга анча-мунча тазйиқ ўтказишган. Уч-тўрттасини урган экан улар. Бўйсунмаганми нима бўлган. Ундан ташқари Тошкент денгизи атрофида қўйилган сўриларни синдириб ташлашибди. Тўйтепа Металлконструкция заводининг профилакторийси бор. Ўша ердаги дачаларга ҳам киришиб, анча-мунча зиëн етказишибди экан ўша ерда дам олаëтганларга, дейди суҳбатдошимиз.

Тошкент денгизи атрофида жойлашган хусусий дам олиш масакнларидан бирининг ходими ҳам текширув ўтказилаётгани тасдиқлаб, “ҳозир ҳамма жойни беркитиб қўйишди, дам олгани келган фуқаролар ортга қайтиб кетмоқда”, дея таъкидлади. Унинг айтишича, Ўртачирчиқдаги дам олиш масканлари ва ресторанлар қачон қайта очилиши ҳозирча номаълум.

Рейдлар генерал ҳоким ташаббуси билан ўтказилмоқда


Узметроном Интернет нашрининг ёзишича Тўйтепада қора ниқоблилар рейдлари якшанба куни ўтказилган. Тошкент вилоятига янги ҳоким этиб тайинланган Аҳмад Усмонов ташаббуси билан ўтказилган рейдлар давомида хусусий дўконлардан молларни олиб чиқиб кетган, дея ёзди Узметроном.

Туябўғизлик манбамиз ҳам, рейдлар Тошкент вилоятининг янги ҳокими буйруғи билан ўтказилмоқда ва яна бир ҳафта давом этиши мумкин, дейди:

- Айтишаяптики, яна бир ҳафтами бўларкан дейишаяпти. Биттаси айтдики, улар приказ кутаëтган экан. “Ҳозир қилаëтган иши тўйдан олдинги озгина дабдабабозлик экан. Тўй энди бошланармиш” деган маънодада. Янги ҳоким Андижондан келган. Ўзи Наманган началник милицияси бўлган. Таги самарқандлик одам. Генерал унвони бор экан. Қисқаси шунақа, дейди Туябўғиз посёлкасида яшовчи суҳбатбошимиз.

Тошкент денгизи ёз ойларида Тошкент шаҳри ва вилоятининг кўп миллионлик аҳолиси дам оладиган курорт ҳудудлардан биридир.

Ўтган ҳафта бошида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ курорт зонасида ҳам давлат идоралари қора ниқоблилар ёрдамида рейдларни уюштирган эди.

Чорвоқда ҳам қора ниқоб тақиб олган ва формасининг орқа тарафига "АНТИТЕРРОР" ёзуви туширилган гуруҳ хусусий дам олиш масканларига бостириб кириб, у ерда дам олаётганларга зўравонлик қўллаган эди.

Тошкент вилоятида уюштирилаётган рейдлар расмийлар томонидан изоҳланганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG