Линклар

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуден билан боғлиқ вазиятга расмий Кремлнинг умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Сешанба кунги матбуот анжуманида қилган чиқиши пайти Сергей Лавров Сноуденнинг Россия чегарасини кесиб ўтмаганлигини билдирди.

Лавров АҚШнинг Россия Сноуденга кўмаклашгани ҳақидаги айбловларини "асоссиз ва номақъбул" дея атади.

Вашингтон Сноуденнинг ҳануз Москвада эканлигини тахмин қилмоқда.

Оқ уй Эдвард Сноуденнинг Москвага учиб кетишига имкон бергани учун Ҳонг Конг расмийларидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирган ва Россия расмийларини жосусликда айбланаётган бу шахсни АҚШга топширишга чақирганди.

АҚШ президенти Барак Обама Эдвард Сноуденни қўлга олиш учун Вашингтон барча қонуний имкониятларни ишга солишини билдирди.

Душанба куни Эквадор ташқи ишлар вазири Рикардо Патино ўз ҳукумати Сноуденнинг унга сиёсий бошпана бериш ҳақидаги илтимосномасини кўриб чиқаётганини билдирганди.

Вашингтон Эдвард Сноуденни жосусликда айбламоқда. Яқинда у АҚШ махсус хизматларининг телефон ва интернет алоқаси мониторингига оид махфий дастурлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилганди.
XS
SM
MD
LG