Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:09

Ходорковский иқтисодий амнистияга тушмайди


Россияда эълон қилинган ва қилинаëтган амнистиялар¸ Путиннинг хусусий рақиби сифатида кўриладиган Михаил Ходорковскийга нисбатан қўлланилмай келмоқда.
Россияда эълон қилинган ва қилинаëтган амнистиялар¸ Путиннинг хусусий рақиби сифатида кўриладиган Михаил Ходорковскийга нисбатан қўлланилмай келмоқда.

Кейинги ҳафта Россия парламентининг қуйи палатаси иқтисодий авф тўғрисида қонун лойиҳасини муҳокама қилади.

Бу ҳақда журналистларга маълум қилган Дума спикери Сергей Наришкинга кўра, “Амнистия эълон қилиш тўғрисида” ги қарор лойиҳаси муҳокамаси Россия парламентининг ёзги таътилга чиқиши олдидан бўлиб ўтади.

Иқтисодий авф ғоясини ўтган ҳафта Петербургда бўлиб ўтган Халқаро иқтисодий форумда сўзга чиққан Россия президенти Владимир Путин таклиф этди.

Путин амнистияга тушадиган тадбиркорлар доирасини ҳам ўзи чегаралаб берди:

- Лойиҳага биноан, амнистия тадбиркорлик фаолияти соҳасида жиноят содир этган, аммо биринчи маротаба судланаётганларга тегишлидир. Улар келтирилган зиён ва жабрланганларга келтирган зарарни қоплаган ёки қоплашга рози бўлганлардир. Уларнинг судланганлиги бекор қилинади, деди Владимир Путин ва шу жойдаёқ авф кимларга нисбатан қўлланмаслиги кераклигини ҳам қўшимча қилиб ўтди:

- Амнистияга зўравонлик қилган ёки куч ишлатиш таҳдиди билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар тушмаслиги керак, бу биринчидан. Иккинчиси¸ бунга пул қалбакилаштириш жиноятларини содир этган, бошқа фуқароларни алдаган, уларнинг квартираларини тортиб олган шахслар тоифаси ва шунга ўхшаш товламачи, рейдерлар киритилмаслиги керак, деди форумда сўзга чиққан Владимир Путин.

Кўпчиликни ЮКОС компанияси менежерлари, жумладан Михаил Ходорковский ва Платон Лебедевларнинг авф этилаётганлар қаторига киритилиши-киритилмаслиги саволи қизиқтираётган эди.

Россия раҳбарининг охирги сўзлари бу иккиланишларга нуқта қўйди: 2003 йилдан буён турмада қолаётган ва аллақачон икки карра судланган Ходорковскийга қўйилган расмий айблардан бири товламачилик ва амнистия бу тоифага қўлланилмайди.

Россия Адлия вазирлиги Путин ҳукумати жорий қилишга тайёрлаётган иқтисодий авф бўйича 10 мингга яқин одам озодликка чиқарилиши мумкинлигини очиқлади. Лекин кузатувчилар фақат иқтисодий моддалар бўйича қамалганлар сони 1,5 минг кишини ташкил этиши, қолганлар қаллоблик, камомад ва ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар асосида қамалганини таъкидламоқда.

Петербург Иқтисодий форумида Россия президенти Дума депутатларидан амнистия бўйича барча муҳокама-тасдиқлашларни 6 ой давомида якунлашни сўради. Бу сўров амалга оширилса¸ иқтисодий жиноятлар бўйича Россияда қамалганлар 2013 йилнинг охирига қадар озодликка чиқарилиши мумкин.

Тадбиркорлар масалалари бўйича Россия омбудсмани Борис Титов Думага киритилган лойиҳа аввалига Жиноят Кодексининг 50 та “иқтисодий” моддасини ўз ичига олгани, бироқ “муҳокамалар” давомида моддалардан 30 таси қолдирилганини билдирди.

“Pro et Contra” нашри бош муҳаррири, сиёсатшунос Мария Лимпан Озодлик мухбирига Россияда тадбиркорлик эркинлигини ошириш ва иқтисодий вазиятни яхшилаш учун иқтисодий авф каби чоралар билан бирга, сиёсий ислоҳотларни жорий қилиш зарурлигини таъкидлади:

- Мамлакат бедодлик ва қонунсизлик домига тортилаётган шароитда, бизнеснинг ишончини тиклаш ва одамларни ўз мамлакатида тадбиркорликка жалб қилиш учун бу чоранинг таъсири йўқ даражада бўлади, деб ҳисоблайман. Фуқаролар, тадбиркорлар ва тадбиркор бўлмаганлар агарда сенда ҳукумат билан муаммоларинг пайдо бўлган бўлса, судларда ҳеч қандай адолат топа олмаслигинг тўғрисида ҳаддан зиёд ишораларни олмоқда. Сўровларга кўра, бундай фикрловчи россиялик фуқаролар сони 60 фоизни ташкил этмоқда, дейди бугунги кунда Россияда иқтисодий вазият танглиги туфайли сармоя ва тадбиркорларнинг мамлакатни тарк этиши оммавий тус олганини гапирган Мария Липман.

Мария Липман юқорида тилга олинган сабабларга кўра, Путиннинг энг асосий сиёсий рақиби саналган Михаил Ходорковскийнинг озодликка чиқишига мутлақо ишонмаслигини қўшимча қилди.

Айни дамда, матбуотда Россия Тергов қўмитасида "ЮКОС иши" юзасидан "учинчи" тергов-суриштирув амалиётлари бошлангани ва Ходорковский муддатининг янги айбловлар асосида яна узайтирилишига тайёргарлик кўрилаётгани хабар қилинмоқда.

26 июн куни ўз 50 йиллик таваллуд кунини турмада нишонлайдиган Михаил Ходорковскийнинг жорий қамоқ муддати 2014 йилнинг 25 октябрида тугаши керак.
XS
SM
MD
LG