Линклар

Обама: Сноуденни қўлга олиш учун барча воситалар ишга солинади


29 ёшли Эдвард Сноуден АҚШ томонидан жосусликда айбланиб, қидирувга берилган.

29 ёшли Эдвард Сноуден АҚШ томонидан жосусликда айбланиб, қидирувга берилган.

АҚШ Президенти Барак Обама Америка ҳуқуқ-тартибот идораларидан қочиб юрган Эдвард Сноуденни қўлга олиш учун барча воситалар ишга солинишини ваъда қилди. АҚШ томонидан жосусликда айбланаётган Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Сноуден якшанба куни Ҳонг Конгдан Москвага учиб келгач, қаерга ғойиб бўлгани ҳамон номаълум қолмоқда. Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Сноуденнинг яширинишига кўмак берганига оид АҚШ айбловларини кескин тарзда рад қилди.



Барак Обама душанба куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШга қарши жосусликда айбланаётган МРБ собиқ ходими Эдвард Сноуден ишини яқиндан кузатётгани ва уни қўлга тушириш учун барча воситалар ишга солинишини таъкидлади:

- Ҳозирча билганимиз шуки, қонун устуворлигига амал қилиш учун барча тегишли чоралар, қонуний каналлар ишга солинмоқда ва биз бу борада турли мамлакатлар билан биргаликда ишламоқдамиз. Бунга оид бошқа масалалар билан Адлия вазирлигига мурожаат қилишингизни маслаҳат қиламан, деди президент Обама.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими 29 ёшли Эдвард Сноуден Америка ҳукуматининг кузатув дастурларига оид махфий ахборотни ошкор қилгани учун қидирувга берилган. Расмий Вашингтон Интернет ва телефон коммуникациялар кузатувини ўз ичига олган мазкур дастур ёрдамида ўнлаб террор xуружининг олди олинганини айтмоқда.

Ҳозирда Сноуденнинг қаердалиги номаълумлигича қoлмоқда. АҚШ ҳукуматининг Сноуденни экстрадиция қилишни сўраб Хитой ва Россияга мурожаат қилганига қарамасдан, у якшанба куни Ҳонг Конгдан Москвага учиб келди.

Собиқ МРБ ходимининг душанба куни Аэрофлот рейси билан Москвадан Ҳаванага учиб кетиши кутилаётган эди. Сноуденга кўмаклашаётган WikiLeaks ташкилоти асосчиси Жулиан Ассанж америкалик собиқ разведка ходими Москвани тарк этиб, Эквадорга йўл олганини иддао қилмоқда. Унга кўра¸ Сноуден Эквадордан сиёсий бошпана сўраган.

Ўзи ҳам бир йилдан бери Лондондаги Эквадор элчихонасида яшириниб юрган Ассанж Сноуден ҳозирда “хавфсиз жойга” етиб олганини таъкидлаб, унинг айнан қаердалигини очиқлашдан бош тортди.

Бироқ Оқ уй Сноуденнинг ҳали ҳам Москвада эканини айтмоқда. Оқ уй матбуот вакили Жеймс Карни душанба куни қилган чиқишида Москвани Сноуденни Америкага топширишга чақирди:

- Бостон портлашларидан кейин Россия билан ҳамкорлигимиз қалинлашгани ҳамда Россия билан қонун устуворлигини таъминлашдаги ҳамкорлигимиз тарихи, жумладан Россия сўровига кўра, кўплаб жиноятчиларни Россияга жўнатганимизни инобатга олган ҳолда, Россия ҳукуматидан жаноб Сноуденни экстрадиция қилишнинг барча имкониятларини кўриб чиқишини кутамиз, деди Оқ уй расмийси.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия Сноуден масаласида Қўшма Штатларга қарши ўйнайдиган бўлса, бунинг оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди. Бу одам “ўз мамлакатига нисбатан хоинлик қилиб, энди ўзини қонундан устун деб билмоқда”, дея таъкидлади Керри.

Москва Сноуденнинг учинчи мамлакатга ўтиб кетиш ҳаракатларига кўмакалашаётганига оид айбловларга жавобан сешанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кескин оҳангда жавоб қайтариб, Россиянинг МРБ собиқ ходимига ҳеч қандай алоқаси йўқ, дея баён қилди:

- Даставвал бир нарсани айтмоқчиман. Бизнинг на жаноб Сноуден, на унинг Америка адлияси билан муаммолари ва на унинг жаҳон бўйлаб ҳаракатланишига алоқамиз бор. У ҳаракатланиш маршрутини ўзи танлаган. Бу ҳақда биз шу ерда ўтирган кўпчилик каби, оммавий ахборот воситларидан хабардор бўлдик. У Россия чегарасини кесиб ўтмаган, деди Лавров.

Россия бош дипломати бу масалада Россияга нисбатан босим ва таҳдидлар ноўрин эканини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда, Америкалик қатор сиёсатчилар Сноуденнинг Москвага учиб бориши Кремл розилигисиз амалга ошмаганини таъкидламоқда.

Оқ уй матбуот вакили Жэймс Карни Сноуденни эксртадиция қилишдан бош тортган Хитой расмийларини ҳам танқид қилди:

- Бу шунчаки Ҳонг Конг иммигарция хизмати вакилининг техник қарори бўлганига оид гапларга ишонмаймиз. Бу қонундан қочиб юрган шахсни ҳибсга олиш сўровига қарамасдан, ҳукумат тарафидан билиб туриб қабул қилинган қарордир. Ва бу қарорнинг, шубҳасиз, АҚШ-Хитой муносабатларига салбий таъсири бўлади, деди Карни ва Хитой билан муносабатларга путур етганини қўшимча қилди.

29 ёшли Эдвард Сноуден АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг Ҳавайидаги идорасида ишлаган ва ўтган ойда АҚШ махфий хизматларининг кузатув дастурларига оид ахборотни матбуотга сиздирган эди. У федерал ҳукуматга қарашли мулкни ўғирлаганлик, миллий мудофаага доир махфий ахборотни атайлабдан ошкор қилганликда айбланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG