Линклар

Каримов баëнотидан сўнг Тошкентда тиланчилар "тугатилмоқда"

  • Сарвар Усмон

Шу кунларда бозор қўриқчилари зиммасига юклатилган янги мажбуриятлардан бири¸ айтилишича¸ бу ердаги тиланчиларни қийратишдир.

Шу кунларда бозор қўриқчилари зиммасига юклатилган янги мажбуриятлардан бири¸ айтилишича¸ бу ердаги тиланчиларни қийратишдир.

Ислом Каримовнинг 19 июн куни Ўзбекистонда ҳаëт фаровон бўлиб кетганидан ҳеч қаерда тиланчи қолмади¸ деган гапидан сўнг пойтахти бозорларида тиланчиларга қарши кураш кетмоқда.

Ўтган ҳафта охирида бошланган бу кампаниянинг 25 июн куни ҳам давом этганига Озодлик ҳамкори шахсан гувоҳ бўлди.

Ҳамкоримиз Чорсу бозоридан собиқ ГУМга олиб ўтувчи ер ости йўлагида она-бола тиланчиларни икки милицинер куч ишлатиб ҳайдагани тўғрисида хабар қилди.




Каримов тиланчи тополмади

Президент Каримов Жиззахда маҳаллий фермерларга гап уқтирар экан:

- Қидирсанг тополмайсан тиланчини ҳозир. Мана, Худога шукур қилиш керак, йўқ. Жиззахда борми кимдир қўлини тортиб ë сўраб ўтирганлар? Эътибор беринглар шунга.

Ислом Каримовнинг бу гаплари 19 июн куни янгради.

Озодлик тиланчи билан суҳбатлашган эди

Бундан 45 кун муқаддам, 10 май куни эса, Озодликка айнан жиззахлик бир тиланчи боғланиб¸ ўз ҳаëти ҳақида ҳикоя қилган эди:

Тиланчи: Мен ўзим ҳам, мисол учун, гадойчиликка чиқиб тураман Тошкентда. Шу гадойчилик билан боқаман оиламни.

Озодлик: Неча йилдан бери, ўзингизнинг тилингиз билан айтганда, гадойчилик қиласиз?

Тиланчи: 15 йиллар бўлди.

Озодлик: Гадойчиликни қай шаклда қиласиз?

Тиланчи: Мисол учун, бозорларга бориб, дуо қиламиз одамларни. “Оллоҳим касб-корларингизга баракот берсин” деймиз. Хуллас пулини олишга ҳаракат қиламизда, одамларнинг. Лекин юракдан дуо қиламиз.

Оиласини 15 йилдан бери тиланчилик билан боқиб келаётган бу киши билан 25 июн куни яна боғландик. Унинг айтганларига лавҳамиз охирида қайтамиз.

Маҳаллада тиланчи йўқ...

Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги маҳаллалардан бири қўмитаси вакилининг сўзлари аввалига Ислом Каримов айтган фикрнинг тасдиғидай эшитилади:

Қўмита вакили: Йўқ, унақа оиламиз йўқ. Эҳтиëжманд оиламиз бор битта. Лекин улар ҳам тиланчилик қилмайди. Ўзлари ишлаб, меҳнат қилишади, фақат етказа олмайди. Унақа тиланчилик қилиб кун кўрадигани йўқ бизларда.

Озодлик: Бошқа жойлардан, бошқа маҳаллалардан келиб тиланчилик қиладиганлар йўқми?

Қўмита вакили: Бизларники ерли маҳалла. Ерли маҳаллада бунақа бўлмайди. Бўлса кўпроқ домли жойларда бўлади. Мисол учун, бошқа жойдан келиб, бировникига квартирант бўлиб туриб олишадида, кейин тиланчилик қилиши мумкин. Ерли маҳаллада ким кираяпти ҳамма биладида. Бу ерга унақа одамлар кела олмайди.

...лекин маҳалла четида бор

Суҳбат давомидан Юнусободдаги маҳаллада яшайдиганлар орасида тиланчи йўқ эканлиги тиланчилар умуман йўқ, дегани эмаслиги аён бўлади.

Озодлик: Тиланчи борми ҳаëтда ўзи? Кўзингиз тушадими?

Қўмита вакили: Бор. Кўприкнинг олдига боринг, подземний ходлар борку, подземний ходларда туради барибир.

Латент тиланчи

Ногиронлар тиланчилар сафи сийраклашиб қолмаслиги гаровидир.

Лекин тошкентлик Шуҳрат ака кўзи ожиз бўлишига қарамай, қўл очиб кўчага чиққан эмас. Шундай бўлса-да, у ўзини “латент тиланчи”, деб билади. Ўзининг тиланчилик “усули” тўғрисида мана бундай ҳикоя қилди у:

- Бизларники кўриниши шунақангики, бир ëққа столовойга борсак, пулини тўлаëтганда ярим пулини берамиз ëки бўлмаса бир хиллари (ошпазлар) майли, керакмас, дейди. Масалан, таксига ўтирсак, 5-10 минглик жойга 1000-2000 бериб, шундан озгина эконом қиламиз. Меники шунақа ҳозирча. Ҳали унақа кўчага чиққаним йўқ. Кўчага чиқиш қолди-да фақат тиланчилик қилишга. Берган пенсияси етмайди.

Тиланчиликдан қутулиш гарови

Шуҳрат аканинг айтишича, унинг ва унга ўхшаш бошқа ногиронлар боши узра тиланчига айланиб қолиш таҳдиди ҳар доим мавжуд.

"Бу таҳдиддан қутулиш учун ногирон пенсияси неча пул бўлуви керак?", деб сўрадик Шуҳрат акадан:

- Бир ўзига бўлса камида 400-500 минг керак. Мана, масалан, мен 200 минг оламан. Зўрға овқатимга етади. На носки ололаман, на кўйлак ололаман, на трусик ололаман. Ҳар биттаси қиммат туради. 5-10 мингдан туради. Илгари 100 сўмга союз пайтида яшаса бўларди, бир амаллаб. Овқатингизга ҳам, яна битта-яримта шим, кўйлакка етарди. Ҳозир унақамас. Гўшт деган нарсани кўраëтганимиз йўқ. 25 минг гўшт, деб зорланди тошкентлик “латент тиланчи” Шуҳрат ака.

Тиланчилар классификацияси

Президентнинг кўзига тиланчилар кўринмагани - улар йўқ, дегани эмас.
Шу кундаги тиланчиларни ҳатто “фаолият усуллари” ёки “ишлайдиган” жойларига қараб классификациялаш мумкин.

Ҳар ҳолда фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмоновнинг ҳикоясидан тиланчиларни “масжидчилар”, “бозорчилар”, “маҳаллачилар”, “мусиқачилар”га ажратдик. (Бу ишни Сиз ўзингиз давом эттиришингиз мумкин)

Маъруфжон Абдураҳмонов таърифича,

“Масжидчи” тиланчилар

- Жума масжидларида бўлади, доим бир хилда сўзлар билан тиланади, бир хил гапларни гапиради, бир хил кийим билан туради.

“Бозорчи” тиланчилар

- Бозорнинг дарвозаси олдида туради. Кўчада, айтайлик, магазинларнинг олдида, қатор аптекалар олдида. Доимий иш жойи ўша ерда бўлганлар бўлади.

“Маҳаллачи” тиланчилар

- Айланиб юришади. Улар уйма-уй юриб, кўп қаватли уйларнинг эшикларида туради. Бошларига оқ саллани ўраб олади, “қиладиган эҳсонингиз йўқми” деб туради.

“Замонавий” тиланчилар

- Бундайлар идораларга, ташкилотларга кириб, “Фалон жойда дарвешона қилмоқчи эдик, атаганларинг бўлса берворинглар”, дейишади.

“Мусиқачи” тиланчилар

- Одатда бир жуфт бўлишади. Биттаси ноғора чалади. Биттаси - бошқа асбоб. Ҳиндларникига ўхшаш ноғора чаладиганлариям бор.

Тиланчининг миллати йўқ. Ҳаммаси – ўзбекистонлик!

Тиланчиларни классификациялар экан, фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов эътиборимизни тиланчиларнинг миллатига қаратишга уринди. Уларнинг орасида “ўзбеклар оз, ҳатто деярли йўқ”, деди.

Лекин Ислом Каримов “Ўзбекистонда тиланчи қолмади”, дер экан, ўзбекларнигина эмас, барча ўзбекистонликларни назарда тутганини эслатмоқчимиз.

Жиззахлик тиланчи: Мен – мен эмас!

Мавзуни ёритишга тайёргарлик кўрар эканмиз, бундан 45 кун муқаддам, 10 май куни суҳбатлашганимиз жиззахлик тиланчи билан яна боғландик.

Мақсадимизни – Президентнинг тиланчилар тўғрисида айтганларидан келиб чиқиб, бир-иккита савол бермоқчи эканлигимизни тушунтирдик.

“Адашдингиз”, деди аввалига ўз исмини ҳам, каминани ҳам таниб, май ойидаги суҳбатимизни эслаган киши, “бу менинг телефоним эмас ва умуман, мен – мен эмас”.

Тиланчи телефонини ўчирди – қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG