Линклар

Толиблар президент саройига ҳужум қилди


Afghanistan -- An Afghan security force stands guard as a ambulance arrive near entrance gate of the Presidential palace in Kabul, 25Jun2013

Afghanistan -- An Afghan security force stands guard as a ambulance arrive near entrance gate of the Presidential palace in Kabul, 25Jun2013

25 июн куни “Толибон” жанггарилари Афғонистон президенти саройига ҳужум қилди. Томонлар ўртасидаги отишма бир ярим соат давом этди. Ҳужум расмий Кобул билан “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик сўзлашувлари режалаштирилаётган бир пайтга тўғри келди.

Полиция маълумотларига қараганда, толибларнинг Кобул шаҳрида президент саройига қилган ҳужуми ҳукумат кучларининг муваффақияти билан якун топди. Ҳужум қилганларнинг барчаси йўқ қилинди. Афғонистон пойтахти полиция бошқармаси бошлиғи Аюб Саланги журналистларга:

- Дарвозада турган соқчилар қаршилик кўрсатди. Ҳужум қилган уч киши йўқ қилинди. Вазият изга тушганини, муаммо йўқлигини кўриб турибсизлар, деди.

Афғонистон расмийлари полиция бошлиғи баёнотидан кейин берган маълумотларга кўра, бир ярим соатга чўзилган отишма давомида ҳужум қилганлардан 4 киши ўлган. Президент гвардиясидан эса, 3 аскар ҳалок бўлгани билдирилди.

Кобул шаҳри полицияси бошлиғи ўринбосари Дауд Амин Озод Европа/Озодлик радиоси афғон хизмати саволларига жавоб берар экан, амалга оширилган ҳужум тафсилотларини айтиб берди:

- Дарвозанинг хавфсизлиги НАТО аскарлари томонидан таъминлангани учун у ерда Халқаро Кучлар соқчилари турган. Дарвоза олдига бири оқ, иккинчиси кулранг икки машина келган. Эгнида чет эл ҳарбий кийими бор кишилар тушган кулранг машина текширилгандан сўнг, ичкарига киришга рухсат берилган. Бу машина 30-40 метр ичкарилагач, соқчилар иккинчи машинани тўхтатган. Соқчилар ўз саволларини бера бошлагач, машинадагилар ўқ уза бошлаган ва отишма бошланиб кетган. Соқчилар ўз позицияларини эгаллаб олган ва шундан сўнг бомба ўрнатилган машина портлатилган.

Бу воқеани айрим кузатувчилар “Толибон” ҳокимиятдан ағдарилганидан бери ўтган 12 йил давомида амалга оширилган энг ашаддий ҳужум, деб баҳоламоқда.

Ҳужум президент Хамид Карзай матбуот анжумани ўтказишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда амалга оширилди.

Президент маъмуриятидан олинган маълумотга қараганда, ҳужум амалга оширилган вақтда президент бинода бўлган, лекин унга зарар етгани йўқ.

Афғонистон президенти саройи Мудофаа вазирлиги биноси ҳамда собиқ “Ориёна” меҳмонхонасига яқин жойлашган. Бу меҳмонхона АҚШ Марказий разведка бошқармаси қароргоҳи сифатида ҳам таниқли бинодир.

Ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Толибон” ҳаракати вакили Зибиҳулла Мужоҳиддинга кўра, ҳаракат жанггарилари президент саройи, Мудофаа вазирлиги ҳамда МРБ ваколатхонасини нишонга олган.

Воқеа “Толибон” ҳаракати Қатар пойтахти Доха шаҳрида Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокаралари учун ўз ваколатхонасини очганидан бир ҳафта ўтиб юз берди. Аввалроқ “Толибон” вакили Муҳаммад Сухайл Шаҳин сиёсий ваколатхонанинг очилиши ўт очиш тўхтади, деган маънони англатмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

АҚШнинг Афғонистондаги элчиси Жим Каннингем амалга оширилган ҳужумни қоралаб, “Толибон”ни эндигина бошланиб келаётган тинчлик жараёнини сақлашга даъват қилди.
XS
SM
MD
LG