Линклар

Коррупцион жанжал туфайли истеъфога кетган Чехия Бош вазири Петр Нечас ўрнига Иржи Руснок тайинланди.

Сешанба куни Чехия президенти Милош Земан бу ҳақдаги қарорни имзолади.

Руснок 2001 йилда Чехия Молия вазири лавозимини эгаллаган. 2002-2003 йилларда Саноат ва савдо вазирлигини бошқарган.

2010 йилда Чехия социал-демократлар партиясидан чиқиб, ҳукумат қошидаги Миллий иқтисодий кенгашга аъзо бўлди.

Аввалроқ Чехия парламентидаги аксар депутатлар янги ҳукуматга ишончсизлик билдиришини маълум қилган. Бундай бўлган тақдирда парламент тарқатиб юборилиб, муддатидан аввал сайловлар ўтказилиши лозим.

Собиқ Бош вазир Петр Нечас яқин ёрдамчиси коррупция ва одамлар ортидан жосуслик қилганликда айбланаётгани билан боғлиқ жанжал сабаб истеъфо берганди.

Чехия прокуратураси Нечас маъмуриятининг бошлиғи Яна Надёвани парламент вакилларидан пора олганлик ва разведка хизматига одамлар ортидан кузатув ўрнатишни буюрганлик айби билан ҳибсга олди. Махфий хизмат ходимлари, Надёва топшириғига кўра, жумладан, бош вазирнинг хотинини ҳам кузатгани айтилмоқда. Нечас ўтган ойда хотини билан ажрашаётганини эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG