Линклар

Вашингтон Москвадан Сноуденни зудлик билан топширишни сўрамоқда


АҚШ расмийлари томонидан жосусликда айбланаётган Эдвард Сноуден.

АҚШ расмийлари томонидан жосусликда айбланаётган Эдвард Сноуден.

АҚШ Россиядан жосусликда айбланаётган ва айни пайтда Москвадаги Шереметьево аэропорти транзит ҳудудида турган ўз фуқароси, Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденни зудлик билан топширишга чақирди.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича вакиласи Кэйтин Ҳейден бунинг учун барча қонуний асослар борлигини урғулади. АҚШ расмийлари томонидан Сноуденнинг хорижга чиқувчи паспорти бекор қилингани ва унга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар шулар жумласидандир.

Ҳейденга кўра, Москванинг бу масала бўйича Вашингтонга ёрдами икки мамлакат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни мустаҳкамлаган бўларди.

Шунингдек, Оқ уй вакиласи Россия президентининг мазкур вазият икки томонлама алоқаларга путур етказмаслиги кераклиги ҳақидаги гапига қўшилишини ҳам таъкидлади.

Оқ уй баёноти Владимир Путин Финляндияда ўтказилган матбуот анжуманида Сноуденнинг Шереметьево аэропорти транзит ҳудудида экани тасдиқлаб, жиноятда гумонланганларни топшириш ҳақида Россия билан АҚШ ўртасида келишув йўқлиги туфайли Сноуденни экстрадиция қилиш мумкин эмаслигини айтганидан сўнг янгради.

Яқинда АҚШ махсус хизматларининг электрон таъқиб дастурлари ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилган Сноуден якшанба куни Ҳонг Конгдан Москвага учиб келган. Аммо у, кутилганидек, душанба куни Москва-Ҳавана йўналиши бўйлаб учадиган самолётга чиқмаган.
XS
SM
MD
LG