Линклар

Тўлеқан Исмаилова ўзбек расмийлари устидан БМТга шикоят қилмоқчи


“Бир дунё – Қирғизистон” ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати раҳбари Тўлеқан Исмаилова.

“Бир дунё – Қирғизистон” ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати раҳбари Тўлеқан Исмаилова.

25 июн куни Тошкентдан депортация қилинган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова ўзига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлган ўзбек расмийлари устидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига индивидуал шикоят йўллаш ниятида.


Бу ҳақда Тўлеқан Исмаилова 26 июн куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Бир дунё – Қирғизистон” ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати раҳбари Тўлеқан Исмаилова ўз ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши душанба оқшомида Тошкент аэропортига етиб борган пайтидан бошланганини айтади.

- Мен Тошкентга 24 июн куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” рейси билан Бишкек вақти бўйича соат 19.25 да учиб кетдим ва чегарадан ўтиш жойидаёқ тўхтатилдим. Чегарачилар компютерида нимадир кўринди шекилли - икки чегарачи олдига яна бошқалари келиб, етти кишилашиб паспортимни текшириб, нималарнидир муҳокама қила кетишди. Улар мени одамлардан ажратиб, “шу ердаги ўриндиқда ўтира туринг, ҳозир чора кўрамиз”, дейишди. Кейин улар мени биринчи қаватга олиб тушишиб, шароити ўта ёмон бўлган бир хонага киритиб, қамаб қўйишди. У ерда қизил рангдаги доғ босган кроват бўлиб, чойшаб ҳам, бошқа нарса ҳам йўқ эди. Ҳожатхонасидан бадбўй ҳид анқир, ҳавонинг димлигига чидаб бўлмасди. Биласизлар, менинг қон босимим бор. Менга ҳатто сув беришмади. Эшикни тақиллатиб, “менга ҳеч бўлмаса сув беринглар” десам, “ёнингизда евро борми, доллар борми?” деб, мендан пул сўрашди. Биттаси келиб ҳатто: “Сизни бир ҳафтадан кейин депортация қиламиз, агар доллар берсангиз, сизга чипта олиб берамиз”, деб айтди. Шу тариқа улар мендан пора талаб қилишаётганини англадим. Иккинчидан, улар менга: “Эрталаб соат бешгача шу ерда ўтиринг”, дейишганди. Мен эрталаб бешда ҳам, олтида ҳам эшик олдига бордим. Эшикни соат саккиздагина очишди. Мен: “Шифокор чақиринглар, бошим чўянга ўхшаб оғирлашиб кетди, ўрнимдан туролмаяпман” деганимдан сўнг шифокорни олиб келишди. Қон босимимни ўлчаган шифокор унинг 160 га 120 бўлиб кетганини айтиб, менга ҳапдори берди, - деди Тўлеқан Исмаилова Тошкент аэропортида ўзига нисбатан террорчига қилгандай муомала қилишганини таъкидларкан.

Айни пайтда қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ўзбекистонлик оддий одамлардан ўта миннатдор эканини айтади. Исмаилованинг айтишича, ҳуқуқ фаоли ўта сувсагани ва қорни очганини, ҳамёнидан икки евро топганини айтганидан кейин уни иккинчи қаватга олиб чиқишган. Иккинчи қаватда ўзини олиб чиққан қўриқчиларга Исмаилова: “Минг сўм (қирғиз сўми назарда тутиляпти - таҳр.) берай, бу 20 долларга тенг, менга ўзбек сўми беринглар, овқатланиб олай” деган, бироқ қўриқчилардан садо чиқмаган. Ҳуқуқ фаолининг бу гапларини ўша ердаги икки болали эр-хотин эшитиб туришган экан.

- Кейин ўша аёл ёнимга келиб, ўн беш минг сўмни столнинг устига қўйиб қўйди. Мен унга: “Мана бу минг сўмни (қирғиз сўми – таҳр.) олинг” десам, пулни олмасдан, “овқатланиб олинг” деб, болаларини етаклаб кетди. Мен ўша ерда йиғлаб юбордим. Сизга айтсам, бу одамлар ўртасидаги зиддият эмас, Ўрта Осиёдаги оддий одамлар бир-биримиз билан туғишганлардай аҳил-иноқмиз ва шундай бўлиши ҳам керак. Бизни шундай аҳволга солган – режим, - деди Тўлеқан Исмаилова транзит ҳудудида яқинлари ва ҳамкасбларига электрон мактуб ёзиб юборишда ёрдам берган бир ўзбек йигитидан ҳам миннатдор эканини қўшимча қиларкан.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ўзининг тез орада Тошкентдан чиқиб кетишида кўмаклашган ҳамкасблари, халқаро ташкилот вакиллари, депутатлар, журналистлар, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларига ҳам миннатдорчилик билдирди.



Ҳуқуқ фаолига кўра, 25 июн куни соат 11.40 да ўзи билан учрашган элчихона ходимлари унинг ўзбек расмийлари “қора рўйхат”ига тушгани туфайли Ўзбекистон ичкарисига қўйилмаганини айтганлар.

Тўлеқан Исмаилова ўзининг бу “қора рўйхат”га тушишига оид тахминлари билан ҳам ўртоқлашди.

- 2009 йили биз Front Line ташкилоти экспертлари билан бирга Мўътабар Тожибоеванинг ( “Ўтюраклар” клубининг ҳозир Парижда истиқомат қилаётган раҳбари – таҳр.) самолётда Тошкентга учиб келишига ёрдам бергандик. Ўша пайтда бизни ҳар жойда суратга олиб юришган, махсус хизматлар таъқиб қилишганди. Аммо у (Мўътабар Тожибоева) қизи билан мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлган, ҳозир ҳам у Ўзбекистонда адолат ўрнатилишини талаб қилиб келаётган халқ вакили ва овози бўлиб келаяпти. Шунингдек, мен ўша йили “Оналар ўлим жазосига қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунованинг ҳам зиёратига боргандим. Бу аёл ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган, - дер экан Тўлеқан Исмаилова Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчлилигача қолаётганини қўшимча қилди.

25 июн куни тушда Тошкент-Олмаота йўналиши бўйлаб учаётган самолётга чиқариб юборилган Тўлеқан Исмаилова ўзбек расмийлари томонидан ўз ҳақлари поймол қилинганини урғулади.

- Биринчидан, улар ахборот олиш имкониятини бермадилар. Самолётга чиққунча, менга паспортимни қайтаришмади. Ёнимдаги қўриқчилардан: “Сиз кимсиз?” деб сўрасам, ҳужжатини бирров очиб кўрсатиб, қайта ёпиб, ўқишга ҳам имкон бермади. Улар ҳатто ўзларини ҳам таништиришмасди – бу жуда ваҳимали ҳолат эди. Ўзбек расмийларига тавсиям шуки, агар улар бир кишини тутиб турсалар, муносиб тарзда ушлаб туришлари керак, бу халқаро стандартларнинг барча тамойилларига мувофиқ бўлиши лозим. Ахир улар БМТ аъзолари-ку. У ердаги муҳит инсон ҳуқуқларига риоя қилишнинг минимал стандартларига ҳам тўғри келмайди ва бу одамни қийноққа солиш билан тенгдир. Бундай шароитдан менинг соғлиғим ёмонлашди, кечадан бери қон босимим ошиб юрибман. Элчихонамиз ходимлари ҳам мен билан учрашиш учун 2,5 соатдан кўпроқ овора бўлишди, - дер экан Тўлеқан Исмаилова эндиликда бу борада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига якка тартибдаги шикоят тайёрлаб жўнатишини қайд этди.

Тўлеқан Исмаилова исталмаган шахс ўлароқ Ўзбекистондан депортация қилинган биринчи хорижлик фаол эмас. Масалан, ўтган йилнинг март ойида Тошкентга учиб борган Би-би-си журналисти Наталя Антелава, апрел ойида учиб борган “Новая газета” (Россия) фотомухбири Виктория Ивлева, сентябр ойида учиб борган BBC Monitoring гуруҳи ходимаси Багила Бухарбаева (Қозоғистон) мамлакат ичига қўйилмаганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG