Линклар

Асал чой - янги "тенденциями" ё "катастрофа"?


Ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларини жумбушга келтирган клип Facebook ва YouTube тармоқларида эълон қилинди.

Ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларини жумбушга келтирган клип Facebook ва YouTube тармоқларида эълон қилинди.

Шу ой бошида YouTube тармоғида пайдо бўлган ўзбекча мусиқавий клип, ўзбек тилида сўзлашувчи Интернет фойдаланувчилари орасида мунозараларга сабаб бўлди. “Асал чойингдек ичгин мени”, деб бошланувчи қўшиқ ижрочиси кўринишидан йигитга ўхшайди, лекин қўшиқчи аёллардек кийиниб олган. Эркак қўшиқчиларнинг аёл ролини ўйнашлари Россия ёки Ғарб шоу оламида одатий ҳолдир, лекин ўзбек эстрадаси учун мисли кўрилмаган ҳолат бўлгани боис, шахси ҳозирча аниқланмаган қўшиқчи ижросидаги клип баҳсларни келтириб чиқарди. Баъзи хабарларга кўра, клип муаллифлари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг қизиқишини ҳам уйғотган.



“Асал чойингдек ичгин мени, новвот чойинг деб билгин мени”, дея муқомлар билан куйлайди қўшиқчи.




Клипнинг яна бир қаҳрамони офисда ўтирган йигит. Унинг ёнига кўҳликкина котиба қиз чой олиб киради. Сюжет линиясидан йгитнинг хаёлида котиба қиз эмас, аёллар кийимидаги йигит ўқтин-ўқтин пайдо бўлишини англаш мумкин.

Facebook ва YouTube тармоқларида эълон қилинган бу клип Интернетнинг ўзбек тилида сўзлашувчи ва Ўзбекистонга доир қисмида баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Асосан Facebook тармоғида қизиган баҳс иштирокчиларининг баъзилари бундай клипнинг пайдо бўлишини ўзбек эстрадасидаги янги тенденциялар, дея талқин қилган бўлса, баҳслашувчиларнинг аксар кўпчилиги уни салбий қабул қилди.

Кимдир, буни “бизга ҳам етиб келишибди-да”, “мана сизга демократия”, қабилида танқид остига олди.

YouTube тармоғида бу клип “ШОК! Ўзбек шоу бизнесидаги катастрофа ёки Асал Чой” сарлавҳаси билан эълон қилинди.

Россия ва Ғарб эстрадасида ёки жануби-шарқий мамлакатларга оид шоу-бизнесда жинсий озчилик, трансвиситит ёки транссексуалларга нисбатан тоқатлироқ муносабат бор.

Масалан, Элтон Жон, Жорж Майкл, Фредди Меркюри, Борис Моисеев каби қўшиқчилар ўз жинсий қарашлари ва ориентациясини ҳеч қачон яширмаган ва уларнинг бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам мухлислари кўп. Лекин ўзбек эстрадасининг ўзида бундай ҳодисага тоқат йўқлигини кузатиш мумкин.

Ўзбек шоу оламидаги ҳодисаларни ёритиб борадигн shov-shuv.uz сайтининг муҳаррири Жасур Ҳамроев, Озодлик билан суҳбатда, бундай кайфият ўзбек жамиятининг умуман жинсий озчиликларга бўлган муносабати билан шартланган, дейди:

- Бизда ҳали-бери бунақа нарсани қабул қилиша олмайди. Ким эшитади уларни? Дунёнинг бошқа мамлакатларида эшитишлари мумкин, лекин бизда унақаларнинг мухлиси кам. Буган тақдирда ҳам, масалан, Элтон Жонни бирор марта бундай расво бўлиб чиққанини кўрганмисиз?

Жасур Ҳамроев, шоу-бизнес оламида кўп нарсага гувоҳ бўлганига қарамай, “Асал чойинг бўлай” клипини анча салбий қабул қилганини қўшимча қилди:

- Мен бу клипни Facebook тармоғида кўрдим. Қабул қилишим қийин бўлди уни, дейди Жасур Ҳамроев.

Озодлик илтимосига кўра клип муаллифлари кимлиги ҳақида суриштирган Жасурнинг айтишича, қўшиқ ижрочисини ҳеч ким танимайди, лекин клипда иштирок этган бошқа актёрлар ўзбекистонлик. Улар бошқа мусиқавий клипларда ҳам бир-икки марта иштирок этишган, дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбек шоу-бизнесига яқин Озодлик манбаси мусиқавий клип Ўзбекистонда тайёрланган, дейди. Унинг айтишича, аёл ролида чиққан қўшиқчи ҳам ўзбекистонлик. Ўзбек эстрадаси мунаққидига кўра, қўшиқчи вилоятларнинг биридан Тошкентга келган, лекин шу пайтгача эстрадада ўз ўрнини тополмаган ва шу боис ҳам ҳеч ким уни танимайди.

Бу суҳбатдошимизнинг яна айтишича, “Асал чойинг бўлай” клипи бу йўналишдаги ўзбек тилида ижро қилинган илк қўшиқ эмас.

“Бу иккинчиси, бундан аввал Азлар исмли бир қўшиқчи ҳам ўзбек тилида шунга ўхшаш бир-иккита қўшиқ айтган. Лекин у ўзбек бўлгани билан Хитойда яшаб ижод қилади, шунинг учун унинг атрофида бунчалик шов-шув бўлмаган”, дейди мунаққид.


Ўзбекистонлик эстрада мунақиддининг айтишича, "Азлар Хитойда яшаб ижод қилгани боис унинг атрофида бунчалик шов-шув бўлмаган".

Шоу-бизнес оламидаги воқеалардан яхши хабардор суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари “Асал чойинг бўлай” клипи ва унинг ижодкорлари ҳақида суриштиришмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG