Линклар

Жанубий Африка собиқ президенти ва Нобел Тинчик мукофоти лауреати Нелсон Мандела пойтахт Преториядаги касалхонада оғир аҳволда қолмоқда.

Пайшанба куни Манделанинг қизи Маказиуи 94 ёшли отасини касалхонада зиёрат қилгач, “ростини яшириб ўтирмайман. Аҳволи яхшига ўхшамаяпти”, деди. Лекин, деди у, Мандела ҳали ҳаёт.

Жанубий Африка Президенти Жэйкоб Зума Мандела билан боғлиқ вазият боис Мозамбикка режалаган сафарини қолдирди.

Зума чоршанба куни кечқурун Мандела аҳволидан хабар олди. Президент матбоут вакили Мандела ҳаётни таъминловчи махсус аппарат ёки нафас олиш мосламасига улаб қўйилганига оид хабарларни изоҳлашдан бош тортди.

Пайшанба куни Сенегалга сафар қилаётган АҚШ Президенти Барак Обама Манделани “дунё тан олган қаҳрамон”, дея атаб, “ундан асрларга татигулик мерос қолади”, дея таъкидлади.

Жанубий Африканинг собиқ ирқчи режими даврида 27 йил қамоқда ўтирган Мандела апартеид бекор қилинганидан кейин 1994 йилда мамлакатнинг илк қора танли президенти этиб сайланган эди.

У Жанубий Африкада кўпчиликни ташкил қиладиган қора танли аҳоли билан апартеид тугатилгунига қадар мамлакатни бошқарган оқ танли озчилик ўртасида муросага эришиш бўйича олиб борган ҳаракатлари билан дунёда тан олинган.

Нелсон Мандела 8 июн куни ўпка инфекцияси ташҳиси билан касалхонага ётқизилган эди.
XS
SM
MD
LG