Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

ЖЧ-U20: Ўзбекистон Хорватия билан дуранг ўйнади


Кеча, 26 июн куни футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда ўтаётган 20 ёшгача бўлганлар (U20) ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Хорватия ёшларига қарши майдонга тушди.

Чемпионатнинг “F” гуруҳи беллашувлари доирасида ўтган учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижаси қайд этилди.

Ўйиндаги ҳисоб биринчи бўлимнинг 24-дақиқасида ўзбекистонлик ёш футболчи Сардор Раҳмонов тарафидан очилди. Жамшид Искандеровнинг жарима майдончасига ошириб берилган тўпини Раҳмонов рақиб дарвозасига аниқ йўллай олди.

Хорватиялик ёшлар иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. 65-дақиқада урилган голга Марко Ливая муаллифлик қилди.

Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот йиғинида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Хорватияга қарши ўйинда ғалабани мақсад қилгани, бироқ дуранг натижасидан қониққанини айтди.

- Ўйин яхши ўтди. Футболчиларга раҳмат, охирига қадар курашганлари учун. Биз майдонга ғалаба учун тушгандик, афсуски мақсадга эриша олмадик... Европанинг кучли жамоаларидан бирига қарши кечган учрашувда эришилган дуранг натижа ҳам биз учун яхши ҳолат, - деди мураббий.



Хорватияга қарши ўйин ўзбекистонлик ёшлар учун Жаҳон чемпионатидаги иккинчи учрашув бўлди. Биринчи учрашувда Ўзбекистон жамоаси Янги Зелландия жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этган эди.

Айни дамда Аҳмаджон Мусаев шогирдлари икки ўйинда 4 очко тўплаган ҳолда "F" гуруҳида пешқадамликни сақлаб қолди.

Иккинчи поғонадаги Хорватия жамоаси ҳам тўрт очкога эга, бироқ голлар нисбати бўйича Ўзбекистон жамоасидан ортда қолмоқда.

"F" гуруҳидаги бугунги кўриниш қўйидагича:

Жамоалар Ўйинлар Очколар
1 Ўзбекистон 2 4
2 Хорватия 2 4
3 Уругвай 2 3
4 Янги Зенландия 2 0

Ўзбекистон гуруҳдаги сўнгги учрашувини 29 июн куни ўтказади. Унда ёшлар ҳозирча уч очкога эга уругвайлик тенгқурлари билан беллашади.

Плей-офф босқичига чиқиш учун уругвайликларга қарши ўйинда Аҳмаджон Мусаев шогирдларига дуранг натижаси кифоя қилади.

Туркияда ўтаётган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида жами 24 жамоа қатнашмоқда. Чемпионатнинг финал ўйини 13 июл куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатамиз, мазкур чемпионатга мезбонлик қилиш учун даъвогар бўлган мамлкатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор эди. Бироқ 2011 йили ўтган овоз бериш маросимида ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини (U20) ўтказиш ҳуқуқи Туркияга берилган.
XS
SM
MD
LG