Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:27

Абитуриентлардан биометрик паспорт талаб этилмайди


Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги расмийлари Озодлик мухбирига бунга оид хабарларни инкор қилишди. Тошкентдаги айрим олий ўқув юртларининг қабул комиссиялари абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда биометрик паспорт талаб қилаётгани, эски паспорт билан келган абитуриентлар қайтариб юборилаётгани ҳақида хабарлар ҳафта бошида Интернетда пайдо бўлди.


Тошкент Молия институти, Иқтисодиёт университети, Фармацевтика институти, Тошкент ахборот технологиялари олийгоҳига ўқишга кириш учун ҳужжат топширмоқчи бўлган бир қанча абитуриент паспорти биометрик бўлмагани сабаб ортга қайтариб юборилганликлари ҳақида Uznews.net мустақил Интернет нашри мухбирига айтишган.

Уларга кўра, қабул комиссия аъзолари эски паспорт билан келганлар ҳужжатини олмай, янги биометрик олиш учун паспорт столларига жўнатмоқда.

"Фармацевтика институти қабул комиссиясида эски паспорт билан келганларни гапига ҳам қулоқ солмасдан, ҳужжатларини олмай, ортга қайтариб юборишяпти", дея иқтибос келтирди Uznews.net Амалия исмли абитуриентнинг сўзларидан.

Айрим олийгоҳларда эса эски паспорт билан келган абитуриентлар қабул комиссиясига ҳам қўйилмасдан университет эшиги олдидан қайтариб юбориляпти.

Тошкентлик абитуриентлардан бири, ўзини Сардор деб таништирган абитуриент Озодлик билан суҳбатда, қабул комиссияларида шундай талаб қўйилишини олдидан билиб, паспортини янгилаб олганини айтади.

- Юридик институтга ҳужжат топширдим. Биометрик бўлмаса ҳужжат олмас экан, деб айтишаётганди. Олдиндан ҳаракатимни қилиб, тўғирлаб олдим. Чунки ҳужжат бир ой ичида топширилиши керак. Имтихонга кириш пайти ҳам ҳар нарсага, паспортинг унақа экан, деб гап топишлари мумкин-да,- дейди Сардор.

Биометрик бўлгани дурустроқ

Тошкент Иқтисодиёт университети қабул комиссиясининг ўз исмини айтмаган аъзоларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, абитуриентлардан ҳужжат олишда биометрик паспорт бўлиши керак, деган қатъий талаб йўқ, дея билдирди. Лекин, абитуриентларда биометрик паспорт бўлгани дурустроқ, дея қўшимча қилади у.

- Оддий паспорт ҳам бўлади. Лекин, биометрик бўлса дурустроқ. Оддий паспорт бўлса, ҳар хил шубҳалар пайдо бўлади-де, ҳозир шуни ҳам ўйлашяпти. Имтихонга кираётган пайтда ҳам биометрик паспорти бўлса ишонч кучли бўлади,- дейди Тошкент Иқтисодиёт университети қабул комиссияси аъзоси.

Тошкент Фармацевтика институти проректори Ҳикматилла Суннатов ҳам Озодликк эски паспорт билан келган абитуриентлар ортга қайтариб юборилаётгани, ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этди.

- Қанақа паспортлигини фарқи йўқ. Ҳақиқий бўлса бўлди. Ҳужжат қабул қилинади. Кимки паспортингиз эски, деб қайтарворса шу одамни менинг олдимга олиб келинг, ўзим гаплашаман,- деди институт проректори Ҳикматилла Суннатов.

Паспорт столлари олдида навбат кўпайган

Айни пайтда, ҳужжатлари қабул қилинмаган кўплаб абитуриентлар 20 июл кунига қадар ҳужжат топширишга улгуриш учун янги биометрик паспорт сўраб, ички ишлар паспорт бўлимларида навбат кутиб тургани айтилмоқда.

Тошкент шаҳри ва вилоятлар паспорт столлари эса шу кунларда абитуриентларсиз ҳам янги паспорт олмоқчи бўлиб, навбат кутаётган одамларга лиқ тўла.

- Узундан-узоқ очеред. Навбатга тургани ҳам қўрқасан, кечгача навбат келадими, йўқми, Худо билади. Паспорт алмаштиришни хоҳловчилар ҳозир жуда кўп,- дейди паспортини бир ойдан буён алмаштира олмай юрган тошкентлик талаба Илҳом.

Лекин, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани паспорт столи расмийларидан бири абитуриентлардан биометрик паспорт талаб қилиниши қонунга зид экани, эски паспорт 2015 йил охиригача амалда бўлишини билдирди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги матбуот хизмати расмийлари ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда биометрик паспорт бўлиши керак, деган талаб йўқлигини билдиришди.

"Страховка" учун биометрик олиб қўйган яхши

Тошкентлик Илҳом олийгоҳларга абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда биометрик паспорт талаби қабул комиссиялари айрим аъзоларининг ўзбошимчалиги бўлса керак, деб ҳисоблайди.

- Бунақа талаб қўйишга ҳозир ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Энди бизда ўзингиз биласизку, ҳар нарсага илашишади, печат учбурчак бўлса, думалоқ бўлиши керак, думалоқ бўлса учбурчак печат, керак, деб. Қабул комиссияларида эса йўқ талабларни ўйлаб топадиган “ақллилар” авваллари ҳам бўлган. Уларга қолса, иложи бўлса кам абитуриент ҳужжат топширса. Ҳозир ана шунақа "ақллилар" билан ади-бади айтишиб ўтирмаслик учун, яъни "страховка" учун паспортимни алмаштирмоқчиман,- дейди Илҳом.

Ўзбекистон олий ўқув юртлари абитуриентлардан ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилишни ўтган ҳафта бошлади. Анъанага кўра, ҳужжатларни топшириш 20 июлгача давом этади.

2013-2014 ўқув йилига талабалар қабулининг умумий сони ўзгармади. Бу йил ҳам Ўзбекистондаги жами 58та олий билим юрти 63 мингга яқин талабани қабул қилиб олиши кутиляпти.

Шулардан 56 минг 607 нафари бакалавр йўналиши бўйича, 6 минг 300 нафари магистратура йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинади.
XS
SM
MD
LG