Линклар

Тошкентнинг Чорсу бозорига кириш йўли икки кундан буён тўсиб қўйилгани боис, бозор атрофида машиналар тирбандлиги вужудга келди. Бу ҳолат Озодликни Тошкентдаги автомобил стоянкаларидаги бугунги аҳволни ўрганишга ундади. Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан бири WhatsApp орқали юборган суратда Чорзу бозорига автомобилларнинг кириш жойи ёпиб қўйилганлиги акс этган.


Манбанинг ёзишича, бу ҳолат бозор атрофида машиналарнинг тирбанд бўлишига, аҳолининг бозор-ўчар қилишини қийнлаштиришга олиб келган.

Чорсу бозори маъмуриятининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда бу жойлар уларга тегишли эмаслигини, йўллар таъмир қилинаётгани боис вақтинча бозорга кириш йўли ёпиб қўйилганини маълум қилди.

Тошкентда автомобиллар тўхташ жойларида тартиб бўлмагани қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани айтилади.

Тошкентлик кузатувчи Миркомил Тошкандий фикрича, стоянкалар муаммоси бугунги кунда пойтахтнинг энг оғриқли нуқталаридан биридир:

- Очиғини айтсам, бу пойтахтнинг касал жойларидан бири. Стоянка Тошкент шаҳрида жуда оғир масала. Биринчидан, стоянкалар кичкина, машиналар сиғмайди. Иккинчидан, стоянкаларда машиналар учун шароит йўқ. Учинчидан стоянка нархлари Ўзбекистон шароити учун қиммат,- дейди Миркомил Тошкандий.

Parking in Tashkent

Parking in Tashkent

Суҳбатдошимиз бунга Қўйлиқ деҳқон бозоридаги стоянкаларни мисол қилиб келтиради:

- Масалан, Қўйлиқдаги стоянкага кириш учун энг ками 3000 сўм тўлаш керак. Тартиб деган нарса умуман йўқ. Машинангизни стоянкага қўйиб бозорга кириб кетсангиз, кимдир машинасини сизнинг машинангиз орқасига тираб кетади. Икки соат уни чиқишини кутишингиз керак. Бўлади жанжал, тўполон. Стоянкачилар машиналар қўйилишини, тартибни назорат қилмайди. Тошкент шаҳридаги жами стоянкалар бозор талабига жавоб бермайди, дейди тошкентлик Миркомил Тошкандий.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилувчи киракаш Шавкатнинг айтишича, стоянкалардан жой топиш жуда мушкул:

- Агар Тошкентга борадиган бўлсам, машинани иложи борича знак йўқ, узоқроқ бир жойга қўйиб кейин бозорга кираман. Чунки мошин кам бўлса, стоянкага қўйиш мумкин. Қўйганда ҳам унга кириш ва чиқиш жуда қийин. Мана Абу Сахий ва Бек Барака бозорларидаги стоянкаларга кириш учун жуда кўп вақт туриб қоласиз,- дейди Шавкат.

Бироқ, тошкентлик тадбиркор Ботиржоннинг айтишича, ҳамма бозорлардаги стоянкаларни ҳам ёмон деб бўлмайди:

Тошкентнинг Чорсу бозори яқинида қурилган кўп қаватли стоянка.

Тошкентнинг Чорсу бозори яқинида қурилган кўп қаватли стоянка.

- Тошкентда Европа усулида қурилган стоянкалар ҳам бор. Масалан, Чорсу бозори яқинида 6 қаватли Паркингдан исталган пайтда жой топиш мумкин. Аммо шуниси ҳам борки бу стоянкадан бозорга бориш учун автомобил йўлини кесиб ўтиш ва узоқ юриш керак,- дейди Ботиржон.

Фарҳод бозорига харид қилиш учун ўз машинасида тез-тез борадиган тошкентлик Дилбар опанинг айтишича, сўнгги йилларда стоянкалар масаласига яхши аҳамият бериляпти:

- Собиқ ярмарка жойида чиройли магазинлар қурилган, унинг орқасини катта стоянка қилиб қўйган. Шуниси яхшики, бу стоянкага кириш текин. Шундай деб ёзиб ҳам қўйган. Биз бемалол бозор-ўчар қилиб келамиз,- дейди Дилбар опа.

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғланди. Бироқ, саволларимизга жавоб бера оладиган шахслар, ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ва унинг ёрдамчиси кун бўйи ҳудудларга чиқиб кетганлиги боис, бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG