Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:39

Меҳнат муҳожири иш берувчига "қимматга" тушиши мумкин


Муҳожирлар меҳнатидан фойдаланувчи Россия тадбиркорларининг мигрантлар учун суғурта тўловлари 56 фоизга оширилиши мумкин. Думадаги коммунист депутатлар бу ташаббусига кўра, меҳнат муҳожирларига ишчи визалари ҳам жорий қилиниши мумкин.



Россия Давлат Думаси ноқонуний миграцияга қарши курашни авж олдирмоқда.

Россияда нолегал меҳнат қилаётган гастарбайтерлар сонини камайтириш кампаниясига Россия Коммунистик партиясининг парламентдаги вакиллари ҳам жиддий киришган кўринади.

Келаси ҳафта Россия Давлат Думаси муҳокамасига ноқонуний муҳожирликка қарши қаратилган навбатдаги ташаббус олиб чиқилади. Бундай таклиф билан чиққан коммунист-депутат, Дума раисининг миллий масалалар бўйича биринчи муовини Валерий Рашкин “Российская газета”га берган интервьюсида муҳокамага киритилаётган қонун лойиҳасида МДҲ давлатларидан келаётган мигрантларга ишчи виза ҳам жорий қилиниши режалаштирилганини маълум қилди.

Ундан ташқари, коммунистлар Россияда муҳожирларни ишга ёллаётган тадбиркорларни хорижлик ишчиларига суғурта тўловларини қарийб 2 баробарга ошириш ниятида.

"Ҳозирда россияликлар учун иш берувчилар меҳнат ҳақидан 28 фоизлик чегирма қиляпти, мигрантлар учун эса фақат Пенсия жамғармасига пул ажратяпти. Бизнинг ташаббусимизга кўра, иш берувчилар россияликларга нисбатан хорижликларга икки баробар кўп – 56 фоиз тўлаши керак", деди Саратов вилоятидан Думага сайланган Валерий Рашкин.

Ташаббускор фикрича, бу чоралар Россияда ноқонуний миграцияни назоратга тўлиқ олиш учун етарли эмас. Бунинг учун Рашкин меҳнат визаларини жорий қилиб, усиз муҳожирни бирор ишга қабул қилмасликни таклиф қилмоқда.

Шу тариқа коммунист-депутатлар меҳнат муҳожирлари оқими назорат остига олинади, иш берувчи россиялик тадбиркорни эса маҳаллий фуқароларни ишга олишга ундайди, деган фикрда.

Бу каби таклифлар кейинги пайтларда маҳаллий қонун чиқарувчи ва ижро этувчи идораларда ҳам тез-тез янграб турибди. Ўтган ҳафта Санкт-Петербург шаҳар кенгаши мигрантларни ишга қабул қилаётган иш берувчиларга даромад солиғини 30 фоизга етказиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, яқин келажакда Россия қонун чиқарувчилари меҳнат муҳожирларига ажратилаётган квоталардан воз кечиш ва мамлакатга доимий яшашга ўтишни режалаштираётганларни балл тизими асосида баҳолаб, фуқароликка қабул қилишни жорий қилмоқчи.

Миграция масалалари бўйича россиялик экспертлар иш берувчига солиқларнинг оширилиши “қора бухгалтерия”нинг кенгайиши ва коррупциянинг янги турлари пайдо бўлишига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

“Миграция - 21 аср“ ташкилоти экспери Наталия Власова Озодлик билан суҳбатда КПРФ депутатларининг ишчи визалари ва ижтимоий солиқларнинг оширилишига оид ташаббуслари тескари натижа бериши мумкинлигини айтади.

- Бундай қарорнинг қабул қилинишига биринчи реакция – сўзсиз ноқонуний миграция ҳажмининг кенгайишидир. Чунки ҳамма иш берувчи ҳам хориж фуқаролари ҳисобига солиқ ажратмаларини икки баробарга ошира олмайди ва ишчиларини яширишга тушади. Тўғри, бошқа томондан иш берувчи рус аҳолисини ишга қабул қилишдан манфаатдор бўлиб қолади, лекин Россияда аҳолининг камайиб бораётганини ҳам ҳисобга олинг: бизда кўплаб мутахассисликлар бўйича ишчиларнинг жиддий етишмовчилиги мавжуд, маҳаллий ёшларни эса бу касбларга жалб қилиш сиёсати ишлаб чиқилмаган,- дейди Наталия Власова.

Мутахассиснинг фикрича, айниқса, ўсиб бораётган Россия саноати ва қурилишида сезилаётган кадрлар етишмовчилиги бу чораларсиз ҳам ишчи кучига бўлган эҳтиёжни йилдан-йилга оширмоқда.

Власова хоним, бошқа томондан, “ишчи визалари”нинг жорий этилиши ижобий натижа бериши мумкин, яъни ишчилар кимга, қаерда, қанча вақт ва неча пулга ишлаб бериши шартнома асосида олдиндан белгиланади, дейди.

“Лекин бу чоралар муҳожирлар даромадларига салбий таъсир ўтказиши мумкин”, дея давом этади Наталия Власова.

- Мигрантларни ишга ёллаш икки баробар қимматга тушади. Демак улар нима қилади? Йирик қурилиш эгалари ва сармоядорлар суғурта тўловларини оширади, айни пайтда, мигрантларга иш ҳақини камайтиради. Мигрантлар эса бундан ҳам кам ойликка боришга рози бўлаверади, чунки у тирикчилигини ўтказиш керак. Бир томондан иш ҳақининг камайтирилиши мумкин, бошқа томондан “конвертда” пул тўлаш, яъни норасмий муносабатлар авж олади. Қолаверса, бундан-да осонроқ йўли – текширишга келганлар чўнтагига бир-икки сўм солиб, кузатиб юбориш мумкин,- дейди “Миграция - 21 аср“ Жамғармаси вице-президенти Наталия Власова.

Россия Федерал миграция хизмати берган рақамларга кўра, 2012 йилда хориж ишчилари томонидан сотиб олинган патент ва ишга рухсатномалардан тушган даромад 32,81 миллиард рублни (тахм. 1 млрд АҚШ долл.) ташкил этган. Бу кўрсаткич 2011 йилга нисбатан 5 миллиард рублга кўпроқдир.

Шу билан бирга, Россияда ноқонуний меҳнат қилаётган мигрантлар Россия хазинасини 62 миллиард рублдан мосуво қилмоқда.
XS
SM
MD
LG