Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

АҚШда Фазлиддин Қурбонов устидан маҳкама кечиктирилиши мумкин


Терроризм айбловлари билан АҚШда ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов устидан 2 июл кунига белгиланган навбатдаги маҳкама айблов томон илтимосига кўра кечиктирилиши мумкин.

Ассошиэйтед пресс агентлиги мухбирига кўра, Айдаҳо штати прокурори Венди Олсон маҳкамага илтимоснома жўнатиб, Қурбонов иши келаси ҳафтага белгиланган суд кунида муҳкама этилмас даражада анча мураккаб эканини билдирган.

Шунингдек, Олсон макамада ўзбек тилини биладиган таржимон ҳам бўлиши зарурлигини айтган.

Қурбоновнинг адвокати Чарлз Петерсон ҳам ўз навбатида маҳкаманинг кечиктирилишига эътироз билдирмаган.

Ҳозирча, Айдаҳода ҳибсда ушлаб турилаётган ўзбекистонлик устидан навбатдаги маҳкаманинг қачон бўлиши маълум эмас.

Аввалроқ, Қурбонов адвокатлари маблағ етишмовчилиги билан боғлиқ мураккабликлар сабаб ўз мижози ҳимоясини таъминлай олмасликлари тўғрисида судга ариза киритишганди.

30 ёшли Фазлиддин Қурбонов 16 май куни Бойсе шаҳри жанубидаги квартирасида ҳибсга олинган эди.

У дастлабки маҳкамада Айдахо штати ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан ўзига қўйилган уч бандлик айбловларни тан олмаган.

17 май кунги маҳкамада ҳакам Микел Уилямс Фазлиддин Қурбонов маҳкамаси 2 июл куни давом этишини айтиб, тингловни якунлаган эди.

Айдахода Қурбонов террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Шунингдек, унга Юта штатида портловчи модда ясашни ўргатиш айблови ҳам қўйлмоқда.

Фазлиддин Қурбонов, январида қандай қилиб портловчи модда ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатган, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этганликда гумонланмоқда.

Қурбонов 2009 йилнинг августидан буён АҚШда яшаб келади. Ҳибсга олингунга қадар у юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

Сўнгги йилларда бир неча ўзбекистонлик Қўшма Штатларда террор ҳаракатларига оид айблар билан ҳибсга олинди.

2011 йил ёзида Улуғбек Қодиров АҚШ президент Барак Обамани ўлдиришга қасд қилиш айби билан қўлга олинди ва 2012 йил июлида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

2012 йил 21 январида эса жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айблар билан аэропортда ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG