Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:06

Хонандаларнинг “катта”си порахўрлик ва кўпхотинликда айбланди


Сирдарёда эр хотинини ўлдириб, мурдасини бўлакларга ажратди. Улуғнор тумани ҳокими фермер аёлнинг ерини алдов йўли билан олиб қўйди. Хитой ўйинчоқларидан болалар заҳарланиши кўпаймоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Электрон суд сансалорликни камайтириш кутиляпти”

Жорий йил июл ойидан фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судида E-sud – электрон суд тизими синов тариқасида амалга киритилади (“Халқ сўзи”, 27 июн). БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда синовдан ўтказилаётган лойиҳа судга мурожаат қилаётган фуқароларнинг сансалорликларини камайтириши кутиляпти. Қайд этилишича, E-sud тизими тизими жорий қилингач, фуқаролар интернет орқали даъво аризалари ва илтимосномалар топшириш имконига эга бўладилар. Судялар эса ишни қоғозсиз, электрон тарзда юритиши мумкин. Ушбу тизим Зангиота туманида муваффақиятли синовдан ўтса, уни мамлакат бўйича татбиқ этиш кўзда тутилган.


“Ўзбекнаво” расмийси лицензия учун хонандалардан пора олган

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими директори лавозимида ишлаган Ўктам Аҳмедов лицензия бериш эвазига санъаткорлардан 1,1 милллион сўмдан 3 миллион сўмгача пора талаб қилган (“Даракчи”, 27 июн). Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди судьяси Жаҳонали Ботировга кўра, хонандалар турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиши учун ҳам Аҳмедовга пора беришга мажбур бўлганлар. Бундан ташқари, “Ўзбекнаво” филиали раҳбари “Khorazm navo” хусусий корхонасини очиб, ноқонуний равишда диск кўпайтириш ва сотиш билан шуғулланган. Аҳмедов қўшхотинликда ҳам айбланган. Судья Жаҳонали Ботиров Ўктам Аҳмедовга барча қилмишлари юзасидан тегишли жазо белгиланганини маълум қилган.


“Ўйинчоқдан заҳарлаётган болалар тақдири учун ким жавоб беради?”

Тошкент шаҳрида болаларнинг саломатлигига хавф солаётган ўйинчоқлар тобора кўпайиб бормоқда (“Новый век”, 27 июн). Шаҳар бозорида сотилаётган ўйинчоқларнинг бирортасида кимёвий таркиби акс этган ёрлиқ мавжуд эмас. Арзонгаров моллар саломатлик учун зарарли эканини аниқлаш учун эса махсус экспертиза ҳам шарт эмас – ўйинчоқлардан келаётган нохуш ҳид буни яққол тасдиқлаб турибди. Ўйинчоқлар таркибидаги қўрғошин моддаси юрак, асаб, буйрак ва жигар хасталикларини келтириб чиқараётган бўлса, фенол моддаси тери касалликларига доялик қилмоқда. Газетага кўра, экспертизадан ўтмаган ўйинчоқлар энг оддий ҳолатларда аллергияга сабаб бўлмоқда. “Заҳарли маҳсулотлар дўкон пештахталарига қандай келмоқда, болаларимизнинг хитойи матоҳлар билан заҳарланишига ким жавобгар? Санитар назорат идораси қаерга қарамоқда?” дея мутасаддиларни саволга тутади “Новый век” нашри.


“Туман ҳокими фермер аёлнинг ерини алдов йўли билан олиб қўйди”

Андижон вилояти Улуғнор туманидаги “Дилором” фермер хўжалиги ихтиёридаги 76 гектар ер майдони туман ҳокими Абдуғаффор Сулаймонов томонидан қонунга зид равишда олиб қўйилди (“Диёнат”, 27 июн). Дилором Раззоқова 1997 йилда фермер хўжалиги ташкил қилиб, ўтган йиллар давомида барча шартномавий мажбуриятларни бажариб келган. 2012 йил якунлари бўйича юқори ҳосилдорликка эришгани учун вилоят ҳокими томонидан “Нексия” автомобили билан тақдирланган. Айтилишича, жорий йил ипак қурти мавсумида Дилором Раззоқова бетоб бўлиб қолади ва қурт боқа олмайди. Беморлиги юзасидан ҳокимнинг танбеҳига жавобан эса пиллачилик бўйича ўтган йилги ҳақларини ҳали ололмаганини эслатади. Шундан кейин туман ҳокими Абдуғаффор Сулаймонов тўнини тескари кийиб олади ва алдов йўли билан “Дилором” фермер хўжалигини тортиб олиб, бошқаларга бўлиб беради. Газетага кўра, ўн йилдан ошиқ вақт давомида ерга меҳнати сингган ва илғор натижаларга эришган фермер аёлга адолатсизлик қилинган.


“Сирдарёда эр хотинини ўлдириб, мурдасини бўлакларга ажратди”

Шаръий никоҳдаги хотинини шафқатсизларча ўлдирган фуқаро Ўрал Ўсаров жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди томонидан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Адолат кўзгуси”, 27 июн). Тергов материалларига кўра, Ўсаров шаръий никоҳдаги хотини Барно Бозорованинг тилла тақинчоқларига эга бўлиш учун қотилликка қўл урган. Жиноят Сирдарё вилояти Сайҳун шаҳарчаси Ибн Сино кўчасидаги уйда содир этилган. Муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган Ўсаров хотинини уриб ўлдирган ва узукларини ўғирлаган. Кейин эса марҳуманинг жасадини ошхона пичоғида етти бўлакка ажратиб, ҳожатхона учун кавланган ўрага кўмиб юборган. Дастлаб у хотини бедарак йўқолгани ҳақида хабар тарқатади. Аммо тергов-суриштирувлардан кейин қотил унинг ўзи экани исботланади.


“Операция учун пул талаб қилган шифокор ушланди”

Тошкентдаги 7-клиник шифохона жарроҳи Р.Х. беморнинг яқинидан пора талаб қилгани учун қўлга олинди (“Истеъмолчи”, 27 июн). Тафсилотларга қараганда, жарроҳ қорин оғриғидан азоб чекаётган бемор З.Ўсаровни операция қилган. Операциядан кейин эса бемор отасидан 100 минг сўм олиб келишни талаб қилган. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вакили Н.Қобиловга кўра, беморнинг отаси Н.Ўсаров қўли калталиги туфайли шифокор талаб қилган пулни бера олмаган. Жарроҳ пулни ҳадеб қистайвергач, беморнинг отаси ҳуқуқ идорасига мурожаат қилган. Жарроҳ жиноят устида қўлга туширилган.


“Ёзувчи Аҳмад Аъзам: тилимизни бузаётганларга чанқаса, сув тутяпмиз”

Ёзувчи Аҳмад Аъзам замондошларни ўзбек эканига фахрия ўқийвермай, ғайрат билан саъй-ҳаракат қилишга чақирди. (“Ёшлик” журнали, 2013 йил 4-сон). Адибга кўра, миллат тафаккури қўрғонининг деворлари қандай баланд қурилган, ота-боболаримиз ғайратига балли, дея салламно айтавермай, нураётган, тўкилиб бораётган жойларини тузатиб туриш лозим. Ёзувчи миллатнинг мавжудлигини белгиловчи омиллардан бири ўзбек тили етарли даражада асралмаётганини қайд этади: “Аслида барча бадиий, маънавий, руҳий, фалсафий. илмий – жамики бойликларимиз тилимизда. Унинг ўзи энг бебаҳо, қутлуғ маданий обида, ёт таъсир, бузилишлардан қўриқчимиз! Масаланинг ана шу томони ўйлантиради – ўзбек руҳияти қўриқчиси, валинеъматининг ўзини асрамаяпмиз, давлат мақомига кўтариб, қонун билан ҳимоялаган ҳолимизда биз, қалам аҳли, афкор омма уни ўз ҳолига ташлаб қўйдик ва ҳатто уни бузувчилар чанқаганда сув ҳам ташиб турибмиз”.


“Пластик жарроҳлик бўйича факультет очиш керак”

Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртларида пластик жарроҳлик бўйича алоҳида факультет ёки кафедра ташкил этиш лозим. Бу ҳақда Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги клиника пластик хирургия бўлими раҳбари, профессор Мурод Жаъфаров “Адолат” газетасига маълум қилади. Профессорнинг таъкидлашича, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ҳам янги тармоқ саналган пластик хирургия бўйича малакали шифокорлар етишмаяпти, беморлар сони эса кўпчиликни ташкил этади. Бундан ташқари, кун тартибида пластик жарроҳликда учровчи айрим касалликларни даволаш учун махсус лазерли ускуна ҳам сотиб олиш ҳам турибди.
XS
SM
MD
LG