Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

Президент журналистларга шахсан кўмаклашмоқчи


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов журналистлар куни муносабати билан табрик йўллар экан, журналистларнинг олдида пайдо бўлаётган турли муаммоларни биргалашиб ечишга тайёр эканини билдирди. Бироқ ўзбекистонлик журналистлар уларнинг қўл-оёқларини ипсиз боғлаб қўйган тузум раҳбаридан ёрдам келажагига умид қилмаётган кўринадилар.

"Муаммоларни биргаликда ечишга тайёрман"

Ўзбекистонлик журналистлар 27 июнда касб байрами - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлади.

Президент Ислом Каримов шу сана муносабати билан ўзбекистонлик журналистларга табрик йўллар экан, одатдагидек, аҳолининг тезкор ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган эҳтиёжини юксак даражада таъминлаш зарурлигини уқтирди.

Бу борада журналистларга шахсан ўзи ёрдам беришини таъкидлади.

“Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг жаҳон ахборот майдонида ўзини муносиб намоён эта олиши бугунги кунда жуда катта аҳамиятга эга. Мана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифани амалга оширишда давлатимиз, бутун жамиятимиз, шахсан ўзим зарур кўмак ва рағбатлантириш чораларини кўришга, сиз, журналистларнинг олдингизда пайдо бўлаётган турли муаммоларни биргалашиб ечишга тайёр эканимни билдиришни истардим”, деди президент ўз табригида.

Президент матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаётдаги ўрни ва таъсири ортиб, халқ ўртасида “Тўртинчи ҳокимият” сифатида тобора катта ишонч ва ҳурмат қозониб бораётганини айтаётган бир пайтда, Ўзбекистон ОАВи ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинаётгани кузатилади.

"Ҳар йили шу бўлар такрор, лекин ҳеч нарса ўзгармайди"

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ёшлар” телеканалида узоқ йиллар ишлаган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, у бундай ваъдаларини Ўзбекистон президентидан яқин чорак асрдан буён эшитиб келади:

- Бу Ислом Каримов айтган биринчи табрик ҳам эмас, биринчи алдов ҳам эмас. Буни биз бир неча йиллик тажрибамиздан жуда яхши биламиз. Биз қуруқ ваъдаларни, қуруқ меҳрибонликларни эшитавериб, уларни қулоқларимизга сирға қилиб тақиб олганмиз. Президент гапларининг исботини амалда умуман кўрганимиз йўқ. Қанақасига журналистларимиз воқеликларни ҳаққоний ва реал ёритяпти? Бўлмаган гап-ку бу! Ислом Абдуғаниевич бу билан ўзини ўзи алдашга уринаётган бўлиши мумкин, лекин журналистлар бу гапларга ишонмайди, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналист фикрича, Ўзбекистонда ҳаққоний ахборотни жамоатчиликка етказишнинг умуман имкони йўқ:

- Каримовнинг 24 йиллик раҳбарлиги даврида Ўзбекистонда тезкор ахборот олиш ва уни тарқатиш имкони яратилмади. Ачинарлиси шундаки, бизни озгина бўлса-да, тезкор ахборот олиш имконидан ҳам маҳрум қилди, дейди Малоҳат Эшонқулова.

"Тузумнинг ўзи журналистларни қўрқоқ қилиб қўйди"

Малоҳат Эшонқулова фикрича, ўзбекистонлик журналистлар бирор воқеани ёритишда шунчалик эҳтиёткор бўлиб қолганки, бу эҳтиёткорлик уларнинг ички қўрқувига айланган:

- Ҳамма ҳам ўзини, оиласини ҳаётини хавф остига қўйишга журъат қилолмайди. Ички қўрқув бор. Лекин бунинг илдизини давлаттни бошқараётганларни ноҳақлигидан излаш керак. Агар тўғри сўз учун, танқид учун тазйиқ бўлмаганда, таъқиб бўлмаганда Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййиддай журналистлар бугун қамоқда ўтирмаган бўларди. Бугун ўз сўзига, ўз фикрига амин бўлган журналист, аминманки, 15 кундан кейин бир тўқима айблов билан қамоққа ташланади. Каримов диктатураси жамиятни шундай қилиб қўйди. Бунда ҳақиқатни айтган одам давлат душманига айланади, деди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўғилаётган давлат

Расмий баëнотга кўра¸ бугун Ўзбекистонда ишлаëтган телеканалларнинг 53 фоизи¸ радиоканаллларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаси сифатида қайдга олинган.

Бироқ, бундай расмий маълумотга зид тарзда¸ матбуот эркинлиги вазиятини кузатувчи халқаро гуруҳлар¸ Ўзбекистонни матбуот эркинлиги энг кўп бўғилаëтган давлатлар рўйхатига киритиб келмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Чегара билмас мухбирлар¸ Озодлик уйи каби ташкилотларнинг матбуот эркинлигига оид йиллик ҳисоботларида Ўзбекистон йиллардан бери “ëмонларнинг ëмони” қаторига қўйилмоқда¸ айни пайтда Тошкент режими дунëдаги Интернет душманлари рўйхатида қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг мамлакатда фаолият юритиб келган мустақил оммавий ахборот воситаларини тақиқлаб¸ мустақил журналистларни ҳайдаб чиқаргани йиллардан бери эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчиликка мувофиқ¸ мамлакатда расман аккредитациядан ўтмаган ахборот воситаси ëхуд алоҳида журналистнинг ишлаши тақиқланган ва хориж журналистларининг махсус рухсатсиз фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Халқаро ҳисоботларда ҳозирда Ўзбекистон қамоқларида касбий фаолияти учун жазо муддатини ўтаëтган журналистлар тақдиридан хавотир билдириб келинмоқда.

АҚШнинг 12 сенатори 27 июн куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист ва бир ҳуқуқ фаолини “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG