Линклар

Москвада кўпчилиги ўзбекистонлик бўлган муҳожир фаррошларнинг норозилик тадбири иш берувчи пудратчи ширкатнинг ойлик маошни вақтида беришни ваъда қилиши билан якун топди.


Москванинг Шимолий Медведково туманида ўтган ҳафта икки-уч ойдан буён ойлик маошини ололмаётган юзлаб фаррош иш ташлаган эди.

Аксари ўзбекистонлик ва тожикистонликлардан иборат фаррошлар кўчани тозалашдан бош тортишган.

Оқибатда, Москва дарёси чап соҳилидаги мазкур туманда кўчалар аҳлатга тўлиб кетди.

Аҳолидан шикоятлар кўпаявергач, фаррошларни ёллаган “DV Групп” ширкати муҳожирларнинг босимига ён беришга мажбур бўлди.

Россияда муҳожир ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Никита Ечковнинг Озодлик радиосига айтишича, норозилик акциясидан сўнг муҳожир фаррошларни Москвадаги “Жилишник”лар оталиққа олган.

- Фаррошларга икки ярим ойдан буён ойликлари берилмаган. Бу ерда гап уч юздан зиёд одамнинг пешона тери билан топган пули ҳақида кетяпти. Норозилик акциясидан сўнг пудратчи ширкат фаррошларга берилмаган ойликларини берадиган бўлди. Фаррошларни эса энди шаҳарда озодаликка масъул бўлган “Жилишник” бюджет ташкилотлари ўз тасарруфига олишга қарор қилди, - деди Ечков.

Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг аксар кўпчилиги пудратчи ширкатлар билан оғзаки шартнома тузиб ишлайди.

Бу ерда пудратчи “DV Групп”, Буюртмачи эса “ДЕЗ” (Дирекция единого заказчика) давлат унитар корхонасидир. Улар ўртасида шартнома тузилган. Ишни эса муҳожир фаррошлар қилиши керак бўлган.

Никита Ечковнинг айтишича, туманда озодаликка масъул бўлган буюртмачи ширкат “ДЕЗ” ва шу ширкат буюртмасини бажариши керак бўлган “DV Групп” ўртасида келишмовчилик юзага келган.

Бунинг оқибатида фаррошлар ойликсиз қолиб кетган.

- “ДЕЗ” “DV Групп”га шаҳарда қилинган ишлар учун пулни тўламаган, бунинг оқибатида ишчилар ойликсиз қолиб кетишган. Мана шу жанжалдан сўнг, фаррошлар тўғридан-тўғри “Жилишник” ширкатидан ойлик олиб ишлайдиган бўлишади энди, - дейди Ечков.

Айтиш жоиз, бу Россиядаги мигрантларнинг биринчи норозилиги эмас. Ўтган йил Санкт-Петербургда аксари марказий осиёлик бўлган ўн минг атрофидаги муҳожир фаррошнинг норозилик чиқишидан сўнг уларнинг ойлик маоши вақтида бериладиган бўлди.

Россияда ишлаётган қашқадарёлик Мухтор аканинг айтишича, ҳозир муҳожир фаррошлар ойлик маоши 10-11 минг рубл ëки сал кам 300 долларни ташкил этади.

- Шуни ҳам икки ойдан буён ололмаяпмиз, - дейди у.

Россияда ишлайдиган меҳнат муҳожирлари ҳаëтида товламачи воситачилар ёки даллоллар қўлига тушиб қолишлар, турли баҳоналар билан меҳнати учун ҳақ ололмаслик ҳоллари кўп учрайди.

Никита Ечковнинг айтишича, кўп ҳолларда ўзбекистонлик муҳожирлар иш берувчи билан шартномасиз ишлаши боис, ойлигини талаб қила олмайди.

- Ўртада шартнома имзоламаганликлари учун уларга ҳуқуқий ёрдам бериш ҳам мушкул , - дейди Ечков.

Беш йил аввал Россияда муҳожир ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари тузилган ва ҳозирга қадар ўттиз мингдан ортиқ марказий осиёлик муҳожир бу уюшмага аъзо бўлган. Уларнинг учдан бири ўзбекистонликдир.

Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг умумий сони, тахминан, 8 миллионча эканига ишонилса¸ бу рақам денгиздан бир томчидир.

Касаба уюшмаларига ойлик аъзолик бадали 980 рублни ташкил этади ва ана шу тўловдан қочган кўпчилик муҳожир бундай уюшмаларга қўшилишдан қочмоқда.

Ечков Марказий осиёлик муҳожирларга ўз ҳақларини ҳимоя қилишлари учун касаба уюшмаларига аъзо бўлишни тавсия этади.

- Ҳақ талаб этиш стихияли чиқишлар билан эмас, балки касаба уюшмаларига аъзо бўлган ҳолда амалга оширилади, - дейди Ечков.

Россия қонунчилигига кўра, чет фуқаролари ҳам мамлакатдаги касаба уюшмаларига аъзо бўлишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG