Линклар

logo-print
Москвада 1 миллионга яқин хорижлик меҳнат қилмоқда. Пойтахтнинг Федерал миграция хизмати бошқармаси йиғилишида бу ва бу каби бошқа муҳим маълумотлар эълон қилиниши билан бирга Москвада юзага келган миграцион вазият ва дактилоскопия масалалари ҳам муҳокама этилди.


”Москвада 270 минг мигрант ноқонуний яшаб келмоқда”

28 июн куни Москва шаҳрининг Федерал миграция бошқармаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгашга йиғилган ФМС вакиллари, жамоатчилик уюшмаси ҳамда маҳаллий диаспора ташкилотлари аъзолари Москва шаҳри бўйича миграцион вазиятга оид Миграция бошқармаси бошлиғи муовини Николай Гавричков маърузасини тинглашди.

- Москва миграция оқимларини ўзига тортаётган марказ бўлиб қолмоқда. 2013 йилнинг июн бошидан буён Москвада 920 минг хориж фуқароси яшаб келмоқда.Жумладан 650 мингги миграция қайдида туради, патент олиб юрганлар сони 149 минг одамни ташкил этади. Бундан чиқди, 270 мингга яқин муҳожир қайдга турмасдан яшаб келмоқда, дея рақамларни келтирди ФМС расмийси Николай Гавричков.

Миграция расмийси бу рақамлар бошқарманинг минтақавий бўлимлари ва чегарани кесиб ўтган мигрантлар тўғрисида олинган маълумотлар билан солиштирилиб чиқарилганини гапирди.

“Москвага келаётганларнинг 65 фоизини Марказий Осиё мамлакатларидан визасиз кириб келаётган меҳнат муҳожирлари ташкил этди”, дея давом этади мутасадди.

- Улардан энг кўпи Ўзбекистон фуқаролари 18 фоиз, Қирғизистон фуқаролари 15 фоиз ва Тожикистон фуқаролари 14 фоизни ташкил этади. Ўтган йилнинг шу даврига оид рақамларни солиштирсак, шаҳримизга келаётган мигрантлар сони 11 фоизга қисқарганини кўрамиз. Айни пайтда, фуқаролик олиш ниятида бўлган қўшниларимиз сони 40 фоизга ошганини ҳам айтиб ўтишим керак, деди Николай Гавричков.

Маълум бўлишича, меҳнат муҳожирларининг асосий қисми қурилиш (28%), хизмат кўрсатиш (20%), савдо (10%), транспорт (7%) ва қайта ишлаш саноатига (4%) жалб қилинган.



Кенгаш йиғилишида ҳисобот берган ФМС ходимларига кўра, охирги пайтларда Москва шаҳрида миграция қоидаларини бузаётган муҳожир ва иш берувчи ташкилотлар томонидан 100 мингга яқин фактлар қайд этилган: 6 минг иш берувчи ва 11 минг хориж фуқароси маъмурий жавобгарликка тортилган, 4 минг киши депортация қилинган.

Йиғилишда кўрилган иккинчи – дактилоскопия (бармоқ излари топшириш- таҳр.) ва ишга рухсатнома масаласида ФМС бошқармаси бўлим бошлиғи Дмитрий Сергиенко сўзга чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди:

- Шу йил жорий қилинган янги қоидаларга кўра, рухсатнома эгаси албатта дактилоскопия қайдидан ўтиши зарур. Дактилоскопия бўлимларимиз ишларини анча секинлаштириб юборди. Шу мақсадда Москвага дактилоскопия қилиш мажмуасидан қўшимча 24 дона сотиб олинди ва улар сони 70тага етди, деди ФМС бўлимлари иши тартибга солиш бўйича ислоҳотлар давом этаётганини таъкидлаган Дмитрий Сергиенко.

Жамоатчилик кенгаши ФМС ҳузурида фаолият юритувчи ва миграция соҳасида у ёки бу масала юзасидан давлат идораларига ўзларининг эксперт хулосалари ва тавсияларини бериш ҳуқуқига эга.

Йиғилишда сўзга чиққан кенгаш аъзолари ва ҳатто, миграция хизмати раҳбарлари сўнгги пайтларда Давлат Думаси ва ҳукумат ташкилотлари томонидан турли визалар киритиш, векселлар жорий қилиш ёки солиқларни ошириш ташаббусларига танқидий муносабат билдирдилар.


... Айни пайтда Москвада “мигрант ови” давом этмоқда

Москва ҳукумати эса шаҳарни ноқонуний мигрантлардан тозалаш акцияларини давом эттирмоқда.

Куни кеча Москванинг Жануби-шарқий округидаги Новохохловская кўчасида туркларнинг “ЕНКА” ширкати томонидан ёлланган меҳнат муҳожирлари полиция ходимлари уюштирган рейд давомида қўлга олингани хабар қилинди.

- 13 дона 2 ва 3 қаватли қурилиш “битовкалари” модулларида туркларнинг ЕНКА қурилиш фирмаси 1 минг 380 нафар хориж фуқаросини жойлаштирган экан. Улар маҳаллий полиция бўлимларига шахслари аниқланиши ва бирор жиноятга тааллуқлилигини текшириш учун олиб келинди, деди шаҳарнинг участковойлар ишини ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи Михаил Павличук.

Ушланган мигранлар шу ерда турк ширкати томонидан барпо этилаётган савдо-кўнгилочар мажмуаси қурилишида ишлаб келган.



Асосан Ўзбекистон ва Тожикистондан келган бу фуқароларга нисбатан полиция ходимлари томонидан 1 минг 314 маъмурий материал тузилгани, ноқонуний миграция ташкиллаштириш моддаси асосида жиноий иш қўзғатилиши кутилаётгани айтилди.

Миграция соҳасидаги айрим мустақил экспертлар келтираётган маълумотларга кўра, Россияда меҳнат қилаётган 10 миллионга яқин муҳожирдан 35 фоизи - Москва шаҳрига жойлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG