Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:09

Хорижлик дипломатлар ТАЛКОни зарарсиз, деб ҳисобламоқда


Ўзбекистон томони атроф-муҳитни ифлослантираяпти, дея норози бўлиб келаёган Тожикистондаги Алюминий заводи(ТАЛКО)ни бориб кўрган хорижлик дипломатлар заводнинг экологияга зарари йўқ, деган хулосага келди.

АҚШ, Британия, Франция мамлакатларининг Тожикистондаги элчилари, Европа Иттифоқи ва Ирландия элчиси сешанба куни Тожикистон алюминий заводига бориб, корхонанинг экологияга таъсири билан қизиқди.

Тожикистон Алюминий заводи матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, хорижлик дипломатлар Ўзбекистон томонининг “ТАЛКО минтақадаги экологик вазиятга салбий таъсир қиляпти” мазмундаги пайдар-пай эътирозлари ортидан заводга борган.

Хабарга кўра, хорижлик дипломатлар заводдаги вазият билан танишиб, корхона технологик жиҳатдан мукаммал чанг ва газ тозаловчи иншоотларга эгалигини эътироф этганлар.

“Атроф-муҳитдаги ҳавони заҳарламаслик учун 120 метр баландликдаги мўрилар ўрнатилганки, улардаги тозалаш филтрлари заҳарли чангни 98 фоиз миқдорда ушлаб қолади”, дейилади хорижий дипломатлар ёзган баённомада.

Тожикистон алюминий заводи матбуот хизматига кўра, корхонага сўнгги беш йилда 100 миллион АҚШ долларига олинган замонавий тозалаш технологиялари ўрнатилган.

ТАЛКО маъмурияти заводнинг экологияга таъсири борасида Ўзбекистон билан ўртада юзага чиққан келишмовчиликни бартараф этиш ва буни сиёсий масалага айлантирмаслик учун ўзбекистонлик мутахассисларни музокарага чақиришини айтади.

Ўзбекистон ва Тожикистон 1994 йилда “Тожикистон алюминий заводининг минтақага экологик таъсири ҳақида ҳамкорлик тўғрисида"ги келишувни имзолаган эди. Бироқ, тожик томонининг иддаосича, бу ҳамкорлик 2002 йилгача давом этди ва чегаралар бир томонлама тартибда Ўзбекистон томонидан ёпиб қўйилгандан сўнг бу келишув доирасидаги ҳамкорлик тўхтаган.

Бу келишувга кўра, ТАЛКО томони завод таъсиридан зарар кўрган ҳудудларга тиббий пунктлар қуриб бериш, сув чиқариш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олган эди.

Ўзбекистон томони эса алюминий заводи чегара ҳудудида жойлашган Сурхондарё вилояти экологиясига, одамлар ва ҳайвонот оламига жиддий зарар етказаётганини иддао қилади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Экологик ҳаракати раҳбарлигида Сурхондарё вилояти туманларида заводнинг зарарли оқибатларидан норозилик тариқасида бир неча намойиши бўлиб ўтган эди.

Июн ойининг бошида расмий Тошкент Тожикистонга қарашли “ТАЛКО” алюминий заводининг зарари натижасида Сурхондарё вилоятининг шимолий минтақаларида экологик вазият ёмонлашгани юзасидан БМТга мактуб йўллади.

2012 йилнинг май ойида Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тожикистон алюминий заводидан атроф-муҳит ва халқ саломатлигига етказилган зарарини қоплаш учун 450 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилган эди.

2011 йилнинг 11 июл куни БМТнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш дастури масъули Кристоф Бувье ТАЛКОнинг атроф-муҳитга етказаётган зарари катта муаммога айланганини қайд этган.
XS
SM
MD
LG