Линклар

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Ц-1 мавзесида 28 июнга ўтар кечаси иккита енгил машина ёниб кетди. Бу автомобиллар ўз-ўзидан ёнганми ёки уларга ўт қўйилганми, буни ҳозир экспертиза аниқламоқда.

Тошкент шаҳрининг Ц-1 мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг пастида турган “Каптива” ва “Матиз” русумли автомобиллар 28 июнга ўтар кечаси ёниб кетган.

Бу ҳақдаги хабарни “WhatsApp (+420724971539) тармоғи орқали Озодликка Тошкентдаги манбаларимиздан бири етказди.

Бу манбанинг айтишича, “Каптива” автомашинасига кимдир кечаси ўт қўйган, бироқ автомобил тўла ёниб бўлмасдан ўчирилган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманининг ёнғин хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган навбатчиси ҳам Озодлик билан суҳбатда шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

- Эрталабга яқин содир бўлган. Иккита машина Ц-1да ёнган. Ўчирувчилар ўз вақтида бориб ўтни ўчирган, деди ёнғин хавфсизлиги бўлими навбатчиси.

Тошкент шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, бу машиналарга биров ўт қўйганлиги ёки ўзи ёниб кетганлиги ҳақидаги хулоса экспертизадан сўнг аниқланади:

- Ҳозир текшириш кетяпти, ҳозирча қўлимизда аниқ маълумот йўқ. Экспертиза хулосасига қараб сизга аниқ жавоб айтишим мумкин. Машиналарнинг эгаси ким эканлиги ҳақидаги маълумотни ҳам ҳозирча сизга беролмайман, деди Тошкент шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг мулозими.

Озодлик бу воқеа тафсилотларини батафсил ўрганишга ҳаракат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG