Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:32

Ёзда қандай дам олаяпсиз?


Санкт-Петербургга саёҳатга борган ўзбек оиласи.
Санкт-Петербургга саёҳатга борган ўзбек оиласи.
Жазирама ёз кунларида ўзбекистонликлар қандай дам олмоқда? Чорвоқда дам олаётганлар кимлару, Туркияга учаётганлар кимлар? Умуман, ҳар ёз дам олиш саёҳатига бориш ўзбекларга ҳам одатми ёки энди-энди одат бўлаяптими? OzodlikOnline жонли мулоқотининг навбатдаги сонида шу мавзуда суҳбатлашдик.


Ёз чилласининг жазирама иссиқ кунлари бошланиши билан дунё ҳаво компанияларининг бозори янада қизиб кетди.

Дам олиш масканларига борсангиз, гўёки ҳамма иши-тирикчилигини ташлаб, дам олишга кетворгандек гавжум оломонни кўрасиз.

Қизиғи, ҳозир дунёнинг аксар машҳур аэропортлари, шаҳарлари ёки тирбанд оромгоҳларида оиласи ёки дўсти ёри билан юрган ўзбекларни тез-тез учратиш мумкин.



Сўнгги йилларда кузатилган маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар орасида ёз келиши билан Туркия, Дубай, Таиландга бориб, дам олиб келишни одат қилаётган алоҳида қатлам шаклланган.

У қадар кўп бўлмасада, ҳар ёз Европанинг Канари оролари каби оммабоп дам олиш масканларига боришини айтиб, мақтаниб юрадиганлар ҳам кўпаймоқда.



Бундан ташқари, ўзбекистонликлар орасида Греция пляжлари ва Чехиянинг "Карлови вари" каби санаторий шаҳарларига қатнаш ҳам яна урф тусига кириб бормоқда.

Лекин каттаина қатламни мамлакатнинг ичидаги сиҳатгоҳларни кезиб юрган оддий ишчи-хизматчи, пенсионер ва меҳнат муҳожири бўлиб хорижда юрганларнинг оила-аъзолари ташкил қилаётгани айтилади.

Ёз ойларининг мамлакатнинг ичидаги сиҳатгоҳларда ўтказишга мажбур қолаётган яна бир алоҳида қатлам эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Суд органлари ҳамда бошқа ҳукумат идораларининг хорижга чиқиши тақиқлаб қўйилган амалдорларидир.

Мустақил манбалар куч ишлатар тузилмаларнинг ишчилари ва амалдорлари учун асосий ёзги дам олиш маскани - Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги комплекслар бўлиб қолганини айтадилар.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Бўстонлиқ туманининг ўзида энг замонавий типда хизмат кўрсатувчи 19 та меҳмонхона, 9 та ихтисослаштирилган дам олиш маскани, 3 та пансионат, 22 та сиҳатгоҳ, 50 дан ортиқ соғломлаштириш ва дам олиш маскани бор.

Расмий манбаларда ўтган йили бу туманда дам олиб қайтганларга 20 миллиард сўмликдан зиёд сайёҳлик хизмати кўрсатилгани айтилади.

Шу кунларда гавжум бўлган бу масканлардан бир нечасига боғланган Озодлик мухбирига дам олиш учун камида 2 кун, яхшиси, бир ҳафта муқаддам буюртма бериш зарурлиги айтилди.

Дам олиш масканлари ходимлари меҳмонларининг асосий қисми ўзбекистонлик экани, ўзбекистонликларнинг ҳам асосий қисмини давлат мулозимлари ташкил қилишини тан олмоқдалар.

Бундан ташқари, ўзбек расмий матбуотининг бонг уришича, амалдор ва пулдорларнинг ён-верисида болаларига мўлжаллаб қурилган ёзги болалар лагерларида ҳам мавсум қизғин.

Қизиғи, катталару кичикларга мўлжалланган оромгоҳлар бошланган ёзги мавсум бу туманларни оралаб назорат қилиб юрувчи идораларда ҳам бошланган.

Яқиндагина Чорвоқ, Тошкент денгизига уюштирилган ниқоблилар рейди беозоргина "ёзги дам олиш" мавзуининг ортида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган жиддий муаммолар борлигига сўнгги яққол далиллардан бири бўлди.

Шу боис, жонли мулоқотимизнинг ёз чилласи аввалида бўладиган навбатдаги сонига ёзбоп ва кўнгилочар бўлган "ёзги дам олиш" мавзуини олар эканмиз, муштарийларга қатор саволлар билан мурожаат қилишга қарор қилдик:

Сизнингча, жазирама ёз кунларида ўзбекистонликлар қандай дам олмоқдалар?

Чорвоқда дам олаётганлар кимлару, Туркияга учаётганлар кимлар?

Бола-бақраси билан Петербургни айланиб қўя қолаётганлар кимлар?

"Ошно аёллар" билан Чорвоқнинг "Бочка"сида кайф сураётганлар кимлар?

Юзига ниқоб тортганларнинг бу масканлардаги рейдларига сабаб нималарда?

Ҳукумат мақтаётган оромгоҳга боласини жўнатиб, ўзи эса жамоат транспортида куйиб-пишиб ишга қатнаётганлар ҳам кўпми?

Дам олиш ҳақида ўйлашга ҳам фурсат тополмай, оиласи билан дала-даштда, тоғу тошда ишлаб юрганларчи?

Умуман олганда, ҳар ёз дам олиш саёҳатига бориш ўзбекларга ҳам одатми ёки энди-энди одат бўлаяптими?



OzodlikOnline жонли мулоқотининг душанба, 1 июл, Тошкент вақти билан соат 21:05 да бошланадиган сонида шу мавзуда суҳбатлашамиз, марҳамат, унда сиз ҳам қатнашинг!

Агар ҳозирга қадар OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзилларимизга қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат¸ дарҳол бу манзилларга сўров юборинг ва скайпдошларимиз сафига қўшилинг!
XS
SM
MD
LG